Ўзбекистон: "Оч, битлаган, ҳомиладор" - Қўқон қизлар коллежидаги даҳшатли аҳвол

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media
Image caption Қўқон махсус енгил саноат коллежи директори Раъно Йўлдошева ҳибсга олинган

Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги қизлар учун махсус енгил саноат коллежида бир неча ходимлар, хусусан коллеж директори, ўз лавозимини суиистеъмол қилиш ва жинсий зўравонлик каби айблар билан ҳибсга олинганлар.

Би-би-сига Ўзбекистон Бош прокуратураси бу хабарни тасдиқлади.

Бош прокуратуранинг билдиришича, "Қўқондаги ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмокда. Вояга етмаганларнинг шаъни, ҳуқуқ ва манфаатлари нуқтаи назаридан иш юзасидан бирон бир маълумот бериш мақсадга мувофиқ эмас."

Би-би-сига баъзи маълумотларни Қўқондаги айни терговга алоқадор манба ҳам тасдиқлади.

Газета.уз ёзишича, коллеж директори 58 ёшли Раъно Йўлдошева ва омборчи 63 ёшли Одил Шерматов "мулкни ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш" ва "мансаб сохтакорлиги" айблари билан қўлга олинганлар.

46 ёшли қоровул Ғаппоржон Султонов "жинсий зўрлаш" ва "жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш"да айбланмоқда.

Коллеж ўқув бўлими раҳбари 26 ёшли Отабек Рўзиматов ҳам "жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш"да айбланади.

"Оч ва битлаб кетган"

Коллежда Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан келган 200 қиз тарбияланади. Жазони ўташ муассасаларидек қўриқланадиган бу коллеж ўқувчилари орасида жиноят содир этган, ота-онаси турли сабабларга кўра, хусусан хорижда ишлагани туфайли ташлаб кетган, ўз оила аъзоси томонидан жинсий зўрланган, оиладаги қийинчиликлар туфайли мактабга бормай турли ишларга, хусусан фоҳишаликка қўл урган ёки фоҳишалик ва ўғриликка мажбурланган қизлар сақланади.

Коллежга қизлар суд қарори билан жойлаштирилади, ҳамда, қонунга кўра, уларга эркак ходимларнинг яқинлашуви кескин чекланган.

Аммо, терговга алоқадор манбанинг Би-би-сига билдиришича, мазкур муассасада қизлар ўта аянчли ҳолда яшаганлар.

Тергов жараёнида барча қизларнинг битлаб кетгани, кўрпа-тўшакларда бурганинг кўплигидан қизлар тўхтамай қашинаётгани, кўплари очликдан қийналаётгани маълум бўлган.

Турон24 ўз манбасига таяниб хабар қилишича, "ҳозир гинекологлар ўқувчи қизларни текширувдан ўтказишмоқда. Уларнинг 80 фоизи зўрлаш қурбони бўлган бўлиши мумкин".

Би-би-си манбаси фақат бир тарбияланувчи қизнинг 17 ёшида ҳомиладор бўлгани ва 18 ёшида туғганини тасдиқлади.

Би-би-си терговнинг бошқа тафсилотларидан ҳам хабардор, аммо тарбияланувчи қизларнинг шаъни ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, уларни ошкор этмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA
Image caption Май ойида Марғилондаги меҳрибонлик уйининг директор ўринбосари Собиржон Усмонов 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган

Марғилон мисоли

Қўқондаги тергов жорий йилнинг баҳорида Марғилон шаҳрининг 1-сон Меҳрибонлик уйида юз берган жиноятларни ўхшашдир.

Марғилондаги меҳрибонлик уйида ҳам мутассадди ходимлар ва раҳбарият ўғил ва қиз болаларнинг ҳаққини ўғрилаш, ҳамда "вояга етмаган шахснинг ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш", "вояга етмаган шахсларни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб этиш", "ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш", "ожизлиги айбдорга аён бўлган вояга етмаган шахсларни муттасил равишда дўппослаш ва бошқача ҳаракатлар билан қийнаш" ва "ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш" каби айловлар билан судга тортилгандилар.

Меҳрибонлик уйининг директор ўринбосари Собиржон Усмоновга 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.

Мазкур икки ҳолат Ўзбекистондаги қаровсиз ва етим болалар, ҳамда меҳрибонлик ва жазо ўташ муассасаларида тарбияланаётган болаларнинг аянчли шароитларда ушлаб турилиши ва таҳқирланиш ҳолларини ошкор қилди.

Ўзбекистон: Меҳрибонлик уйида етим болалар зўрлангани ўрганилмоқда

Самарқандлик она: 'Россияда хўрланганимга ўғлим ўзини осди'

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek