Ўзбекистонда интернетнинг "ўлиши" уни "жонлантириш" ишлари билан боғлиқми?

Интернет симлари Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Creative Stock

Газета.уз нашрининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров сўзларидан иқтибос келтиришича, сўнгги вақтда Ўзбекистонда Facebook, VKontakte ижтимоий тармоқлари ва YouTube видеохостингига кириш билан кузатилаётган муаммолар ташқи интернет ўтказувчанлиги ҳажмини оширишга мўлжалланган янги ускуналарни ўрнатиш ишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Жаноб Умаров деярли икки ойдан буён баъзи сайтларга киришда туғилган қийинчилик ва интернет сифатининг кескин тушиб кетиши юзасидан аҳолида пайдо бўлган саволларга муносабат билдирган илк давлат амалдори бўлди. Вазир ўринбосарига кўра, янги ускуналарни ўрнатиш ишлари ноябрь ойининг охирига қадар тугатилади. Шундан сўнг фуқаролар «интернет сифатининг ҳақиқатан яхшиланганини ҳис қилиши мумкин.»

Ўзбекистонда интернет тезлигини ошириш бўйича хабарлар илк бор жорий йилнинг апрел ойида пайдо бўлган эди. Ўшанда собиқ ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмадхўжаев мамлакатда интернет тезлигини 8-10 баробарга ошириш, интернет трафики тўловини пасайтириш йўлида кенг қамровли ишлар бошланганини маълум қилганди.

Май ойига келиб, мамлакатда интернет таъминоти бўйича монопол бўлган Ўзбектелеком компанияси интернет сифатини кескин яхшилашни кўзда тутувчи «Трансформация-2020» лойиҳасини эълон қилди. 2018 йилга мўлжалланган йўл харитаси бўйича лойиҳада халқаро интернет-трафикини локализация қилиш, тезкор интернетга уланган ҳудудлар кўламини кенгайтириш, мижозларга хизмат кўрсатиш тизимида ислоҳотлар ўтказиш борасида сўз боради. Компания сайтида орқага айланаётган ҳисобдан тилга олинган ишларни 2018 йилнинг 20 декабрига қадар якунлаш режалаштирилгани англашилади.

Президент Мирзиёев интернет тезлигидан норози

Август ойида ЎзА нашри Ўзбекистонда интернет тезлигининг 10 баробар оширилишини яна бир эслатиб ўтди. Бироқ орадан ҳеч қандай вақт ўтмай, ўзбекистонлик фойдаланувчилар Facebook тармоғига киришда қийинчиликларга юзлаша бошлади.

Айнан Facebook'да фаол бўлган қатор диний блогерларнинг вақтинча ҳибсга олиниши билан бир вақтда юзага келган бу тўсиқ мамлакатдаги интернет ва сўз эркинлиги келажагига доир турли хавотирларни юзага келтирди.

Бунинг ортидан ўзбекистонликлар орасида анчайин танилган Facebook ва бошқа баъзи тармоқларга кириб бўлмай қолгани тўғрисида ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида турли гап-сўз ҳамда фаразлар пайдо бўла бошлади. Булар орасида Facebook'нинг айнан фаол блогерлар овозини ёпиш мақсадида блокка солинганидан тортиб хориждан олиб келинган интернетни назорат қилишга мўлжалланган янги ускуна ва технологияларнинг синовдан ўтказилаётганига қадар фараз ҳамда тахминларни топиш мумкин эди.

Баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса айнан ҳукуматнинг сайтлар билан боғлиқ пайдо бўлган муаммо борасида ўз вақтида изоҳ бермаслиги туфайли шундай миш-миш ва гап-сўзлар авж олаётганини таъкидлаган.

Сентябр ойининг ўртасида президент матбуот хизмати Президент Шавкат Мирзиёевнинг ахборот технологиялари ва коммуникация соҳасида амалга оширилаётган ишлар таҳлили бўйича йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар тарқатди.

Хабарда Президент Мирзиёев йил бошида соҳани ривожлантириш йўлида белгилаб берилган ишлар тўлиқ бажарилмаганидан қониқмагани, шу туфайли ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирилиги раҳбариятини ўзгартиришга қарор қилгани айтилади.

Йиғилиш давомида президент аҳолига кўрсатилаётган телефония ва интернет хизматининг ўта паст сифатда эканлигини танқид остига олган.

Бу хабардан сўнг мамлакатда интернет билан боғлиқ вазиятнинг яхшиланишига умид ортган эди, аммо октябр ойига келиб, Ўзбекистонда YouTube видеохостингига кириш маълум вақт имконсиз бўлиб қолди ва айрим интернет провайдерлар ҳамда мобил операторлар мижозларининг интернет тезлигининг сезиларли даражада пасайиб кетганидан шикояти орта бошлади.

Аввал 10 баробар секинлаштириб?

Айни вақтда Facebook билан кузатилаётган муаммоларнинг ҳам тўлиқ бартараф бўлмагани хабар қилинади. Бу воқеалардан сўнг интернет сайтларига қўйилган тўсиқларни четлаб ўтишга имкон берувчи VPN иловаларнинг Ўзбекистондаги машҳурлиги ортиб кетган.

Фарғонада истиқомат қилувчи Facebook фойдаланувчиси шу кунларда Telegram мессенжери ҳам, Facebook ҳам VPNсиз ишламай қолгани ҳақида ёзади.

Бир вақтнинг ўзида баъзи тармоқ фойдаланувчилари кириш билан муаммо кузатилаётган сайтларнинг ёппасига эмас, балки шахмат усулида блокка тушиб қолаётганига эътибор қаратганини билдирган. Уларнинг тахминига кўра, бирор сайт ёки ижтимоий тармоқ тўлиқ блокланган, деган фикр шаклланиб қолмаслиги учун ҳар бир интернет провайдери ва мобил оператор уларни навбатма-навбат блокламоқда.

Шунингдек, бошқа фойдаланувчилар президентнинг интернет тезлигини 10 баробарга ошириш кўрсатмасини масъул амалдорлар уни аввалига 10 баробарга секинлаштириб, сўнг яна эски ҳолига қайтариб қўйиш орқали бажаришни режалаштираётгани борасида ҳам ҳазиломуз-кинояли изоҳлар қолдирган.

Ноябргача кўпи ўтиб ози қолди

Ўзбекистонда интернет сифати кескин ёмонлашгани фонида Россиянинг Ўзбекистонга миллий космик алоқа тизимини яратиш учун ёрдам қўлини чўзишни таклиф қилгани хабар қилинмоқда. Газета.уз нашрининг ёзишича, 18 октябр куни Тошкентда старт олган Ўзбекистон ва Россия минтақалараро ҳамкорлик форумида сўз олган "Роскосмос" давлат корпорациясининг Қозоғистондаги вакили Анатолий Красников Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида уч томонлама келишувга асосланган сунъий йўлдошни учириш имконияти мавжудлигини маълум қилган.

Жаноб Красников агар Ўзбекистон мазкур сунъий йўлдош лойиҳасига қўшилса, мамлакатда юқори тезликдаги интернет, телефония ва телерадиоузатув сифати ортишини таъкидлаб ўтган. "Роскосмос" вакилига кўра, KazSat-2R номли сунъий йўлдошнинг учирилиши 2023 йилга режалаштирилган. Ҳозирча Ўзбекистон томони бу таклифга қандай муносабат билдиргани маълум эмас.

Айни пайтда Ўзбекистонда интернет сифатининг сезиларли ёмонлашиши жаноб Умаров тилга олгандек, ҳақиқатан янги ускуналарнинг ўрнатилиши билан боғлиқлиги ҳам номаълумлигича қолмоқда. Интернет тезлиги ноябрь ойи сўнггига келиб, кескин яхшиланадими ёки йўқ, деган саволнинг жавоби эса албатта бир ойдан сўнг ойдинлашади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ