Ўзбекистон: Мирзиёев ислоҳотларини қайси соҳаларда ортга суришмоқда?

Prezident Shavkat Mirziyoyev Фото муаллифлик ҳуқуқи Prezident Matbuot xizmati

2018 йил якунига яқинлашмоқда, аммо "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш" йилида режаланган ишларнинг айримлари қоғозда қолган. Бу кетишда 2021 йили - Ҳаракатлар Стратегияси ниҳоясида нима бўлади?

Шу кунларда 2018 йилги давлат дастурида белгиланган қайси бандлар бажарилгани, қай бири чала бажарилгани ёки умуман бажарилмагани кенг муҳокама этилаётганини кузатиш мумкин.

Бажарилган ва аксар ўзбекистонликлар ҳамда хорижий кузатувчиларни мамнун этган ишлар сифатида чет мамлакат фуқароларининг Ўзбекистонга киришлари осонлаштирилгани, электрон виза тизими ишга туширилгани, зиёрат туризмини ривожлантириш ишларига киришилгани, вилоятлар ўртасидаги блок-постлар олиб ташлангани, тадбиркорлар фаолиятини бошлаш учун талаб қилинадиган вақт ва ҳужжатлар сони камайтирилгани ва тадбиркорларни текшириш камайтирилгани сингарилар санаб ўтилмоқда.

Аммо иқтисодий таҳлилчилар Ўзбекистонда "истеъмол савати" ўрганилаётгани ва бу борада тегишли ҳужжатлар тайёрланиши кўзда тутилгани ҳақида бир йил олдин эълон қилишган, 2018 йилнинг 1 июлигача меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тақдим қилиш "Фаол тадбиркорлик йили Дастурида" белгиланган эди.

Жамоатчилик октябрь ойининг ўртасигача ҳам бу борадаги силжишдан бехабар қолган.

Давлат дастурида сентябр ойи охиригача валюта бозорини янада либераллаштириш мақсадидаги қонун лойиҳасини тайёрлаш вазифаси қўйилган, бу иш қайси босқичга келиб қолгани ҳам номаълум.

"Фаол тадбиркорлик йили Дастури"да Ўзбекистондаги банк карталарини MasterCard, Visa ва PayPal тизимларига улаш йўлидаги чораларни кўриш кўзда тутилган, аммо бу йўлдаги бир тўсиқ олиб ташланмагани иккинчи тўсиқни юзага келтиргани аниқлашган.

Бу йил Ўзбекистонда "ҳалол" ва "кошер" стандартлари жорий этилиши ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган, лекин бу стандартлар тўла жорий этилдими ёки йўқлиги ҳақидаги савол ҳамон очиқ қолган.

2018 йили барча ташкилотларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида Интернетда ташкилотларнинг харажатлари ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб бориш кўзда тутилган эди.

Бироқ таҳлилчилар ушбу масала лойиҳа сифатида ҳам муҳокама этилмаганига эътибор қаратмоқдалар.

2018 йили белгиланган ишлардан қайси бажарилди, қайси бири бажарилмади, деган муҳокама Ўзбекистон Бош прокурорининг ҳар ойдаги фаол тадбиркорлар билан учрашувида бўлиб ўтиши кўзда тутилган, маҳаллий журналистлар "балки бу учрашувлар ҳар ойда бир ўтказилаётгандир, лекин биз бехабармиз", дейишади.

Шунингдек, кузатувчилар, 2018 йилги давлат дастурининг ижроси устидан мониторинг сифати ҳам кўнгилдагидек эмас, деган хулосага келганлар.

Бундан олдин мустақил иқтисодий таҳлилчи Юлий Юсупов Ўзбекистондаги йирик монополист ташкилотларни ислоҳ қилиш режаси эълон ҳам қилинмаганига эътибор қаратганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ