Ўзбекистон: Жириновскийни Бухоро аэропортида расмийлар кутиб олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA

Бухоро аэропортида Россиянинг ашаддий ўнг қанот миллатчи партияси раҳбарини Ўзбекистон Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноевлар кутиб олган.

Бу ҳақда Владимир Жириновский раҳбари бўлган ЛДПР партияси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбек томони ҳозиргача Жириновский ва ЛДПР ҳайъатининг Ўзбекистонга ташрифи юзасидан ҳеч қандай расмий ахборот бермаган.

Жириновскийнинг ўзи чоршанба куни Би-би-си билан суҳбатда ташриф "ҳозирча маданий-оқартув" мақсадида экани, аммо ўзбек расмийлари билан юқори дажарадаги музокаралар эҳтимолини истисно қилмаслигини айтган эди.

У жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашишга умид қилаётганини билдирган.

Кейинроқ Тошкентга келиши кутилаётган Жириновскийнинг расмий учрашувларига доир маълумот йўқ.

ЛДПР веб-сайтидаги хабарда айтилишича, партия доҳийси Бухорода "Ситораи Моҳи Хосса" саройи ва шаҳардаги ҳунармандлик мактабларидан бирида бўлади ва бозорда оддий аҳоли билан мулоқот қилади.

ЛДПР ўз раҳбари ва депутатлари "Ўзбекистон тупроғида илиқ қаршилангани"ни айтган.

Хабарларга кўра, Бухородаги учрашувга журналистлар қўйилмаган.

'Россияга ихтиёрий қўшилиш' тарафдори

Жириновский Бухорога Душанбедан учиб борган.

Тожикистонга сафари чоғида Президент Имомали Раҳмон билан ҳам кўришган зиддиятли сиёсатчи собиқ Иттифоқ республикалари Россияга "ихтиёрий қўшилиши" тарафдори эканлигини айтган.

ASIA-Plus нашри Жириновскийнинг "Мен Европа Иттифоқига ўхшаш иттифоқ тарафдориман. Мен бугунги кунда фақат 300 миллиондан ортиқ нуфузга эга давлатларгина яшаб қола олишига ишонаман", дея Жириновскийнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Жириновский 2010 йилда "Россия таркибида Ўрта Осиё федерал округи"ни тузишни таклиф қилган эди.

Бу Либерал -демократик партия доҳийсининг айни сифатда Ўзбекистонга илк ташрифидир.

Би-би-си билан суҳбатда Жириновский марҳум Ислом Каримов даврида ўзининг Ўзбекистонга боришига тақиқ қўйилмагани, унинг ўзи ўтмишда Ўзбекистон ва бошқа МДҲ давлатларини "назардан қочиргани"ни айтган.

Мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси бир баёнот тарқатиб, Президент Шавкат Мирзиёев, ҳукуматни, парламент ва сенатни Жириновскийнинг Ўзбекистонга "қилиши мумкин бўлган ҳар қандай сафарини абадий тақиқлаш"га чақирган.

Ижтимоий тармоқларда фаоллар "рус шовинистининг Ўзбекистон тупроғига қадам босишидан" таассуфда эканликларини айтишган ва уни Бухорода "норозилик намойиши билан кутиб олишга" чақириқлар янграган.

Айрим ўзбеклар Жириновский ўзларини "Каримовнинг 25 миллион қўйи бор" дея ҳақоратлаганини айтишган.

Аммо Жириновскийнинг матбуот котиби Станислав Пахомов "ҳеч қачон бу каби баёнот бўлмагани ва бу гаплар ғирт ёлғон" эканини айтди.

У ўз раҳбарининг Ўзбекистонга ижобий кайфият ва режалар билан бораётганини таъкидлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek