Ўзбекистон: Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев ишдан олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social Media
Image caption Маҳаллий расмийлар ҳодисада Зойир Мирзаевнинг ролини инкор этишга уринган.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида олти кишини мажбуран сувга туширишда шубҳаланган Ўзбекистон ҳукуматининг юқори даражали мулозими ишдан олинди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг матбуот хизмати хабар қилишича, Мирзаев Зойир Тоирович Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди.

Хабарда айтилишича, президент фармонида Зоир Мирзаев "ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис" ишидан олингани билдирилади.

Фармонда Мирзаевнинг айнан Оққўрғонда фермер ва маҳаллий расмийларни сувга туширишга мажбурлагани учун ишдан четлатилгани айтилмаса-да, президент матбуот хизмати мажбурий меҳнатни қоралади.

"...кейинги йилларда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинди, зарур чора-тадбирлар кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида фармойиш қабул қилди", - дейилади хабарда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFISHA MEDIA
Image caption Зоир Мирзаевнинг ўзи ҳозирча бирон расмий муносабат билдирмади

Ҳужжатда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига қишлоқ хўжалиги ишлари чоғида йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан текшириш ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига, жойлардаги давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларига мажбурий меҳнатнинг барча шакл ва кўринишларига барҳам беришга қаратилган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш бўйича топшириқлар берилган.

Ариқдаги сурат

Пахта даласи ёнидаги ариққа тушиб турган олти нафар кишининг сурати 27 октябрь куни ижтимоий-мулоқот тармоқларида кенг тарқалганди.

Суратдагилар аксариятининг ўрта ёшларда экани, ораларида сочига оқ оралаб қолган кишининг ҳам борлиги кўринган. Улардан айримларининг қўлларида дафтар-қоғоз кўзга ташланади.

Барчаларининг қўллари қовушган, нигоҳлари анчайин ерга қадалган, шимларининг пойчалари шимарилмаган. Худди шу аҳволда тўлиб оқаётган ариқ ичида тик ҳолатда турган қиёфада аксланган.

Kun.uz берган ахборотга кўра, ариқ сувига оёқ тиққан кишилар Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари - Шерзод Муродов, Туман сув хўжалиги бошлиғи - Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи - Шароф Аҳмедов, "Озод" МФЙнинг оқсоқоли - Зокир Мусабеков, "Мавлонбой ота" фермер хўжалигини раҳбари - Аброр Мавлонов, "Абдуносир" фермер хўжалиги раҳбари (исми Носир) бўлиб чиқди.

Шерзод Муродовнинг Kun.uz'а айтишича, воқеага Зоир Мирзаевнинг алоқаси йўқ, аксинча унинг ўзи ғаллага сув қўйилмаганини аниқлаган ва жаҳл устида оёқ кийим билан сувга тушган.

"Мана сув бор-ку, деб, жаҳл устида сувга тушдим. Фермерга сувни кўрсатмоқчи эдим. Мен уларни сувга туширмадим. Уларнинг ўзи тушди. "Ариқда сув йўқ", дейилганди. "Мана бор", деб тушгандим, улар ҳам эргашиб тушди. Сувда кўп турмадик, бир дақиқа атрофида бўлдик", дея кўрсатма берган Шерзод Муродов.

Ўзбекистон, масъул вазирлик : "Ариқдаги эркаклар сурати бўйича бизга кўмак беринг"

Шавкат Мирзиёев: 'Одам урмаганман'

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.