Ўзбекистон-Тожикистон: “Бирламчи эътибор энг кўп қурбон берилган ерга қаратилган”

Икки қўшни давлат чегарасида аниқ қанча мина ўрнатилгани ҳануз маълум эмас.

Аммо ана шу миналарда "энг кўп одам қурбон бўлган" Самарқанд-Панжикент йўналишида дастлабки тозалаш ишлари жадаллик билан кетмоқда.

"Ўзбекистон томони ўрнатилган миналар харитасини тақдим этган. Худди шу боис ҳам, уларни зарарсизлантириш жараёни Ўзбекистоннинг бир қанча вилоятлари билан чегарадош Сўғдда давлат чегарасининг барча йўналишлари бўйлаб олиб борилмоқда".

"Бу ҳудуддаги миналар шу йил қишга қолмай зарарсизлантириб бўлинади".

Душанбедаги мустақил журналист бу ҳақда Тожикистон Миллий мина маркази маълумотларига таяниб, Би-би-си Ўзбек Хизматига маълум қилди.

Аён бўлишича, бу ишга ўзбекистонлик сапёрлар ҳам жалб қилинган, улар миналарнинг қаерда кўмилганини аниқлашда ёрдам беришмоқда.

Ўзаро чегарада ўрнатилган миналар яқин-яқингача Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги энг йирик ва энг долзарб муаммолардан бири бўлиб келган

Аммо Ўзбекистонда президент Ислом Каримовнинг кутилмаган вафоти ортидан, 2016 йилда Шавкат Мирзиёев қудратга келаркан, ўзининг ижобий ечимини топган.

Бу масала дастлаб жорий йил бошида Ўзбекистоннинг янги Бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон ўртасида кўрилган.

Узоқ йиллик муаммо орадан икки ой ўтар-ўтмас, Ўзбекистон президентининг Тожикистонга амалга оширган илк ва бир давлат ташрифининг ўзидаёқ ҳал бўлган.

Тарихча ўрнида

Икки қўшни давлат ўртасидаги миналар Ўзбекистон томонидан 90-йиллар бошларида ўрнатилган.

Бунинг сабаби Ўзбекистон ҳудудига террорчилар суқулиб киришининг олдини олиш ва ноқонуний наркотик моддалар йўлини тўсиш истаги билан изоҳланган.

Ўзбекистон Тожикистондан ташқари, минтақадаги яна бир қўшниси - Қирғизистон билан ҳам ўзаро чегарасининг маълум ҳудудларини миналаштирган.

Лекин, маҳаллий кузатувчиларнинг наздларида, шу пайтгача бирор бир қуролли жангари ва ёки контрабандачи икки давлат ўртасидаги чегара минтақаларида ўрнатилган бу миналарга тўқнаш келишмаган.

Ўзбекистон-Тожикистон: Ҳечдан кӯра, кеч яхшими?

Ўзбекистон ва Тожикистон ва ниҳоят энг муҳим битим ижросига киришишдими?

Ўзбекистон-Тожикистон чегараси 2019 йили миналардан тозаланади

Миналар

Тожик томони маълумотларига кўра, Ўзбекистон-Тожикистон ва Тожикистон-Афғонистон ўртасидаги давлат чегараларининг миналанган қисмида шу пайтгача жаъми 400 га яқин одам қурбон бўлган. Яна юзлаби яраланган.

Журналист Искандар Фирузнинг айтишича, улардан аксарияти айнан Ўзбекистон-Тожикистон ўртасидаги миналаштирилган ҳудудларга тўғри келади.

Мавжуд муаммо яқин-яқингача сув, транспорт, энергия масалалари ва таҳлилчилар баҳосида раҳбарларининг "шахсий муносабатлари"га асосланган ташқи сиёсати сабаб, ниҳоятда дарз етган алоқаларида энг ҳассос нуқталардан бирига айланган.

Тожикистон томонига кўра, Ўзбекистон билан икки ўртадаги туташ ҳудудларнинг якуний мақоми ҳал этилмай туриб, ўзаро чегарадаги минтақаларни миналаштириш тўғри иш бўлмаган.

Ўзбекистон тарафи эса, миналаштириш ишлари фақат ўз ҳудудида амалга оширилганини таъкидлаб келган.

Суҳбатдошимизга кўра, "Тожикистон томони шу пайтгача ўзаро давлат чегарасининг аниқ қайси ҳудудлари миналаштирилгани ва у ерларга қанча мина ўрнатилганини билмаган. Уларга харита берилмаган".

"Бу маълумотларга энди, миналарни зарарсизлантириш жараёни буткул ниҳоясига етгач, ойдинлик киритиш мумкин бўлади", - дейди у.

Келишув

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари бу ишни келаси йил охирига қадар тўлиқ якунлашга келишиб олишган.

Битим ижросига эса, бундан бир неча ҳафта бурун киришилгани маълум бўлган.

Икки қўшни давлат ўртасидаги миналарни зарарсизлантириш жараёни Ўзбекистоннинг Самарқанд ва Тожикистоннинг Панжикент йўналишларида бошланган.

Журналистга кўра, бунга ўзаро давлат чегарасининг айни шу қисмида миналар туфайли энг катта сондаги инсонларнинг қурбон бўлгани сабаб бўлган.

Унинг ўзига имконли бўлган маълумотларга таяниб айтишича, сўнгги йилларда бу каби инсонларнинг "сони элликдан ортган".

Бундан ташқари, мазкур ҳудуднинг тоғли экани ва ишлаш учун катта сондаги одамларни жалб этиш эҳтиёжи бўлгани сабаб, миналаштириш жараёнини бошлашда эътибор айни шу йўналишга берилган.

Ҳозирча бу жараёнга ҳар икки томондан аниқ қанча "куч" ташлангани тафсилотлари маълум эмас.

Журналист суҳбатдошимизнинг айтишича, "бу - ҳарбий сир саналади".

Миналардан тозалаш жараёни, мутахассисларнинг якдил эътирофида, энг мушкул ва серхарж ишлардан бири саналади.

Ўзбекистон-Тожикистон мисолида бу жараённинг аниқ қанчага тушиши ва кимлар томонидан молияланишига оид расмий маълумотлар кенг матбуотга ҳозирча имконли эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek