Ўзбекистон, масъул вазирлик : “Ариқдаги эркаклар сурати бўйича бизга кўмак беринг”

Пахта Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Пахта даласи ёнидаги ариққа тушиб турган 6 нафар кишининг сурати бугун, 27 октябрь куни ижтимоий-мулоқот тармоқларида тарқалган.

Суратнинг қанчалик асли экани, қаерда, қачон ва ким томонидан олингани маълум эмас.

Уни айнан ким ва қандай мақсадда ижтимоий-мулоқот тармоқларига жойлагани сабаби ҳам номаълум.

Суратдагилар аксариятининг ўрта ёшларда экани, ораларида сочига оқ оралаб қолган кишининг ҳам борлиги кўринади.

Улардан айримларининг қўлларида дафтар-қоғоз кўзга ташланади.

Барчаларининг қўллари қовушган, нигоҳлари анчайин ерга қадалган, шимларининг пойчалари шимарилмаган.

Худди шу аҳволда тўлиб оқаётган ариқ ичида тик ҳолатда турган қиёфада аксланишади.

Турли мазмундаги изоҳлар остида қайта чоп этилаётган сурат саноқли соатларнинг ичида катта сондаги ўзбекзабон интернет фойдаланувчиларининг диққат-эътиборини ўзига тортган.

Улар тарафидан кенг улашилган, таажжуб, тушунмовчилик, ҳайрат ва истеҳзоли изоҳларига сабаб бўлган.

Худди шу манзарада бу масалага Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг "аралашган"и маълум бўлган.

Вазирлик ўзининг "Facebook"даги расмий аккаунтида махсус мурожаатнома билан чиққан.

Худди шу каби сурат ижтимоий мулоқот тармоқларида тарқалганидан огоҳ эканлигини билдириб, у суратга олинган жой ва шароитни аниқлашга ёрдам берувчи ҳар қандай маълумотлар ҳақида ўзларига хабар беришларини сўраган.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги худди шу пости остида телефон/телеграм рақамларини ҳам эълон қилган.

Постнинг рус тилидаги иловасида эса, вазирликнинг "Facebook"даги расмий аккаунти линки берилиб, маълумотлар худди шу манзилга юборилиши мумкинлиги ҳам айтилган.

Вазирлик бу хусусда бирор бир хабар ёки қўлга киритган, киритмагани ҳозирча маълум эмас.

Пост бир соат олдин чоп қилинган, унинг остида ҳозирча бор-йўғи иккита коммент қолдирилган.

Уларда ҳам, "Биринчи бўлиб муносабат билдирдинглар, яшанглар. Бу "феодал" қонун имкон берган даражасида жазоланиши керак" (Fariz Arslanov) ва "шу масалани охирига етинглар. Раҳмат"(Mahatma M Ghandi), деган иккита изоҳ қолдирилган, холос.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг худди шу пости манзарасида "бунинг тагига етиш ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси бўлиши керак", деган фикрлар ҳам ўртага чиққан.

Фото муаллифлик ҳуқуқи urlayeva

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, айниқса, бу йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнат ҳолларига қарши мавқеининг анчайин кескинлиги билан ажралиб туради.

"Пахтага мажбурлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди"

Ўзбекистон: Ҳокимлар пахтага мажбурлашнинг янги йўлларини топишяптими?

Ўзбекистон ва пахта: Болалар меҳнати тугашига болаларнинг ўзи қаршими?

Вазирлик жорий мавсумда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани ҳақидаги ҳисоботларини ўрганишга киришган.

Қонунни бузганларга нисбатан чора кўрилаётгани ҳам хабар қилинган.

"Мажбурий жалб қилишга йўл қўйган"лар Ўзбекистон Маъмурий Жавобгарлик Кодексининг 51-моддасига мувофиқ маъмурий жавобгарликка тортилишган.

Уларга Ўзбекистондаги энг кам маошнинг 3 баробари миқдорида жарима солинаётгани маълум бўлган.

Халқаро Меҳнат ташкилоти, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари мажбурий меҳнатни бартараф этиш йўлида ҳамкорлик қилишга келишиб олишган.

Бу йил ҳамкорликда мажбурий меҳнат олдини олишга қаратилган видео лавҳа тайёрланди, огоҳлантирувчи варақалар ҳам тарқатилган.

Пахта терими бошланиши билан мустақил инсон ҳақлари фаоллари жойлардаги вазиятни ўрганишга киришганлар.

Бу йил расмийлар Ўзбекистонда пахта 2 миллион 639 минг нафардан иборат "кўнгиллиларнинг отрядлари" томонидан териб олинишини айтганлар.

Аммо, аксар кузатувчиларга кўра, жойларда раҳбарлар пахта йиғим-терими мавсумини ноқонуний бойлик орттириш манбаига айлантириб олганлар, шу сабабдан ҳам мажбурий меҳнат ҳолатлари кузатилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek