Владимир Жириновский: ' Ўзбекистонга турист бўлиб бормаяпман'

Россиянинг ашаддий миллатчилик чиқишлари билан машҳур сиёсатчиси Владимир Жириновский Ўзбекистонга йўл олган.

Жаноб Жириновский бошчилигидаги ЛДПР ҳайъати Тошкент ва Бухорони зиёрат қилади. Ҳозирча ўзбек расмийларидан биронтаси билан учрашув режалангани маълум эмас. Амалга ошгани тақдирда, бу Либерал -демократик партия доҳийсининг айни сифатда Ўзбекистонга илк ташрифи бўлади. Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси бир баёнот тарқатиб, Президент Шавкат Мирзиёев, ҳукуматни, парламент ва сенатни Жириновскийнинг Ўзбекистонга "қилиши мумкин бўлган ҳар қандай сафарини абадий тақиқлаш"га чақирган. Ижтимоий тармоқларда фаоллар "рус шовинистининг Ўзбекистон тупроғига қадам босишидан" таассуфда эканликларини айтишган ва уни Бухорода "норозилик намойиши билан кутиб олишга" чақириқлар янграган. Айрим ўзбеклар Жириновский ўзларини "Каримовнинг 25 миллион қўйи бор" дея ҳақоратлаганини айтишган. Аммо Жириновскийнинг матбуот котиби Станислав Пахомов "ҳеч қачон бу каби баёнот бўлмагани ва бу гаплар ғирт ёлғон" эканини айтди. У ўз раҳбарининг Ўзбекистонга ижобий кайфият ва режалар билан бораётганини таъкидлади. BBCO'ZBEK дан Паҳлавон Содиқ ЛДПР раҳбарини суҳбатга тортиб, аввалига ташрифдан кўзланган мақсад ҳақида сўради.

Владимир Жириновский: Биз Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг энг йирик давлати, деб ҳисоблаймиз. Ўзбекистонга кўп нарса боғлиқ. Бу - Хоразм, Хива, Урганч, Бухоро, Самарқанд сингари қадимий шаҳарлар дегани. Биз биринчидан, Ўзбекистонни кўрмоқчимиз. Депутатларнинг кўпчилиги кўрмаган. Менинг ўзим кўп бор хизмат сафарлари билан Тошкентга, Олма-Отага борганман. Депутатларимиз янги раҳбарият билан, депутатлар билан танишмоқчи. Биз янгича иттифоқчилик алоқаларини таклиф қилмоқчимиз. Нафақат МДҲ доирасида, балки янада яқинроқ алоқалар - маданий, иқтисодий, инсонпарварлик соҳасида, ёшлар билан алоқалар. Яъни алоқаларимизни фақат ижобий тарафдан ривожлантириш истагида боряпмиз. Республиканинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёевни, депутатларни кўриш, улар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ниятимиз бор. Қолганини кейин кўрамиз.

Жириновский биринчи бўлиб президентликка номзод бўлди

Жириновский Россия сайловлари ҳақида

Владимир Жириновский Қирғизистонда "хоҳланмаган шахс"га айланди

Би-би-си: Яъни сизни Президент Мирзиёевнинг шахсан ўзи қабул қиладими?

Владимир Жириновский: Йўқ, йўқ, ҳозирча режаланмаган. Биз албатта учрашишни истардик. Ҳозирча Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бизнинг ҳайъатимизнинг Ўзбекистонга келишига эътирозимиз йўқ, деган розиликни берди. Аммо гап ҳозирча фақат маданий-оқартув ташрифи ҳақида боряпти. Биз Ўзбекистон раҳбари билан, Ташқи ишлар вазири билан учрашув эҳтимолини ҳали ҳам кутяпмиз. Ҳали бу борада ниҳоий қарор йўқ.

Би-би-си: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сизнинг ташрифингизга ҳеч қандай эътироз билдирмадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Shepard Sherbell
Image caption Жириновский Яқин Шарқнинг ағдарилган раҳбарлари билан яқин алоқада бўлган.

Владимир Жириновский: Ҳа. Ташқи ишлар вазирлиги душанба куни бизнинг Тошкентдаги элчихонамизнинг нотасига ижобий жавоб берди. Делегациянинг маданий-оқартув мақсадида Тошкентга, Ўзбекистонга келишига эътирозимиз йўқ, деган мазмунда. Сиёсий контактлар масаласида ҳали музокаралар давом этяпти. Балки Президент билан, парламент билан учрашувлар ҳам бўлар. Мен масалан, Ироққа борганимда ҳамма вақт Саддам Ҳусайн билан учрашганман ёки Ливияда Муаммар Қаддофий билан... Озарбайжонда, Туркманистонда давлат раҳбарлари билан учрашдим. Балки Ўзбекистонда ҳам учрашув бўп қолар. Биз ҳозирча жавобни кутяпмиз.

Би-би-си: Яъни ташриф сиёсий эмас, маданий?

Владимир Жириновский: Ҳозирча йўқ, ҳозирча маданий-оқартув. Аммо учрашув бўп қолса, ажабмас. Билишимча, Ўзбекистон парламентининг халқаро алоқалар қўмитасидан депутатлар билан кўришишимиз эҳтимоли бор. Ҳозирча бир нарса дейишга эрта. Ҳали музокаралар давом этяпти. Биз пайшанба куни учиб борамиз. Бугун сешанба, ҳали вақт бор.

Би-би-си: Сиз марҳум президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистонга боришга ҳаракат қилиб кўрганмисиз?

Владимир Жириновский: Қайсидир маънода назардан қочирганмиз. Бутун МДҲ - Қозоғистон, Ўзбекистон ва ҳатто Украина, Беларусга етарлича эътибор қаратмаганмиз. Мен буни хато, деб ҳисоблайман. Биз ўзимизнинг собиқ совет республикаларига каттароқ аҳамият қаратишимиз керак эди. Буни энди-энди англаяпмиз. Охирги икки йилда менинг ўзим собиқ совет республикаларига сафарлар уюштиряпман. Мана ўтган йили Озарбайжонда бўлдим, мени у ерга Президент Алиев шахсан таклиф қилди, Туркманистонда бўлдим. Бу йил эса Марказий Осиё мамлакатларини айланмоқчиман. Яъни биз яқин алоқалар тарафдоримиз. Қўшниларимиз билан ҳар томонлама сиёсий, иқтисодий, ҳарбий алоқаларни мустаҳкамлаш ниятидамиз. Ва бунга айнан бизнинг фракциямиз - ЛДПР катта эътибор қаратади. Менинг ўзим учун Марказий Осиё муҳим. Чунки мен сизнинг ҳамюртингизман. Узоқ йиллар Олма-Отада яшаганман.

Би-би-си: Ўзбекистонда сизнинг шахсингизга қандайдир тақиқ бўлганми? Чунки биламиз, сиёсий қарашларингиз туфайли, сизга баъзи давлатлар, масалан, қўшни Қозоғистонда тақиқ бор?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mikhail Metzel/Getty Images
Image caption Жириновский ҳақоратли чиқишлари билан танилган - у президентликка номзод Ксения Собчакни "фоҳиша" деб атаган

Владимир Жириновский: Мен ҳатто Қозоғистондаги тақиқ ҳақида ҳам ҳеч нарса билмайман. Бизга ҳеч ким бу ҳақда хабар бермаган. Эслайман, Қирғизистонда депутатлардан бири бу масалани кўтарганида, Президент Атамбаев рад қилганди мени қандайдир рўйхатларга киргизишни. Қирғизлар менинг баъзи баёнотларимдан хафа бўлишган. Масалан, мен айтгандим, Иссиқкўлни бизга ижарага беринглар, сизларга ҳам даромад бўлади, деб. Чунки уларда сайёҳлар кам. Даромад йўқ. Майли, хоҳлашмаса беришмасин, даромад ҳам бўлмайди. Масалан, мен Абхазияга боргандим, у ерда сайёҳлар сони икки баробарга ошди. 250 минг доллар даромад кўришарди туризмдан, 500 мингга ошди. Биз вариантларни таклиф қиламиз. Аммо Бишкекда, Тошкентда, Душанбеда ўзлари ҳал қилишсин. Зоримиз бор, зўримиз йўқ.

Би-би-си: Мен сизнинг бошқа бир нутқингизни ҳам яхши эслайман. Сиз ўзбеклар, қирғизлар, бир кун барибир бизга қайтади, деб айтгансиз. Сиз ҳали ҳам шу фикрдамисиз? Ўзбекистон ва Қирғизистон каби давлатларнинг мустақил ривожланиш ҳуқуқини тан оласизми ёки улар сиз учун ҳали ҳам бор-йўғи Россиянинг собиқ мустамлакалари, холосми?

Владимир Жириновский: Албатта, мустақил. Мен фақат бизга биргаликда ривожланиш осонроқ, деган нарсани назарда тутганман, холос. Мана, Сурияни кўриб турибсиз. Агар Россия аралашмаганида, Сурия ҳам, Иордания ҳам, Ливан ҳам бўлмас эди. Биз Ўрта Шарқда бир қатор давлатларни парчаланишдан асраб қолдик. Агар биз аралашмаганимизда, кейинроқ бу кучлар Марказий Осиёга ташланарди ва сизларда ҳам уруш чиққан бўларди. Шунинг учун хавфсизлик мақсадларидан келиб чиқиб гапиришимиз керак. Мана, Туркманистон расман нейтрал давлат. Аммо бизни жон деб қабул қилди. Биз президент билан, вазирлар ва депутатлар билан учрашдик, бу масалаларни муҳокама қилдик. Ҳамма томонлар мамнун бўлди.

Би-би-си: Баъзи ўзбекистонликлар сизнинг эҳтимолий ташрифингиздан хавотирда. Айниқса, ижтимоий тармоқларда, қандай қилиб ўзининг шовинистик қарашлари, чиқишлари билан танилган миллатчи сиёсатчи Ўзбекистонга бориши мумкин, деган саволлар берилмоқда. Мухолифатдаги "Эрк" партияси сизни буткул тақиқлашга чақирди. Ўзингиз нима деб жавоб берасиз?

Владимир Жириновский: Биласизми, уларнинг тасаввурлари янглиш. Янглиш ва кимдир уларга бу ёрлиқларни сингдирган. Қандай шовинистик қарашлар ҳақида гап бўлиши мумкин? Биз ҳамюртлармиз. Биз фақат яқин алоқалар тарафдоримиз. Ўзаро ҳурмат, ўзаро манфаатли алоқаларни истаймиз. Буларнинг ҳаммаси кимлардир ўтириб олиб, бекорчиликдан ўйлаб топган гап-сўзлар...

Би-би-си: Сиз меҳнат муҳожирларига ҳам қаршисиз. Ҳатто 2012 йилдаги сайловолди кампаниянгизда мигрантларнинг ҳаммасини Россиядан ҳайдаш керак, деган гапларни айтгансиз? Ҳали ҳам шу фикрдамисиз?

Владимир Жириновский: Биз ҳаммасини ҳайдаш керак, демаганмиз. Тартибга солиш керак, деганмиз. Уларни ёллаётган ширкатларнинг жавобгарлиги оширилсин, мигрантлар ётоқхона билан таъминлансин, маошларини бермай, алданмасин, деганмиз. Бўлмаса, кўпгина гастарбайтерлар алданиб қоляпти, ҳалок бўляпти. Биз уларнинг яшаши ва ишлаши учун нормал шароитлар яратилсин, деб айтаяпмиз. Ва бу ерда келишиш мумкин. Россияда ишчи кучига муҳтож жуда кўп объектлар бор. Яхши шартномалар бўлса, Ўзбекистондаги ортиқча ишчи кучи бу ерларда ишлаб, даромад топиши мумкин. Биласиз, Ўзбекистонга миллиардлаб доллар пул жўнатмалари ўтказиляпти. Қирғизистонга ҳам.

Би-би-си: Яъни сизнинг мигрантларга ҳеч қандай эътирозингиз йўқ?

Владимир Жириновский: Йўқ албатта. Йўқ жойдан ҳеч қандай эътироз бўлмайди. Мен жиноятчилик кўпаймасин, деяпман. Мигрантларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш керакмас, уларнинг иши, жойи бўлиши керак, деб айтяпман. Бизда ҳам ишчи кучидан фойдаланишнинг Европадаги каби тараққий этган шакли бўлиши керак...

Би-би-си: Президент Мирзиёев ҳақида қандай фикрдасиз? Уни Каримовдан кўра кўпроқ россияпараст, деб ҳисоблайсизми?

Владимир Жириновский: Бир нарса дейиш қийин. Биз ҳеч қачон учрашмаганмиз. Масалан, мен Туркманистон президентини яхши биламан, Озарбайжон, Арманистоннинг собиқ президентини яқиндан билганман. Мирзиёев президент бўлганига энди икки йил бўлди. У Москвага келди, аммо учрашмадик. Мана энди учрашиб, ўзимизнинг мавқейимизни тушунтирмоқчимиз. Унинг ҳам мавқейини билишни истаймиз. Бунинг учун контактлар бўлиши керак. Уйда ўтирволиб, учрашмасак, ҳеч қандай натижа ҳам бўлмайди. Қолаверса, биз Россия парламентидаги йирик, қудратли партияни тамсил қиламиз. Биз турист эмасмиз. Биз депутатлармиз, орамизда сенаторлар, губернаторлар бор. Яъни Ўзбекистон учун фойдали бирон иш қилмоқчимиз. Аммо ҳозирча масала узил-кесил ҳал бўлгани йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek