Тожикистон: Мусулмонларнинг соқоллари чет элликларни "қўрқитади”ми?

Намозхонлар Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/Nozim Kalandarov

Тожикистон пойтахти Душанбеда таксичиларнинг соқолда юришлари расман ман этилди.

Хабарларга кўра, буйруқ шу ҳафта шаҳар ҳокимлиги томонидан берилган.

Унинг ижросини аллақачон маҳаллий ҳуқуқ-тартибот ходимлари назорат ҳам этишмоқда экан.

Видеони YouTube каналимизда томоша қилинг.

"Таксичиларга соқолларини олишдан бош тортишса, меҳнат шартномалари бекор қилиниши ҳам айтилган".

Бу ҳақда Прагада жойлашган "Ахбор" интернет нашри ёзмоқда.

Тожикистонда соқол масъуллар томонидан "исломий экстремизм нишонаси" сифатида кўрилиши ҳам бор гап.

Сўнгги йилларда тожик эркакларининг айнан соқоллари сабаб ҳибсга олинган ва сўроқ қилинганликларига оид хабарларнинг сони ортган.

Бунга ўхшаш хабарларнинг тафсилотларидан бу эркакларнинг алал-оқибат ўз соқоллари олиб ташлашга мажбур бўлишгани ҳам маълум бўлган.

Душанбе шаҳар ҳокими эса, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг тўнғич ўғли Рустам Эмомали бўлади.

"Кўчада соқол билан юришга рухсатим бор"

Тошкентлик имом мактабларда рўмолни тақиқлашга қарши чиқди

Ҳижоб ва соқол ўзбекларни бўлиб ташладими?

"Соқол - таҳдид"ми?

Маҳаллий мустақил журналист Искандар Фирузнинг айтишича, мазкур тақиқ "Тожикистонда туризмни ривожлантириш дастури" доирасида қабул қилинган.

"Шаҳар масъулларининг наздларида, таксичиларнинг соқоллари чет эллик туристлар учун таҳдид тимсолига айланиб бормоқда. Худди шу боис ҳам, уларга бундан буёғига соқолларини олиб юришлари тавсия қилинган".

Суҳбатдошимиз ҳам Тожикистонда соқол - ҳали-ҳануз назорат остидаги мавзулардан бири эканини таъкидлаб ўтади.

Ўзи ҳам ҳозир Душанбеда бўлган журналистнинг айтишича, маҳаллий таксичилар орасида эътиқодли бўлганларининг сони озмунча эмас.

"Худди шу боис ҳам, улардан аксарияти ҳозир бу каби тақиқдан норози".

Аммо, суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, "таксичилик бугунги кунда улардан кўпчилиги учун ягона даромад манбаи бўлади".

"Худди шу боис ҳам, янги тақиқдан қанчалик норози бўлишмасин, унга риоя қилишга мажбурлар".

"Акс ҳолда ўз оилаларини боқиш, рўзғорларини тебратишга имконсиз қолишади".

Бундан ташқари, "Тожикистондаги бугунги вазиятни назарда тутиб, сукут сақлашни афзал билишади".

Тақиқлар...

Соқол ва ҳижобга қарши кампания Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг "тожик маданиятига бегона" унсурларга қарши курашининг бир қисми сифатида кўрилади.

Сўнгги йилларда Душанбедан бутун Тожикистон бўйлаб милиция юз минглаб соқоллиларни ушлаганига оид хабарлар ҳам олинган.

Милиция уларнинг шахсларини аниқлаб, бармоқ изларини олгач, мажбуран соқолларини қиртишлагани маълум бўлган.

Таҳлилчиларга кўра, соқол ва ҳижобга қарши кампания замирида жамиятдаги радикаллашувга қарши кураш ва дунёвий тузумни сақлаб қолиш уринишлари ётади.

Тожикистонда соқол қўйишни тақиқловчи қонун мавжуд эмас.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг 99 фоизи Исломга эътиқод қилади.

Тоғли Бадахшондаги унча кўп бўлмаган шиа исмоилийлар жамоасидан ташқари деярли барча мусулмонлар Ҳанафий мазҳабидаги суннийлардир.

Тожикистон Қирғизистон билан бирга минтақадаги энг қашшоқ иккита давлатдан биттаси бўлади.

Мамлакат иқтисодини, йилларки, асосан четда меҳнат муҳожирлигида банд катта сондаги фуқаролари ортга юбораётган пуллар тутиб, юритиб келган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek