Ўзбекистон: Бузилаётган уйлар бўйича Тошкент ҳокимлиги жавоб берди

Би-би-си ўтказган терговга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан йирик лойиҳани олган ўзбек-британ компанияси сохта бўлиши мумкин. Би-би-си бу компания ҳақида Британия ва Ўзбекистон реестрларидаги шубҳали ҳужжатларни қўлга киритди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 1143-сонли қарорига биноан, Миробод туманидаги Кичик Бешёғоч ва Мингўрик кўчалари оралиғидаги "Байналмилал" маҳалласи бузилиши кўзда тутилган. Ҳамда, Ортиқхўжаевнинг 1327-сонли қарорига биноан, шу ҳудудда "Hyper Finance Group" ўзбек-британ қўшма компаниясига кўп қаватли бинолар қуриш ишларини амалга ошириш рухсат берилган. Аммо, бу компания, унинг капитали ёки тажрибаси ҳақида маълумот йўқ.

Хўш, Тошкент ҳокими президент фармонига қарши амал қилмоқдами? Нега шубҳали компанияга Тошкентдаги 5 мингдан ошиқ одам яшайдиган маҳаллани бузишга ва миллионлаб долларлик лойиҳани амалга оширишга рухсат берилган? Бу компания ортида аслида ким турибди?

Би-би-си Тошкент шаҳрининг Миробод туманидаги маҳалла бузилиши ва ўрнига "Миробод Сити" қурилиши бўйича ўтказган тергови доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлигига мурожаат қилди ва лавҳа эфирга узатилишининг эртасига Тошкент ҳокимлигидан ўз саволларига ёзма жавоб олди.

Тошкент ҳокимлигининг билдиришича, мазкур лойиҳага "Hyper Finance Group" 300 миллион доллар сарфлашни режалаган, аммо бу компанияда шунча маблағ борми ёки уни қаердан олиши бўйича текширув ўтказиш Тошкент ҳокимлиги ваколатига кирмайди. Демак, масъулият афтидан кўп тажрибага эга бўлмаган ва эгаси Шотландиядаги уйчада рўйхатдан ўтган компаниянинг елкасида. Ҳокимлик Би-би-сига бу борада "Hyper Finance Group"га мурожаат қилишни таклиф қилган. Яъни, Би-би-си мазкур компаниядан ўзи ҳақида молиявий текширув ўтказишни сўраши тавсия қилинган.

"Байналмилал" маҳалласини бузиш ва у ерда қурилиш ишларини олиб бориш қарори Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаевники, аммо ҳокимликка кўра, ундан норози бўлаётган аҳоли у билан эмас, Миробод тумани ҳокими билан учрашиши керак.

Ҳокимликка кўра, лойиҳани "Hyper Finance Group"га беришда тендер ё конкурс ўтказилмаган, балки "Очиқ эшиклар" куни олинган таклифга биноан лойиҳага рухсат берилган.

Тошкент ҳокимлиги Би-би-сининг мазкур компаниянинг Британияда рўйхатдан ўтган эгаси ҳақидаги саволларга жавоб бермади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NADEJDA BICHURINA
Image caption "Байналмилал" маҳалласи ўтказган сўровга кўра, 520та уйдан 462таси маҳалла бузилишига қарши имзо чеккан

Би-би-си Тошкент ҳокимлиги жавобларини "Тошкент сити" лойиҳаси бўйича тадқиқот олиб борган таҳлилчи Алишер Илҳомовдан изоҳлаб беришни сўради.

Аввало, Би-би-сининг саволлари ва ҳокимлик жавобларини (ўзгаришсиз) эътиборингизга ҳавола этамиз.

Савол: Ҳоким қарорлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 5495-сонли қарорига, хусусан ушбу бандига зидми: "...ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади"?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 1 августдаги "Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторларнинг бу борадаги давлат сиёсатининг изчиллигига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва инвесторлар билан ишлашда давлат тузилмаларининг масъулиятини ошириш мақсадида қабул қилинган. Фармонга кўра, ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун хужжатларига кўра, ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарар суммаси тегишли туман хокимликларида ташкил этиладиган комиссиялар томонидан мустақил баҳоловчи ташкилотлар жалб қилинган ҳолда амалга оширилади. Жумладан, мулк қиймати тарафлар келишувига кўра, пул кўринишида ёки яшаш учун яроқли турар-жойлар бериш орқали амалга оширилади. Айтиб ўтиш керакки, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2018 йил 27 июлдаги 1143-сонли қарорига кўра ер участкаси "Hyper Finance Group" компаниясига биноларни ўз ҳисобидан бузиш ва етказилган зарарларни қоплаш ва аҳолини рози қилиш шарти билан ўрнида замонавий кўп қаватли турар-жой бинолари, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари қуриш ажратиб берилган.

Савол: Нега ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу ҳудуддаги аҳоли вакилларининг учрашиш сўровларига жавоб бермаяпти?

Жавоб: "Миробод сити" қурилиши сабабли бузилишга тушган маҳаллада яшовчи одамлар билан Миробод тумани ҳокими Пўлатов Шухрат доимий равишда учрашиб бормоқда ва ахолининг саволларига жавоб бермоқда. Шунингдек, Миробод тумани ҳокимлигида бузилишга тушган бинолар бўйича етказилган зарарни қоплаш масаласида комиссия ташкил этилган бўлиб, комиссия томонидан ушбу худудда яшовчи аҳоли рўйхати ва мулклар аниқланмоқда.

Савол: Нега бу лойиҳа учун "Hyper Finance Group" танлаб олинди? Тендер ўтказилдими?

Жавоб: Тошкент шаҳар хокимлигида инвесторлар билан бевосита мулоқот ўрнатиш, уларнинг таклифлари ва лойихаларини очиқ мухоками қилиш, инвесторларга кўшимча кулайликлар яратиш мақсадида "Очиқ эшиклар куни" ўтказилган. "Очиқ эшиклар куни"да барча ташаббус билдирган тадбиркорлар ва инвесторлар ўз лойиҳалари билан қатнашиш имкониятига эга. "Миробод сити" лойиҳаси - "Байналминал" маҳалласида жойлашган якка тартибдаги турар-жой бинолари ўрнига замонавий, кўп қаватли турар-жой бинолари, мактаб, мактабгача таълим ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ўз ичига олган. Бу лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлигида 2018 йил июль ойида ўтказилган "Очиқ эшиклар куни" тадбири доирасида "Hyper Finance Group" компанияси томонидан тақдимот қилинган.

Савол: "Hyper Finance Group" бу лойиҳага қанча пул ажратган? Унинг режалари оммага ва ҳокимиятга тақдим қилинганми? Компаниянинг капитали қанча?

Жавоб: Инвестор мазкур лойиҳани амалга оширишда мулкдорларга етказилган зарарни қоплаш ва аҳолини рози қилиш шарти билан 300,0 млн. доллардан ортиқ инвестиция жалб қилишни режалаштирган. Амалдаги тартибга кўра, бундай лойиҳаларни амалга ошириш учун тендер ёки танлов ўтказиш белгиланмаган ва инвестор мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича ташаббус билдирган. Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, мазкур худудда 125 та кўп қаватли турар-жой бинолари, 2 та савдо ва хизмат кўрсатиш маркази, 5 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та мактаб, 3 та тиббиёт маркази, 2 та спорт мажмуаси, 5 та кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши ва 5000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Инвестор томонидан таклиф таклиф этилган лойиҳа хусусий инвесторлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилган ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан алоҳида ўрнатишни талаб этмаган.

Савол: "Hyper Finance Group"нинг муассиси 77 CORPORATION LP нега Шотландиядаги кичик турар жойда рўйхатдан ўтган? Унинг эгаси ким? Нега Британиядаги ҳужжатларда унинг имзоси бор, аммо исми йўқ?

Жавоб берилмади.

Савол: Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу лойиҳани "Hyper Finance Group"га топширишдан аввал due diligence, яъни компаниянинг молиявий ва тажриба нуқтаи назаридан бу ишга нақадар қодир эканини ўрганиб чиққанми?

Жавоб: Ўз маблағлари ҳисобидан инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ташаббус билдирган инвесторлар бўйича алоҳида ўрганишни ташкил этиш ("due diligens") ҳокимият ваколатига кирмайди. "Hyper Finance Group" компанияси бўйича сўралган маълумотлар юзасидан компанияга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Google Maps
Image caption Шотландиядаги мана бу уйда "Hyper Finance Group"нинг асосий эгаси ҳисобланмиш "77 CORPORATION L.P." билан бирга яна 3 мингдан ошиқ компания рўйхатдан ўтган

"Тошкент сити" лойиҳаси бўйича тадқиқот олиб борган таҳлилчи Алишер Илҳомов изоҳлари:

Тошкент ҳокимлиги бу лойиҳа учун масъулиятни тўлалигича компаниянинг елкасига қўйиши хавфли. Агар лойиҳа амалга ошмай қолди дейлик, минглаб одамлар эса кўчириб чиқарилган, уйлар бузилган, муайян компания эса банк ҳисобида атиги 100 доллар, ё 10 минг доллар кўрсатган. У компания эгаси бемалол қўлини ювиб, компанияни ёпиб, йўқолиши мумкин. Бу limited liability, яъни масъулияти чекланган компаниялар, шундай экан унинг эгаси фақат ўз бошланғич капиталида кўрсатилган пул билан жавоб беради. Мижоз эса қуруқ қолаверади. Мисол учун, лойиҳа эълон қилинди, ҳудуд ажратилди, одамларнинг ҳаёти остин-устун қилиниб кўчириб чиқарилди, ва тўсатдан инвестор йўқолиб қолади. Бунда лойиҳа ҳам тўхтайди, фойда ҳам келмайди. Бугунги кунда айнан шундай натижа юз беришини тасаввур қилса бўлади.

Hyper Finance Group ишида қандайдир лойиҳа давлат, хусусан шаҳар маъмурияти ташаббуси билан амалга ошириляпти. Бу ташаббусга жалб қилинган ҳар қандай компания билан ҳокимият ўртасидаги алоқалар ҳамма учун очиқ бўлиши керак. Буни кўрмаяпмиз. Бу инвестор - "Hyper Finance Group" - қандай критерийлар асосида танлаб олинди? Хўп, у аноним компания эмас экан, интернетдаги маълумотларга кўра, у Ўзбекистонда учта меҳмонхона қурган. Вебсайти бор, лекин бу сайт жуда кўп саволлар туғдиради. Биринчидан, у ерда кўрсатилган бош офис адресини картадан топа олмайсиз. Иккинчидан, сайтда нимагадир уларнинг аввалги лойиҳалари ҳақида маълумот йўқ. Учинчидан, унинг эгаси ким, раҳбарияти ким экани айтилмаган, буни билмаймиз.

Бу компания сайтида биронта актив кўрсатилмаган. Financial statement, яъни банкдан олинадиган молиявий ҳисоботи йўқ. Хўш, унинг пули қаердан келди, деган савол туғилади. Миробод Сити қурилиши учун 300 миллион доллар сарфламоқчи экан. Ўзбекистонда учта меҳмонхона қурган бўлса ҳам, бу мулкларнинг қиймати 300 миллион долларга яқинлашмайди. Қаердан олади бу пулни? Балки банкка мурожаат қилар кредит олиш учун, лекин банк кафолат сўрайди. Шундай тасаввур пайдо бўляптики, Ўзбекистонда кўплаб лойиҳалар мана шу йўсинда молияланаяпти - компаниялар номаълум, банк ҳисоби бўш, баъзилари ҳисобида ҳатто 100 фунт стерлинг турганини кўрдим. Масалан, Ташкент Ситига жалб қилинган хорижий инвесторлар рўйхатига кирганимда, баъзиларининг ҳисобида атиги 100 фунт ё 100 евро турганини кўрасиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NADEJDA BIRCHURINA
Image caption Би-би-си "Hyper Finance Group" директори Фарҳод Тошпўлатовга саволлар йўллади, аммо жавоб олмади

Мана шу вазиятда пул ювиш хавфи пайдо бўлади. Бу пуллар жиноий бизнеслар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳукумат ва шаҳар ҳокимлиги очиқча тендер жараёнини эълон қилиши керак эди - потенциал иштирокчилар ариза топшира олиши учун қанчадир вақт ажратилиши керак эди. Сўнгра, бу аризалар кўриб чиқилиб, ким танлаб олингани, қайси асосларда танлаб олингани, бу компаниялар ортида ким тургани эълон қилиниши керак эди. Агар бу қоидаларга риоя қилинмаса, ҳақиқий хорижий инвесторлар бундай лойиҳаларга қўшилмайди. Бу йўсинда иш тутиш билан жиддий инвесторларни чўчитиб, аксинча шубҳали компаниялар билан иш қиласиз. Ўзбекистон, билибми ё билмайми, мана шундай лойиҳаларга шубҳали схемаларни жалб қиляпти.

Агар қайсидир компания ўз пулларини офшор ҳисобларда сақлаётган бўлса, бу лойиҳа уюшган жиноий гуруҳларга алоқадор бўлиши эҳтимоли бор. Бу Ўзбекистоннинг имиджи, ўзбек бизнеси, шаҳар маъмурияти обрўси учун катта зарба бўлади.

Шотландияда, умуман Британия ва бошқа жойларда, битта адрес остида ўнлаб, юзлаб компаниялар рўйхатдан ўтганини кўрдик. Бу компанияларга асос солган шахслар компания бошланғич капиталига атиги бир неча долларни қўйишади, кейин кўрсангиз, у киши яна ўнлаб бошқа компанияларнинг эгаси бўлиб чиқади. Бу компанияларнинг ҳеч қандай ўтмиши, ё ҳисоботи йўқ. Бу компанияларни тузишдан мақсад нима? Мақсад - пул ўтказиш. Пул дунёнинг бир четидан бошқа четига, ва яна орқага, айланасига дейсизми, ўтказилаверади. Мақсад - бу пулларнинг қаердан келганини яшириш. Ҳалол ва тўғри йўл билан пул қилган биронта бизнес бундай йўл тутмайди. Пулни қайта-қайта айлантиришдан мақсад - унинг жиноий манбасини сир тутиш. Агар сиз бу компаниялар билан ҳамкорлик қилсангиз, демак сиз ҳам жиноий йўллар билан топилган пуллар билан ишлаётган бўласиз.

Жаҳон тажрибасига кўра, Тошкент ҳокимияти муайян лойиҳани беришдан аввал, уни қабул қилмоқчи бўлаётган компаниянинг молиявий ўтмиши ҳақида due diligence, яъни молиявий текширувлар ўтказиши керак (due diligence - инвестиция рисклари, компаниянинг молиявий аҳволи ва бозордаги ўрнини холисона ўрганиш). Аммо, Ўзбекистон қонунлари буни талаб қиладими, йўқми, буни айтишга қийналаман. Июль ойида Ўзбекистонда ҳукумат харидлари борасида қонун қабул қилинди. Ҳукумат харидлари буткул шаффоф бўлиши керак бўлган соҳа. Чунки унда ҳукумат қайсидир хусусий компаниялардан маҳсулот ё хизматлар сотиб олаётгани кўрсатилади. Бу энди қабул қилинди, лекин шу пайтгача тендер қоидаларига риоя қилинмаган. Телекоммуникация секторида юз берган йирик молиявий можарони бунга мисол қилиш мумкин (Гулнора Каримова ва Телиасонера иши). Агар шаффофлик қоидаларига риоя қилинмаса, бошқа секторларда ҳам яна коррупция можаролари юз бериши хавфи катта бўлиб қолади.

Мирзиёев мақтаманг деса, Ортиқхўжаев мақтанг дейдими?

Тошкент ҳокимияти шаҳарни сув босишида оддий одамларни айблади

Тошкент шаҳар ҳокими ўзгарди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek