Ўзбекистон ва сиёсат: Ўзбекистонга қайтиш қанчалар хавфсиз ёки Мирзиёев ўзбекларни ишонтира олдими?

"Ҳукуматнинг нуқтаи назари қанчалик ижобий бўлмасин, ҳалича хориждаги ўзбекларнинг ишончи тўлиқ комил эмас...".

Америка Қўшма Штатларидан социолог суҳбатдошимиз Ўзбекистон Президентининг янги қарорига ана шундай муносабат билдирди.

Шавкат Мирзиёевнинг қарори "хорижда яшаётган ватандошлар билан ҳамкорлик қилишнинг узоқ муддатли ва мустаҳкам тизимини яратиш"ни кўзда тутади.

Унда бу хусусда "Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" сўз боради.

Айни шу мақсадда давлат сиёсати Концепцияси ва биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланаётгани билдирилади.

Янги қарор матнининг ўзидаёқ бу масалага эътиборнинг етарли бўлмагани бандма-банд ошкора ва расман эътироф этилади.

У билан танишиб чиққан социолог суҳбатдошимизнинг айтишича, "Ўзбекистондаги собиқ тузум сиёсати билан қиёсланганда, албатта, бу яхши қадам, аммо ҳалича етарлича эмас".

Бу масалада "энг аввало ҳуқуқий муаммолар тўлиғича ҳал этилиши керак", - дейди Баҳодир Файз.

Ўзбекистонга сафар қилиш учун "фуқаролик, виза ва паспорт билан боғлиқ бюрократик муаммолар ўзининг ечимини топиши керак".

Хориждаги ўзбек ватандоши Ўзбекистонга қайтиб бораркан, "хавфсизлигига ишончи тўлиқ комил бўлиши лозим".

"Уларга нисбатан ўтмишдан сақланиб қолаётган ёмон кўз қараш юқоридан тортиб, қуйигача йўқ қилиниши, бу масала ҳукумат даражасида ҳал этилиши керак", - дея ўз сўзларида давом этади социолог.

"Маошлар ўртасидаги хориждаги аксарият ўзбекистонликлар учун иккиламчи сабаб эса-да, Ўзбекистонда уларга ишлаш, иш қилиш имконияти кенг яратиб берилиши лозим".

"Бу масалада ҳар қандай бюрократия ва таъмагирлик ҳоллари қаттиқ назорат қилиниши керак", - дейди у.

"Масалан, қонунда айтилгани билан, қарорлар қабул қилингани билан, бу каби салбий ҳолатлар давом этаверса, бир-икки марта Ўзбекистонга қайтиб борган хориждаги ватандошлар ортиқ бунга журъат эта олмасликлари мумкин".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўтган йил сентябрида Туркиядан қайтган таниқли адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Тошкент аэропортида ҳибсга олинган ва экстремизмда айбланган.

Орадан 5 кун ўтиб, ёзувчи Тоштурмадан озодликка чиқарилган, аммо унга нисбатан жиноят иши ҳалигача расман тўхтатилмаган.

Тошкентдан ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромов ҳам аввалроқ Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида қидирувга берилган ва Туркиядан Ўзбекистонга қайтишни истаётган юзлаб оила борлигини айтган.

Бироқ куч тизимлари ваъдасига қарамасдан, уларнинг кўпчилиги қайтишга қўрқишларини айтишади.

Биргина шу йилнинг ўзида Туркиядан қайтган бир қанча Ўзбекистон фуқаролари мамлакат аэропортларининг ўзидаёқ ҳибсга олинишган.

Устларидан суд жараёнлари бошланган ва айримлари қамалган.

Жорий йил август ойида Ўзбекистон Чегара хизмати асли ўзбекистонлик АҚШ фуқароси Бобур Ҳасанни ватанига киритмаган.

Тадбиркор Ўзбекистонга 50 миллион долларга яқин сармоя киритиш бўйича ўзбек расмийлари билан музокара олиб бораётган бўлган.

Бобур Ҳасан расмийлар унинг лойиҳаларига катта қизиқиш билдиришгани, бироқ 7-8 ойдан бери ўзига Ўзбекистон визасини беришмаганини айтганди.

Мирзиёев Вашингтонда - 'Ўзбекистон ўзгармоқчи, очилмоқчи ва АҚШ бунга кўмак бермоқчи'

Вашингтон, Оқ Уй: Шавкат Мирзиёев Дональд Трампни ўз сўзларига ишонтира олдими?

Илк расмий ташриф арафасида: Америкадаги ўзбекистонликлар Мирзиёевдан нима исташади?

Ташаббус ва даъват...

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Янги президенти қудратга келиши ортидан кечган икки йилча вақт оралиғида Ўзбекистон тадбиркорликни ривожлантириш ва чет эл сармояларини мамлакатга жалб этишга қаратилган бир қанча ташаббусларни илгари сурган.

Ваъда қилганидан бироз кечикиб бўлса-да, эркин конвертацияни очгандек, яна бошқа қатор иқтисодий ислоҳотларга қўл ураётгандек кўринган.

Худди шу манзарада янги ҳукумат хориждаги Ўзбекистон фуқароларини Ватанга қайтишга чақирган.

Бу ташаббусни Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи бошлаб берган.

Ўтган йил сентябрь ойида АҚШга қилган расмий ташрифи чоғида Нью-Йоркдаги ўзбекистонликлар ва Ўзбек диаспораси вакиллари билан шахсан учрашган.

Мирзиёев уларга Ватанларига қайтишни таклиф қилган ва Ўзбекистоннинг равнақига ҳисса қўшишга чақирган.

"Мен уларни қўллаб-қувватлаш ва бундай ҳамкорликни ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман", - деб айтган.

Умид эса, хориждаги ўзбекистонлик мутахассислар мамлакатда инвестиция бозорини ривожлантиришга кўмак беришлари мумкинлигидир.

Аммо янги президенти бошчилиги остида ўзбек ҳукумати турли ташаббус, қонун, қарор ва фармонлар билан Ўзбекистон имижини яхшилаш ҳаракатида эса-да, афтидан, ўзи бошлаган ислоҳотларга ҳалича хориждаги барчани ҳам ишонтира олмаган кўринади.

Россиядаги мавсумий ёки доимий меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари қўшиб ҳисобланганда, бугун муҳожират ва ёки хориждаги ўзбек ватандошларининг сони миллионларга нисбат берилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи official

Айрим ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлари дохил Америкадаги ўзбекларнинг тахминий сони ҳозир деярли уч юз минг кишига етай, деб қолган.

Улардан аксариятини эса, Грин-карта ёрдамида Америка Қўшма Штатларида яшаш ҳуқуқини қўлга киритганлари ташкил этишади.

Америкада яшаб, меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар орасида етакчи олимлар, ишбилармонлар, турли халқаро ва жамоат ташкилотлар вакиллари мақомида бўлганлари, нуфузли университетларида таҳсил олаётганлари озмунча эмаслиги айтилади.

Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" тадқиқот марказининг ўтган йилги сўрови Америкага кетиш истагида бўлган ўзбекистонликлар сони ортиб бораётганига далолат қилган.

Европа давлатларидаги ўзбек ватандошларининг сони нисбатан кам эса-да, ҳозир Жанубий Корея ва Туркияда яшаб, меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг сони ҳам бир неча юз минг экани тахмин этилади.

Ўзбекистонда куни-кеча эълон қилинган статистик маълумотлар эса, энг кўп фуқароларнинг ҳозир доимий яшаш учун қўшни Қозоғистон ва Россияга кўчиб кетишаётганини ҳам кўрсатган. Бу икки давлатдан кейинги ўринни Америка Қўшма Штатлари эгаллаган.

Расмий рақамлардан шу йилнинг ўтган тўққиз ойида 14 мингдан ортиқ ўзбекистонликнинг айни шу мақсадда йўлга чиққани маълум бўлган.

Яқин-яқингача Ўзбекистондаги оғир ижтимоий-иқтисодий шароит, сиёсий, диний эркинликлар билан боғлиқ абгор вазият катта сондаги мамлакат фуқароларининг муҳожират ва хорижга юз тутишларига сабаб бўлаётган асосий омиллар сифатида кўриб келинган.

Ўзбекистоннинг аҳолиси Марказий Осиё минтақасидаги энг йириги бўлади.

Куни-кеча эълон қилинган расмий рақамлар мамлакати аҳолиси доимий сонининг ҳозирга келиб 33 миллиондан ортганини кўрсатган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek