Ўзбекистон, Самарқанд: Аёл кишини ечинишга мажбурлаган Санъат Умаров 6 ярим йилга қамоққа ҳукм қилинди, адолат қарор топдими?

Самарқанд Фото муаллифлик ҳуқуқи Asr.uz

"Санъат Умаров бегуноҳ аёлни эмас, куч тизимларини "яланғоч" видеога олди ва шарманда қилди". Шу қадар муносабатга сабаб бўлган ва интернетни том маънода ларзага солган шов-шувли ҳодиса юзасидан Самарқандда суд жараёни якунига етди.

Санъат Умаров олти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Шу йилнинг 3 июнь куни вилоятнинг Каттақўрғон шаҳри ИИБ биноси йўлагида содир бўлган ҳодиса ҳақида илк бор орадан ой ўтиб, Озодлик радиоси хабар тарқатган.

Озодликнинг "Facebook" саҳифасида чоп этилган видеотасвирда ўрта ёшлардаги аёл кадр ортидаги эркакнинг таҳдид ва ҳақоратлашлари остида кийимларини бирма-бир ечишга мажбурланган.

Видеода ходимнинг "Еч иштонингни! Еч деяпман сенга, с...й" деган ўшқиришларини эшитиш мумкин бўлган.

Қўрқувдан овози қалтираётган ва ечинишдан ҳаё қилаётган аёлнинг "акажон, мен қилмаганман", деган сўзлари ходимни аёлни таҳқирлашдан тўхтата олмагани кўринган.

Видеода тасвирга тушмаган бошқа бир аёлнинг "илтимос, ундай қилманг" дея ёлворгани ҳам эшитилган.

ИИБ биносига олиб келинган аёлларнинг бир неча киши экани айтилган.

Аммо таҳқирга дучор қилинган бошқа аёллар ва қолган таҳқирловчилар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Орадан қисқа вақт ўтмай, Ўзбекистон Бош прокуратураси Каттақўрғон шаҳрида ўғирликда гумон қилинган аёлни ечинишга мажбур қилган ИИБ тезкор вакили ушланганини маълум қилган.

2018 йил 4 июль куни Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан Каттакўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили Санъат Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Орадан икки кун ўтиб, Санъат Умаров Самарқанд шаҳар суди ажрими асосида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олингани хабар берилган.

Каттақўрғон милицияси раҳбарларига чора кўрилди

Ўзбекистонда таҳқирланадиган 5 тоифа ким?

Самарқанд ҳокими ва ечинтирилган аёл ўртасида қандай фарқ бор?

Суд ва судланувчи

Суд жараёни шу йилнинг 19 октябрь куни бошлангани хабар қилинган.

Мазкур жиноий ишнинг Самарқанд вилояти Жиноят ишлари бўйича суди томонидан кўриб чиқилаётгани маълум бўлган.

Судланувчи Санъат Умаровнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 206-моддаси 1-қисми, 235-моддаси 2-қисмининг "а" ва "з" бандлари ва 241-1 моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбланаётгани айтилади.

Бу айбловлар "ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш", "қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадар-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш" ва "жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш"ни кўзда тутади.

"Kun.uz" интернет нашрининг Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматига таяниб хабар беришича, ўтган вақт давомида айблов хулосаси ўқиб эшиттирилган.

Судланувчи С. Умаров ва жарбланувчи Н.Тошматованинг кўрсатмалари тингланган.

Суд тергови ўтказилиб, гувоҳлар ҳам сўроқ қилинган.

Суд жараёни давом этмоқда.

"Бу каби шов-шувли ҳодиса мустақил Ўзбекистон тарихида бўлмаган. Худди шу боис ҳам, ҳозир ҳамма бу суд жараёнининг қандай якун топишини интизорлик билан кутиб ўтирибди", - дейди Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида маҳаллий журналистлардан бири.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, "одамлар бу иш юзасидан адолатнинг мутлақ қарор топишидан умидвор. Шунга кўз тикиб ўтиришибди".

"Менимча, адолатли суд қилинади ва қилмишига яраша қонунда белгиланган жазони олади. Бундан бошқача бўлиши мумкин эмас", - дейди у.

МАВЗУГА АЛОҚАДОР

Фото муаллифлик ҳуқуқи OZODLIK

"2018 йил 22 июнь куни фуқаро Н.Т. Самарқанд вилоят ДХХ бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, 03.06.2018 йилда Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров ва бошқалар уни шаҳар ИИБ биносида ҳақорат қилиб, ечинтиришга мажбур қилишганлигини билдирган.

Ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, 03.06.2018 йил соат 10:00 ларда фуқаро Н.Т. Каттақўрғон шаҳрининг «Деҳқон бозори»да бўлган вақтида шаҳар ИИБ ходимлари уни ўғрилик қилганликда гумон қилиб, шаҳар ИИБ маъмурий биносига олиб келишганлиги аниқланган. Шаҳар ИИБ тезкор вакили С.Умаров унга ўғрилик қилиш мақсадида бозорга келганлигини айтиб, уни ҳақорат қилган. Сўнг ИИБ маъмурий биносининг коридорида Н.Т. нинг эгнидаги барча кийимларини ечишга мажбур қилиб, бу ҳолатни ўзи видеотасвирга олган". - Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳам баёнот берди, аммо... "Санъат Умаров куч тизимларини фош қилди"

Би-би-си: Аммо жабрдийда аёл ҳодиса юзасидан ДХХга шикоят аризаси билан мурожаат қилгани ҳақида Бош прокуратура тарқатган маълумотни тасдиқламаган.

Унинг сўзларига кўра, ҳеч кимга шикоят қилмаган, балки вилоят прокуратурага чақирилганидан сўнггина ариза ёзиб берган.

У Каттақўрғонда икки боласидани бўлак ҳеч кими йўқлиги ва болалари учун қўрқишини айтган.

"Менинг Санъат Умаровга ҳеч қандай даъвом йўқ. Чунки Каттақўрғонда икки боламдан бошқа ҳеч кимим йўқ. Булар билан душманлашсам, ўзимга, болаларимга зиён етказишидан қўрқаман. Шунинг учун ҳеч қаерга шикоят ҳам қилганим йўқ.

Вилоят прокуратурасига шикоят қилганим йўқ. Лекин мен танимайдиган бошқа одамлар мурожаат қилишибди. Мени чақириб, воқеа қандай бўлганини тушунтириб беришимни сўрашди. Бўлган воқеаларни ёзиб бердим, бор гап шу", - дея каттақўрғонлик аёлдан иқтибос келтирганди xabar.uz нашри.

Айни ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раисаси расман баёнот билан чиқишган.

Жумладан, Ички ишлар вазирлиги баёнотида, "ИИВ раҳбарияти томонидан бундай салбий ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва ички ишлар органлари сафларини нопок, тасодифан кириб қолган ходимлардан тозалаш мақсадида, доимий равишда кескин чоралар кўриб борилади", дейилган.

13 июль куни Ўзбекистон Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов Каттақўрғон туманига борган.

Орадан кун ўтиб, Каттақўрғон шаҳар ИИБ бошлиғи ва яна бир неча ходимининг ишдан олингани маълум бўлган.

Каттақўрғон Ички Ишлар бошқармаси барча ходимларини аттестациядан ўтказилиши белгилангани айтилган.

Вазирнинг Самарқанд вилоятига ташрифи бир ҳафтача давом этган.

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасининг айрим депутатлари ҳам ўз муносабатларини билдириш даражасида дадиллик кўрсатишган.

"Улар ўғри деб гумон қилинган аёлни эмас, бутун бошли миллатни, халқни, давлатни ечинтирибдилар. Қонунларимизни, оримизни, эркак деган номимизни оёқости қилибдилар… Ҳайф, ҳайф, ҳайф", деган фикрлар янграган.

'Аллоҳ жазоласин!'

Расмийлар ва депутатларнинг бу каби баёнотлари манзарасида ҳам ўзбек аёлининг куч ишлатар тизими ходими томонидан ечинтирилиб, таҳқирланиши ҳодисаси ижтимоий тармоқларда ғазабнок чиқишларга сабаб бўлган.

"Facebook"да ҳодиса билан боғлиқ #qadrimni_toptama хэштеги трендга чиққан.

Аксар фойдаланувчилар аёлни таҳқирлаган ИИБ ходимини жазолашга ва ИИВ раҳбариятини ҳодиса юзасидан изоҳ беришга чиқарганлар.

Муносабат билдирганлар орасида Ички ишлар вазири ва Самарқанд вилоят ИИБ раҳбарларининг истеъфосини талаб қилганлар ҳам бўлган.

Айримлар очиқликдаги аёлларга муносабат шундай бўлса, қамоқдаги маҳкумалар, хусусан, диний айблар билан қамалганларга нисбатан қандай муомала қилинаётган экан, деган саволларни қўйишган.

Баъзи фойдаланувчилар Ўзбекистон милицияси учун бу "норма" эканини айтиб, тизимдаги муаммоларга барҳам беришни талаб қилишган.

"ИИБ ва ДХХ соҳаларида эски одамлар ўша ўз эски услубида ишлаётгани ҳақида кўплаб хабарлар бор. Видео эса бунга далил", деб ёзган Муҳаммад Шакур ўзининг Фэйсбукдаги саҳифасида.

Таниқли футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов ҳодисани "ифлосликнинг энг туби" деб атаган.

"Яшадик ва ифлосликнинг энг тубини ҳам кўрдик, мана. Аллоҳ жазоласин, бошқа гап тополмадим. Зотан бундан катта жазони ҳам топиб беролмаймиз..." деб ёзган шарҳловчи.

"Рўмолни ечтиришни хоҳлаган жамият, кийимни ечтиришга, шир яланғоч қилишга ҳам қодир. Демак, инсонликнинг қизил чизиғига етиб келдик. Уёғи йўлсизлик", дея таассуф билдирган ислом олими ва блогер Мубашшир Аҳмад Фэйсбук саҳифасида.

Блогер Давронбек Тожиалиев эса "Аёлини хўрлаган миллатдан буюк кишилар чиқмаган", деб ёзган.

Ўзбек милициясининг гумондорлар ва маҳбусларга нисбатан зўравонлик, жумладан, жинсий зўравонлик ишлатиш ҳоллари ноодатий эмас.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek