Тошкент: Мирзиёев қарорини ўзгартириб, энг ёш вазир ўринбосари ишдан кетдими?

Сурат манбаси, facebook
Бу ҳақда Ўзбекистондаги аксарият йирик интернет нашрлари ўз манбаларига таяниб, хабар беришмоқда.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги қарорни ҳали 25 октябрь куни имзолаган.
Аммо Би-би-си Ўзбек Хизмати ҳозирча бу хабарни расман тасдиқлашга имконли бўлганича йўқ.
Энг ёш вазир ўринбосарининг "Facebook"даги шахсий аккаунти шу йил 3 сентябрь кунидан буён янгиланмагани кўрилади.
Саҳифага жойланган таржимаи ҳолида Алишер Саъдуллаевнинг ҳануз Ўзбекистон Халқ Таълими вазирининг биринчи ўринбосари экани битилган.
Шу соатлардан олинаётган хабарларга кўра, 23 ёшли Алишер Саъдуллаевнинг Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига ўтиши кутилаяпти.
Алишер Саъдуллаев ўтган йил июнь ойида "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг навбатдаги қурултойида қилган чиқиши ортидан президент Мирзиёевнинг диққат-эътиборига тушган.
Бунга Саъдуллаев томонидан ёшларга тил ўргатиш истиқболлари ҳақида Президентга берган таклифлари сабаб бўлгани айтилган.
Ўзининг икки йиллик бошқаруви давомида ёшлар сиёсатига алоҳида урғу бераётган Ўзбекистоннинг янги президенти эртасигаёқ уни мамлакат Халқ Таълими вазири ўринбосари этиб тайинлашга қарор қилгани маълум бўлган.
Аммо президент қарори янграган пайтда айрим интернет нашрларида бу тайинловнинг "тажриба тариқасида" эканига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатганди.
Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятилик бўлган Алишер Саъдуллаев Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтини тамомлаган.
Унинг кейинроқ Буюк Британияда таҳсил олгани ҳам айтилади.
"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракатининг 30 июнь куни бўлиб ўтган ўша қурултойида Президент Шавкат Мирзиёев шахсан иштирок этган.
Нутқ сўзлаган ва ҳаракат тугатилиб, унинг ўрнига Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи ташкил топганди.
Энг ёш вазир ўринбосари
Алишер Саъдуллаев энг ёш вазир ўринбосари вазифаси ижросига киришишидан қисқа вақт ўтмай, ўзининг "Facebook"даги постлари ва унга илова қилинган суратлари билан ижтимоий-мулоқот тармоқларида яхшигина "танилиш"га улгурган саноқли ҳукумат мулозимларидан бири бўлади.
Вазирнинг 23 ёшли ўринбосари аввалига "Facebook" саҳифасида Навоий вилоятининг Томди туманидаги отахон сафарини том маънода ўзгартириб юборганини ёзган.
"Томдилик отахон менинг сафаримни туб маънода ўзгартириб юборди. Кеча уст-бошимни алмаштириб, оддий халқ билан мулоқот қилишга отландим. Кунимни айнан шу иш билан бошлашга ахд қилгандим!", - дея пост қолдирган.
Кейин Ўзбекистондаги қатор интернет нашрлари Алишер Саъдуллаевнинг кўча тозалашга мажбурланаётган ўқитувчиларнинг ҳимоясига чиққани, "Facebook" да парламент аъзоларини шу йўлда бирлашиб меъёрий ҳужжат ишлаб чиқаришга чақиргани ҳақида ҳам ёзишган.
Ҳали шу хабарларнинг ўзиёқ ижтимоий-мулоқот тармоқларида баҳсу мунозарани қизитиш учун кифоя қилган.
Орада Ўзбекистон Халқ таълими вазири ёш ўринбосарининг дам олишсиз, тинмасдан ишлаши Би-би-си Ўзбек ўқувчиларининг ҳам қизғин муҳокамасига сабаб бўлган.
Бунга Алишер Саъдуллаевнинг яна "Facebook"даги саҳифасида якшанба бўлишига қарамасдан, Самарқандга келгани ва 1,5 йилдан буён тинмасдан ишлаётгани ҳақидаги пости сабаб бўлган.
У BBCUZBEK.COM журналисти бошлаган флешмобга қўшилган ҳукумат вакилига ҳам айланган.
Халқ таълими вазирининг ёш ўринбосари ўшанда ўзининг миллий бош кийим - дўппидаги сурати билан бўлишишга ҳам борган.
Ёшлар ва Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев ҳали Ўзбекистон муваққат президенти ва Бош вазири экан, "Давлатнинг ёшлар сиёсати тўғрисида"ги қонунга имзо чеккан.
Бу - Мирзиёев вақтинча президент мақомини олганидан кейин имзолаган илк ижтимоий қонун сифатида кўрилган.
Ўзбекистоннинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил қилар экан, президентликка асосий номзод деб кўрилган Мирзиёев учун ёшларнинг овозини олиш ўша пайтда жуда муҳим бўлган.
Меҳнат вазирлиги маълумотларига қараганда, республикада ҳар йили 560 минг ёш махсус ҳунар билим юртлари, лицей ва ўқув юртларини битириб чиқади.
Бироқ ҳукумат уларнинг барчасини иш билан таъминлашга қурби етмайди.
Ўзбекистоннинг янги президенти этиб сайланиши ортидан, Мирзиёев ўз чиқишларида кадрлар муаммосига дуч келаётганини бот-бот такрорлайди.
У масъул лавозимларга ёш кадрларни қўйиш истаги борлигини бир неча лавозмларга тайинлашлар қилиш орқали амалда ҳам кўрсатган.
Саъдуллаев тайинлови ортидан, ўтган йил август ойида Шавкат Мирзиёев 37 яшар Русланбек Давлетовни Адлия вазири этиб тайинлаган.
Кўп ўтмай 25 ёшли Олимжон Тўйчиев Фан ва технологиялар агентлиги бош директорининг ўринбосари лавозимига қўйилгани маълум бўлган.
Ёш кадрлар борасидаги охирги ўзгаришлар МХХ (ҳозирда ДХХ)даги ислоҳотлар ортидан рўй бергани кузатувчилар орасида алоҳида эътибор топган.
Улар айни ўринда Миллий хавфсизлик хизмати ўтмишда кадрлар сиёсатида фаол роль ўйнаб келгани омилига ўз диққатларини қаратишган.
Мустақил Ўзбекистон тарихига энг ёш вазир ўринбосари сифатида кирган Алишер Саъдуллаевнинг ўз лавозимидан озод қилинганига оид хабар, ўз навбатида, таҳлилчиларнинг ҳам назаридан четда қолмаган.
Уларга кўра, сўнгги янгилик Ўзбекистон янги президентининг "кадрлар сиёсатида ҳам изчиллик йўқлиги", бу масалада кўпроқ "халқбозлик" тенденцияси устунлик қилаётганига далолат қилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek