Ўзбекистон ва янги тайинлов: "Агар, Бош прокуратура ҳам қонунни бузса-чи?.."

Ариқдаги олти эркак сурати ҳодисасидан кун ўтиб, шахсан Ўзбекистон Президентининг фармони билан ишдан олинган Зойир Мирзаев ўрнига мамлакат Бош прокурорининг вақтинчалик Бош вазир ўринбосарлигига тайин этилиши ҳуқуқшунос ва фаолларнинг қарама-қарши муносабатларига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистондан шу кеча-кундузда олинаётган хабарлар тафсилотларидан Отабек Муродовнинг ўз вазифаси баробарида Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексига ҳам вақтинчалик раҳбарлик қилиши маълум бўлган.

Бу ҳақда Ўзбекистондаги аксарият йирик интернет нашрлари ўзларининг манбаларига таяниб, хабар тарқатишган.

Кун охирига бориб Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ростдан ҳам юз бергани аниқланган ушбу воқеълик акс этган сурат 27 октябрь куни ижтимоий-мулоқот тармоқларига сиздирилган.

Совуқ куз кунида олти эркакнинг бутун уст-боши билан, "гуноҳкорона" қиёфада сув тўла ариққа тушиб тургани акс этган сурат ўша заҳотиёқ интернетни том маънода жунбушга келтирган.

Ўзбекистон, масъул вазирлик : "Ариқдаги эркаклар сурати бўйича бизга кўмак беринг"

Ўзбекистон: Бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев ишдан олинди

Ўзбекистон: Онасидан сўкилган фермер - "Режани ортиғи билан бажардим, раҳмат дегани йўқ"

Сурат аксарият ўзбекзабон интернет фойдаланувчилари томонидан улашилган, ҳайрат, таажжуб, тушунмовчилик ва ғазабнок оҳангдаги кўплаб комментларга сабаб бўлган.

Кибер фазода вужудга келган бу каби вазият манзарасида сурат ҳодисасига расман Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги аралашган.

Вазирлик ўзининг "Facebook"даги расмий аккаунтида махсус мурожаатнома билан чиққан.

Илк сатрларданоқ бу каби сурат ижтимоий мулоқот тармоқларида тарқалганидан огоҳ эканлигини билдирган.

Расман у суратга олинган жой ва шароитни аниқлашга ёрдам берувчи ҳар қандай маълумотлар ҳақида ўзларига хабар беришларини сўраган.

Худди шу манзарада ҳам суратнинг ўзи ва ҳам вазирликнинг айни мурожаати бу ишнинг тагига етиш Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг вазифаси бўлиши керак, деган ўнлаб комментлар остида қолиб кетган.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳали жим экан, мамлакатдаги айрим йирик интернет нашрлари Оққўрғондаги ариқ ҳодисасининг тагига етишга муваффақ бўлишган.

Шанба куни якунига бориб, ўзларининг тадқиқотлари натижалари билан бўлишишган.

Фармон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Socialmedia

Вазирлик ҳали-ҳануз бу хусусда бирор бир янги баёнот билан чиқмаган бир манзарада бу ишга шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзи аралашгандек кўринган.

Президент Мирзиёев бир фармон билан номи мазкур интернет нашрларида ариқдаги олти эркак сурати билан бир контекстда тилга олинган Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Зойир Мирзаевни ўз вазифасидан озод қилгани маълум бўлган.

Аммо фармон матнида Мирзаевнинг ўз вазифасидан четлатилиши сабаби расман "ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани" билан изоҳланган.

Бу камчиликларнинг айнан нималардан иборат экани тафсилотлари эса, фармонда тилга олинмаган.

Президентнинг айни фармони унинг расмий веб саҳифасида "Мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича яна бир ҳужжат қабул қилинди" сарлавҳаси остида эълон қилинган.

Лекин айни шу фармон матнидан айнан Ўзбекистон Бош прокурорига қишлоқ хўжалиги ишлари чоғида йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан текшириш ўтказиш бўйича топшириқ берилгани ҳам англашилган.

Аммо худди шу ўринда ҳам сўз айнан қандай қонун бузилиш ҳолатлари ҳақида кетаётгани тафсилотлари очиқланмаган.

Президент фармонидан кун ўтиб, Ўзбекистондан Зойир Мирзаев вазифасининг вақтинчалик мамлакат Бош прокурори зиммасига юклатилганига оид хабарлар олинган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси президент Мирзиёев ўз фармонида кўзда тутган қонун бузилиш ҳолларида юзасидан ўз текширувларини бошлаганми-йўқ ва ёки бу жараённинг ҳозир қандай босқичда экани тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Бош прокуратура

Kun.uz интернет нашри олиб борган тадқиқот натижаларидан ўшанда ариқ ичидагилар Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари - Шерзод Муродов, Туман сув хўжалиги бошлиғи - Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи - Шароф Аҳмедов, "Озод" МФЙнинг оқсоқоли - Зокир Мусабеков, "Мавлонбой ота" фермер хўжалигини раҳбари - Аброр Мавлонов, "Абдуносир" фермер хўжалиги раҳбари (исми Носир) эканликлари маълум бўлган.

Ариқдаги сувга туширилиши ҳодисаси анчайин ғайриодатий бир воқеълик эса-да, маҳаллий кузатувчилар эътирофида, ҳақоратланиш, калтакланиш ва дўппосланиш мазмунида айнан қишлоқ хўжалигида банд ўзбекистонликларнинг инсоний ҳуқуқлари топталиши ҳодисаси Ўзбекистон учун аллақачон одатий воқеъликка айланиб улгурган.

Россиядан асли ўзбекистонлик ҳуқуқшунос ва фаол Ботир Шермуҳаммаднинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари вазифасининг вақтинчалик мамлакат Бош прокурори зиммасига юклатилишини, бир томондан, "ижобий воқеълик деб баҳолаш мумкин".

"Бу комплексда мажбурий меҳнат билан боғлиқ жудаям кўп муаммолар бўлган. Энди айни шу комплекснинг мамлакат раҳбарияти томонидан ҳозирги кунда энг ишончли бўлган давлат ташкилотларидан биттаси бўлган - прокуратурага берилаётгани, шахсан Бош прокурорнинг ўзига юклатилаётганлиги бу масалага қарашнинг жиддий экани, мазкур муаммони бартараф этишга бўлган ҳаракат борлигини билдиради", - дейди у.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, бу каби тайинлов, бошқа тарафдан, "ҳокимият бўлиниши принципига зид бўлиши ҳам мумкин".

"Бош вазир ўринбосари лавозими бу - ҳукумат, яъни ижро ҳокимияти. Прокуратура бўлса, биз биламизки, доимо шу қонунларнинг бажарилиши устидан назорат қилувчи орган ҳисобланади... Агар, Бош прокуратуранинг ўзи томонидан ҳам мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатларга йўл қўйиладиган бўлса, энди уларга бу нарсанинг нотўғри эканлиги, қонун бузилаётганлигини ким айтади?", - деган саволлар пайдо бўлиши мумкин", - дейди ҳуқуқшунос.

Унинг айтишича, юз берган сўнгги ҳодисалардан кейин бу каби ҳоллар вақтинча бўлса ҳам тўхташига умид қилиш мумкин.

"Лекин, барибир, бу масалада тизимли ишлашга ўтиш керак", - дейди у.

"Шунинг учун ҳам ҳокимият бўлиниши принципи қилинганки, ҳар қандай амалдор, ҳар қандай шахс қонунни бузиши мумкин. Қаердадир мансаб ваколати доирасидан четга чиқиши мумкин. Ва бу ерда қайсидир бошқа ташкилот бу нарсани эслатиб, бу нарсани тақиқлаб, шунга нисбатан чора кўриб туриши керак. Ўшандагина ҳеч ким ўзининг хизмат доирасидан ташқарига чиқмайди", - дейди ҳуқуқшунос.

Ўзбекистон Бош вазири собиқ ўринбосари Зойир Мирзаевнинг кейинги тақдири ва унинг ўзининг вазифасидан озод этилганига оид президент фармонига нисбатан муносабати ҳозирча маълум эмас.

Минтақада аҳолиси энг катта (33 миллион) сондагиси бўлган Ўзбекистон иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган давлат бўлади.

Мамлакат аҳолисининг катта фоизи айнан қишлоқ ҳудудларида истиқомат қилади.

Қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнат ҳоллари эса, йилларки, Ўзбекистон жиддий танқидларга тутиб келинаётган муаммолардан бири бўлади.

Ўзбекистон Бош прокурори

Отабек Муродов 1975 йили Қашқадарё вилоятида туғилган.

Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, у Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг жиноятларни тергов қилиш бошқармаси алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси, Адлия вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

2017 йилнинг 1 мартида Ўзбекистон Президентининг 4976-сонли фармонига мувофиқ, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича Давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган.

Расмий маълумотлардан Отабек Муродовнинг 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси экани ҳам маълум.

У 2002 йили Президент фармонига кўра "Жасорат" медали билан тақдирланган.

Отабек Муродов мустақил Ўзбекистон тарихида бешинчи Бош прокурор бўлгани айтилади.

Жорий пайтда Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик Хизматига ҳам мамлакат собиқ Бош прокурори раҳбарлик қилади.

Ихтиёр Абдуллаев шу йил бошида президент Шавкат Мирзиёев томонидан айни лавозимга тайин этилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek