Хоразмлик журналист: "Мени органдагилар олиб кетаяпти, кечгача ёзмасам қамаган бўладилар"

Журналист Давлатназар Рўзметов Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Журналист Давлатназар Рўзметов

Пахтада мажбурий меҳнат масаласини ёритаётгани айтилаётган хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметов ушбу мактубни ёзганидан сўнг 7 суткага қамалди. Ўзбекистондаги нашрлар у Қўшкўпир туман ҳокими ўтказаётган мажлисни ёритишга ҳаракат қилганини ёзмоқда.

Turon24 нашрининг ёзишича, Хоразмда чоп этиладиган "Хоразм ёшлари" газетаси муҳаррири ўринбосари Давлатназар Рўзметов 29 октябр куни 7 суткага қамалди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси берган хабарга кўра, Давлатназар Рўзметов 25 октябр куни Қўшкўпир туман ҳокимлиги биносида пахта йиғим терими юзасидан ўтаётган мажлисга маст ҳолатда кириб келиб, майда безорилик содир этган. Бироқ журналист безорилик қилганини рад қилган.

Turon24 нинг воқеа гувоҳларига таяниб маълум қилишича, Давлатназар Рўзметов 25 октябрь куни кечки пайт тўйда ўтирганда унга танишлари қўнғироқ қилишиб, Қўшкўпир тумани ҳокими мактаб директорлари, қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарлари ва мактабгача таълим муассасалари мудирларини йиғиб пахта терими бўйича селектор йиғилиши ўтказаётганини, ҳукумат таълим ва тиббиёт ходимларини пахта йиғим-теримига жалб этишни тақиқлаганига қарамай, уларни мажбуран пахта теримига жалб этмоқчи бўлаётгани ҳақида айтишади.

Шундан сўнг Давлатназар Рўзметов йиғилиш ўтказилаётган туман ҳокимлиги биносига кириб, мажлисда ўтирганларни қўл телефонида видеотасвирга ола бошлайди.

"Буни кўрган Қўшкўпир тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Жўрабек Раҳимов унинг кимлигини сўради. Журналист бунга жавобан: "Мажлис очиқми ёки ёпиқми? Очиқ бўлса ўтираман, ёпиқ бўлса чиқиб кетаман", деб жавоб берди. Шундан сўнг ҳоким "Йиғилиш тамом" деб ҳаммага рухсат бериб юборди".

Шундан сўнг Давлатназар Рўзметов туман ички ишлар бўлимига олиб борилиб, жамоат тартибини бузганлик, майда безориликда айбланади ва вилоят марказидаги ҳушёрхонада бир кун сақланади. Эртаси куни эрталаб эса қўйиб юборилган, деб ёзади нашр.

Журналистга нисбатан 29 октябр куни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик)га асосан жазо тайинланган.

Бош прокуратура тақдим қилган хабарда айтилишича, Давлатназар Рўзматов судда тўйда икки пиёла ароқ ичганини тан олган ва ҳокимият биносига киришда таниши Дониёр Садуллаевга "ёраман", деб айтганинин билдирган. Бироқ у бошқаларни ҳақорат қилганлигини рад этган.

Шундай бўлса-да, суд гувоҳларнинг кўрсатмаларига таяниб унга 7 сутка маъмурий жазо қўллаган.

Давлатназар Рўзматов ҳибсга олинишидан олдин ноҳақ қамалганига ишора берган.

У танишларидан бирига 29 октябр куни шундай мазмунда мактуб ёзган.

"Сиздан бир илтимос, мани органдагилар олиб кетиб бораётир. Кечгача пост қўймасам мени қамаган бўладилар. Кетдим", деб ёзган журналист.

Судда иштирок этганлардан бири судяга Давлатназар Рўзметов журналист эканллигини ва уни ноҳақ қамаш бутун дунёга шов-шув бўлиб кетиши мумкинлигини тушунтирган.

Унинг айтишича, аввалига журналистни 15 суткага қамамоқчи бўлишган, бироқ ушбу гаплардан сўнг унга 7 сутка беришган.

Facebook да "Хоразм ёшлари" газетаси муҳаррири Эрпўлат Бахт томонидан ёзилган хабарда Давлатназар Рўзметов Қўшкўпир туман ҳокими Жўрабек Раҳимов билан низолашиб қолгани айтилган.

"Бунга Давлатназарнинг туманда пахта йиғим-теримига ўқитувчи, мактабгача таълим муассасалари ходимлари ва шифокорларни мажбуран жалб қилаётгани юзасидан журналистик суриштирув ўтказгани сабаб бўлган", дейилади унда.

Би-би-си ҳолат юзасидан изоҳ олиш учун Қўшкўпир туман ҳокимияти билан боғлана олмади.

Би-би-сига Бош прокуратура томонидан берилган хабарда Қўшкўпир туман ҳокими 21:30 мажлис ўтказаётгани ёзилган.

Бош вазир Абдулла Арипов шу йилнинг 25 август куни бевақт мажлис ўтказмаслик тўғрисида топшириқ берганди.

Жуда яхши одам

Би-би-сига маълум бўлишича, Давлатназар Рўзметов вилоятдаги оғриқли мавзуларни кўтариши билан таниқли бўлган.

"Ногиронларнинг мавзусини кўтариб, уларга иложи борича ёрдам кўрсатишга ҳаракат қилади. Ўзим журналист муаммони кўтаргани сабаб иши ҳал бўлган бир неча шундай одамни биламан. У кишининг характери ичиб жанжал кўтарадиган эмас", дея таъриф беради Би-би-си боғланган хоразмликлардан бири.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek