Алишер Усмонов Mail.Ru бошқарувидан воз кечди

Усманов Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Россиялик асли ўзбекистонлик миллиардер, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов Mail.Ru Group'даги ўз улушини компания бош директори Борис Добродеев бошқарувига ўтказиб берди. Бу унинг компания устидан назоратни қўлдан бой берганини англатади.

Шу вақтга қадар Алишер Усмоновга қарашли USM ширкати МФ Технологии акционерлик жамияти ва Мегафон компанияси орқали Mail.Ru Group'ни ёлғиз бошқариб келаётган эди. 22 октябрдан бошлаб Добродеев Mail.Ru Group директорлар кенгашига қўшилди ва USM ҳамда Мегафонга тегишли МФ Технологии акцияларида кўрсатилган овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди.

Добродеев билан бирга Mail.Ru Group директорлар кенгашига унинг биринчи ўринбосари Дмитрий Сергеев, Газпромбанкдан бошқарув раиси ўринбосари Олег Ваксман ва Сергей Медновлар кирган. Улар Сергей Солдатников, Иван Стрешинский, Анна Серебряникова ва Влад Волфсон ўрнига келган.

Mail.Ru Group директорлар кенгаши раиси Дмитрий Гришин ўз жойида қолган.

Усмоновнинг сўзларига кўра, у бошқарувни бошқалар ихтиёрига ўтказишга бир неча йилдан бери тайёргарлик кўриб келган ва энди «кўнгли хотиржам» кетмоқда. Би-би-си билан суҳбатлашган Mail.Ru Гроуп вакиллари миллиардернинг бу қарори унинг компанияни тарк этаётганини англатишини маълум қилган. Усмоновга тегишли компаниялар ортиқ Mail.Ru Group'ни назорат қилмайди.

Маълумотларга кўра, Mail.Ru Group - Россияда кунлик аудиторияга эга энг йирик холдинг.

Компания айни номдаги почта хизмати, етакчи русийзабон ижтимоий тармоқлар бўлмиш ВКонтакте ва Одноклассники, ISQ, Агент Mail.Ru ва ТамТам мессенжерлари ҳамда Warface, Skyforce ва Perfect World онлайн ўйинларига эгалик қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek