Ислом ва мусулмонлар: Эрдўғон "энг қудратли", Ҳабиб ҳам бор, Мирзиёев-чи?

Бу йил дунёнинг "энг қудратли мусулмони", деб Туркия Президенти Режеп Таййиб Эрдўғон топилган.

"500 қудратли мусулмон"дан иборат рўйхатга ҳозирча Ўзбекистоннинг амалдаги раҳбари Шавкат Мирзиёев тушмаган.

Ўзбекистонни бу йил ҳам муфтийси Усмонхон Алимов намоён этган.

Марҳум Ислом Каримов бугунгача "дунёнинг энг қудратли мусулмонлари"дан бири сифатида эътироф этилган биринчи ва ягона Ўзбекистон президенти бўлиб турибди.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти экан, Каримов 2013 йилда бу рўйхатга киритилган.

Сурат манбаси, GettyImages/BRENDAN SMIALOWSKI

Аммо унинг исм-шарифи остида берилган изоҳда,

"...Ўзбекистоннинг қарийб 30 миллион аҳолиси бўлса, шундан 95 фоиздан ортиқроғи мусулмон. Кўплар, одатда, ҳар қандай эътиқодли мусулмоннинг, хоҳ у ваҳҳобий бўлсин ё хоҳ сўфий, "исломий экстремизм" тамғаси билан қатағон ёки таъқибларга учрашини сезишган", - деб ёзилганди.

Ислом ва мусулмонлар Ўзбекистоннинг халқаро имижини яхшилаш истагида мамлакатнинг янги президенти Шавкат Мирзиёев бирламчи эътибор қаратган мавзулардан бири бўлган.

Мирзиёев Ўзбекистонда Исломий цивилизация марказининг тамал тошини қўйган, каттаю кичик минбарлардан қилган чиқишларида ҳам бу мавзуга бир эмас, қайта-қайта эътибор қаратган.

"Ислом динини ўрганишга шароит яратмаган"ларини ошкора эътироф этиб, пойтахт Тошкентда Исломий академия очишга ҳам қарор қилган.

Янги президентининг бошқаруви билан кечган икки йилча вақтнинг ўзида Ўзбекистонда "қора рўйхат"да турган йигирма мингга яқин мусулмондан аксарияти ундан чиқарилган.

Минтақада яхши қўшничилик сиёсатига урғу берган, қисқа вақтнинг ўзида аксарият аҳолиси мусулмон девор-дармиён қўшниларининг аксарияти билан чегараларини очган, узоқ йиллардан бери амалда бўлиб келган виза тартибини бекор қилган.

Аммо яқинда мактаб ҳудудида рўмол билан юришни тақиқ остига олувчи янги ҳужжат манзарасида бу аксарият ўзбеклар учун Мирзиёев ислоҳотларининг ҳаққонийлигини синайдиган тимсол сифатида гавдаланган.

Марҳум Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳижобнинг маън этилиши Ўзбекистонда диний эркинликка қўйилган амалдаги асосий тақиқларнинг бири сифатида кўрилган.

Рўйхат...

Сурат манбаси, Anadolu Agency

Аксарият аҳолиси мусулмон бўлган Марказий Осиё минтақасидан қўшни Туркманистон ва Тожикистон президентлари бу гал ҳам "қудратли мусулмон"лар сафидан жой олишган.

Чеченистон Президенти Рамзан Қодировнинг ҳам рўйхатдаги ўрни бўш қолмаган.

Аммо кўпчилик аҳолиси мусулмон бирор бир собиқ Шўро давлати раҳбари янги рўйхатда юқори элликка кира олмаган.

Юқори учликни Саудия Арабистони ва Иордания подшоҳлари тўлдиришган.

Сингапурнинг илк аёл президенти Ҳалима Ёқуб бу йилги рўйхатда юқори элликталикдан жой олган ягона муслима давлат арбоби бўлган.

17 ёшли фаластинлик фаол қиз Аҳад ат-Темимий ҳам дунёнинг энг қудратли элликта мусулмонидан биттаси сифатида эътироф этилган.

У исроиллик ҳарбийга тарсаки тушириши ортидан қамоққа ташланган, орадан саккиз ой ўтиб, шу йил июль ойида озодликка чиқарилганди.

Рўйхат Амманда жойлашган Султонлик Исломий Стратегик Тадқиқотлар марказиники бўлади.

Рўйхат 2009 йилдан буён Американинг George Town университети қошидаги Шаҳзода ал-Валид бин Талал маркази билан ҳамкорликда мунтазам равишда чоп этиб келинади.

Рўйхатда мусулмон лидерлари, давлат арбоблари, уламолари ва ҳатто спортчиларининг ҳам сиёсатдан тортиб дин, матбуотдан тортиб, санъат, илм-фан, спорт ва умуман тараққиётга қўшган ҳиссалари инобатга олинади.

Дейлик, бу йил сизга номлари яхши таниш футболчилар Месут Ўзил ва Муҳаммад Салоҳлар ҳам дунёнинг қудратли мусулмонлари сифатида эътироф этилишган.

Миср терма жамоаси ва Англиянинг "Ливерпуль" клуби юлдузи янги рўйхатда, ҳатто, юқори элликталикка киришга муваффақ бўлган.

Аралаш жанг санъати бўйича жаҳон чемпиони, сўнгги жанггию, унинг ортидан келиб чиққан муштлашуви билан яхшигина шов-шувга сабаб бўлган россиялик курашчи Ҳабиб Нурмагомедов ҳам бу йил илк бор мазкур рўйхатдагилар сафидан жой олган.

Режеп Таййип Эрдўғон

Сурат манбаси, GettyImages/Stringer

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг эса, бу рўйхатда биринчи бор пешқадамлик қилиши бўлади.

Орада кечган вақт давомида Туркия раҳбари фақат юқори ўнликка киришга муваффақ бўлиб келган, холос.

Рўйхат муаллифларига кўра, "Эрдўғоннинг президентлиги даврида Туркияда конституцион ислоҳотлар амалга оширилган".

"Туркия глобал қудрат ўлароқ майдонга чиққан".

"Муваффақиятли яхши қўшничилик сиёсатини юритган".

Бу - Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг бу рўйхатда илк бор пешқадамлик қилиши бўлади.

Орада кечган вақт давомида Туркия раҳбари фақат юқори ўнликка киришга муваффақ бўлган, холос.

Президент Эрдўғон аксарият аҳолиси мусулмон бўлган давлатлар тўқнаш келиб турган ва глобал муаммога айланган инқироз, инсоний фожиаларга нисбатан ўзининг ошкора муносабати ва амалий ёрдами билан танилган.

Туркиянинг биринчи хоними яқинда "Инсонпарварлик соҳасида кўрсатган хизматлари учун" халқаро мукофотига лойиқ, деб топилган.

Аммо Туркия раҳбарининг ўз танқидчилари ва мухолифларига нисбатан, айниқса, сўнгги йилларда кучайиб бораётган "тоқатсиз сиёсати" халқаро миқёсда жиддий танқидларга сабаб бўлиб келаётгани ҳам бор гап.

Халқаро таҳлилчилар орасида президент Эрдўғоннинг бошқарувига берилаётган баҳо тобора "авторитар" тусини олиб бораётгани ҳам кузатилади.

"Дунёнинг энг қудратли 500 мусулмони" рўйхати муаллифлари билдиришича, бу каби тадқиқотлар Ислом оламининг дунёга ижобий таъсирига хизмат қилади.

Одамларнинг Ислом динини яқиндан англашларига кўмаклашади.

Исломнинг мақсади тинчлик ва тарaққиёт эканини таъкидлайди.

Аммо бу рўйхатдагиларнинг "қудратли мусулмонлар" сифатида эътироф этилиши ҳар доим ҳам кенг мусулмон оламида бир хилда қарши олинмайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek