Ўзбекистон: Нима учун хусусий тадбиркорлар қатор имтиёзлардан маҳрум қилинди?

Ўзбекистонда хусусий тадбиркорлар 2019 йилдан бошлаб қурилиш материаллари сотолмайди. Бундан ташқари халқ орасида акфа ромлари номи билан машҳур алюминий профилдан ром, дераза ва эшиклар ясай олмайди.

Оиласини тебратаётган хусусий тадбиркорлар энди иложсизликдан Россияга мигрант бўлиб кетадими?

Вазирлар маҳкамаси томонидан 22 октябр куни қабул қилинган қарорга кўра, Ўзбекистондаги якка тартибда тадбиркорлик қилувчилар шу вақтгача имтиёз сифатида талқин қилинган бир неча ҳуқуқлардан маҳрум бўлади.

Хусусий тадбиркорларга қурилиш материаллари, цемент, шифер, ёғоч ва ёғоч маҳсулотлари сотилишига тақиқ жорий этилмоқда.

Иккинчидан, товарларни импорт қилиш ва кейинчалик уларни сотишга чеклов киритилди. Хусусий тадбиркорлар олиб кираётган товарларнинг нархи бир ойда 5000 АҚШ доллардан ошмаслиги керак.

Учинчидан, алюминий профилдан эшик, дераза ва бошқа буюмлар тайёрлаш, автотранспорт воситаларини ювиш, салон тозалаш ва пишлоқдан маҳсулотлар тайёрлаш ва сотиш тақиқланади.

Бу фаолиятларни амалга ошириш учун тадбиркор юридик шахс бўлиш талаби қўйилмоқда.

Ҳукумат бу тақиқларни нима сабабдан жорий қилаётганига изоҳ бермаган.

Тадбиркорлар бу ўзгаришни икки хил кутиб олди. Қарорни ижобий баҳолаётганларга кўра, шу йўл билан давлатга солиқ тушуми ортади.

"Қарордан сўнг қурилиш материилларининг нархи тушиши ҳам мумкин", дейди тадбиркорлардан бири.

Унга кўра, ҳукумат бу қарор билан якка тадбиркорларнинг имкониятини чеклаётгани билан, бошқа қарорлар билан бирга юридик шахсларга кенг имконият яратяпти.

"Масалан, улгуржи савдо қилиш учун шартлар енгиллаштирилди. Бу қурилиш материалларини четдан олиб келишга бошқаларга ҳам тенг имконият яратилишига олиб келди. Қурилиш моллари сотаётган тадбиркорлар кичик пул айлантирмайди. Энди улар юридик шахс бўлиб, янада кенгроқ имкониятларга эга бўлади", дейди у.

Бироқ ушбу ўзгаришлардан алюминийдан эшик, ром ясаб сотадиган хусусий тадбиркорлар хурсанд эмас.

Би-би-си уларнинг бир нечтаси билан гаплашди. Бу фаолият билан шуғулланадиган тадбиркорлар ҳукумат қўяётган тақиқдан хабари йўқлигини айтишди.

"Агар акфачилик билан шуғулланиш фақат фирмаларга ўтадиган бўлса, бу соҳадаги кўпчилик қийналиб қолади. Бизда юридик шахс сифатида ташкилот очиш учун билим ва тажриба йўқ. Мен билган акфачиларнинг аксарияти хусусий тадбиркор. Агар энди бизга ишлашни тақиқласа, Россия ё Қозоғистонга иш излаб кетишимизга тўғри келади", дейди Тошкентдаги хусусий тадбиркорлардан бири.

Якка тадбиркорлик тури 3-5 кишидан иборат одамлар учун жуда ҳам яхши имконият эканлиги айтилади. Фойда унча катта бўлмаганлиги учун давлатга кам солиқ тўланади. Солиқдан ташқари пенсия жамғармаси учун учун ҳар ой энг кам иш ҳақи миқдорида пул ўтказилиб турилади.

Юридик шахс бўлиш учун тадбиркорнинг алоҳида офиси бўлиши кераклиги айтилади. Ундан ташқари катта пул айлангани ва ҳужжат ишлари боис ҳисобчига ҳам эҳтиёж пайдо бўлади. Юридик шахс бўлган тадбиркорлар даромаддан ҳозирча 5 фоиз солиқ тўлайди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek