Ўзбекистон - Тожикистон, Мирзиёев - Раҳмон: Ислом Каримов кескин қарши бўлган Роғун очилди

Кузнинг сўнгги кунларида Тожикистон баҳорий рангларга беланган - кўчалар ва машиналарда миллий байроқлар, ҳар қадамда президент Эмомали Раҳмоннинг улкан суратлари, ён-атрофда эса мамлакат ҳаётида янги давр бошланаётгани ҳақидаги шиорлар.

Image caption Роғун ГЭСи ҳалича тўлиқ қуриб битказилмаган. Бугун унинг 6 та агрегатидан биринчиси ишга тушди, холос.

Тожикистонда узоқ кутилган байрам бошланган.

Пойтахт Душанбедан юз чақирим олисда, тоғлар орасидаги Роғун шаҳрида президент Эмомали Раҳмон минтақадаги энг йирик гидроэлектростанциясини расман очиб берди.

Image caption Роғун ГЭСи биринчи агрегатини расман Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг ўзи ишга тушириб берди

Роғун ГЭСининг олти йирик агрегатидан биринчиси электр қуввати узата бошлади.

Тожикистон ҳукумати ҳам, халқи ҳам Роғунни мамлакатни иқтисодий танглик ва энергетик бўҳрондан олиб чиқувчи халоскор лойиҳа, деб билади.

Ҳақиқатан ҳам Роғун Марказий Осиёнинг қашшоқ давлати бўлмиш Тожикистон тарихидаги энг қиммат ва зиддиятли иншоот бўлиб қолмоқда.

Image caption Янги Роғун ГЭСининг очилиш тантаналари...

Лойиҳани амалга ошириш учун умумий ҳисобда $4-5 миллиард сарфланиши айтилади. Бу Тожикистон учун жуда катта маблағ.

Лекин мамлакат нафақат энергия тақчиллигидан қийналади, балки хорижий валюта келтирадиган манбалар жуда кам.

Тожикистон асосан Россия ва Қозоғистонда ишлайдиган меҳнат муҳожирлари пулига қараб қолган.

Image caption Роғун қурилиши якунланиши билан Тожикистон минтақада нафақат иқтисодиётда, балки сиёсатда ҳам ўз сўзи ва кучига эга давлатга айланади.

Икки йил олдин Роғун ГЭСи хавфидан огоҳлантирган Мирзиёев унинг қурилишида иштирок этишга тайёр

Ўзбекистон 'кескин қарши' бўлиб келган Роғун қурилишига 'Ғарб ҳам аралашди'

Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишини бошлади

Шундай шароитда Тожикистон на иқтисодий, на сиёсий тўсқинликларга қарамай, ўзида мавжуд энг муҳим имкониятни ишга солишга киришди.

Ҳақиқатан ҳам, мамлакат гидроэлектр қуввати ишлаб чиқариш бўйича дунёда энг йирик салоҳиятга эга ўн давлатдан бири ҳисобланади.

Тожикистон электр энергиясини экспорт қилиш орқали ўз иқтисодий ва энергетик аҳволини яхшилаб олишга қаттиқ умид боғламоқда.

Бироқ қўшни давлатлар, айниқса, Ўзбекистон Роғун бизни сувсиз қолдиради, деб ушбу лойиҳага кескин қарши бўлиб келган. Марҳум президент Ислом Каримов ўз вақтида сув туфайли минтақада уруш бошланиб кетиши мумкинлигини ҳам таъкидлаган эди.

Image caption Бу жой келаси 15 йил ичида сув тубида қолади...

Ўзбекистоннинг сувга эҳтиёжи катта. Марказий Осиё аҳолисининг ярмидан кўпи Ўзбекистонда яшайди. Мамлакат пахтаси - сувталаб экин. Ўзбеклар истеъмол қиладиган сувнинг аксар қисми қўшни Тожикистон ва Қирғизистондан келади.

Лекин таҳлилчиларга кўра, бу ерда иқтисодий омиллар ҳам муҳим ўрин тутган. Тошкент ҳам, Душанбе ҳам ташқарига электр қувватини сота бошлаган. Хусусан, икки мамлакат Жанубий Осиё бозорларига чиқмоқда.

Икки давлат ҳам аллақачон Афғонистонга электр узатади.

Бироқ Ўзбекистон ишлаб чиқарадиган электр таннархи Тожикистонникидан қимматга тушади.

Тожикистон эса Роғун тўлиқ ишга тушиши билан ҳар йили 17 миллиард кв/соат электр қуввати ишлаб чиқара бошлайди. Бу электр Ўзбекистонникидан икки баробар арзон ва экологик тоза.

Янгича сиёсат

Фото муаллифлик ҳуқуқи Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги
Image caption Шавкат Мирзиёев қудратга келган қисқа вақтнинг ичида деярли барча қўшнилари билан муносабатларини қайта тиклашга муваффақ бўлгани кузатилади.

Шундай бўлса ҳам, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келгандан сўнг Ўзбекистон Тожикистон билан муносабатларини яхшилашни бошлади.

Ҳатто, Роғун ГЭСига нисбатан ҳам муносабат буткул ўзгарди ва расмий Тошкент Роғун қурилишига қарши эмаслигини билдирди.

Айни пайтда дунёдаги энг баланд - 335 метрли тўғонли сув омборини тўлдириш учун яна 15 йил керак бўлади.

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатлашган Тожикистон расмийлари бу вақт давомида қуйи оқимда қўшни Ўзбекистон асло сувсиз қолмаслигини қайта-қайта таъкидлашди.

Уларга кўра, бугун Роғун ГЭСининг биринчи агрегати ишга тушиши билан илк ўринда электр тақчиллиги бошдан кечираётган ўзбек халқига арзон ва узлуксиз энергия узатилади.

Ислом Каримов: Роғун ва Қамбарота лойиҳалари одамларнинг ҳаётига катта хавфдир

Марказий Осиё сув учун урушадими?

Президент Каримов: 'Қўшниларимиз зилзилаларни яширишаяпти'

Image caption Феруза Алиметова, 33 ёшда, Роғун ГЭСи қурилишида ишлаётган ягона аёл муҳандис.

Роғун ГЭСи тўлиқ ишга тушгач эса, Тожикистон нафақат Марказий Осиё, балки Жанубий Осиёга қадар электр энергияси сотиш имконига эга бўлади ва мамлакат жаҳон энергия бозорида ўз ўрнига эга бўлади.

Қурилиш ишлари давом этмоқда. Тожикистон расмийлари хорижлик меҳмонларни қурилиш ишлари жадал кетаётган майдонларга олиб тушди. Автобусларда улкан ерости йўллари орқали бир неча соатга чўзилган ушбу саёҳат давомида қурилишлар кўлами қандайин даражада улкан эканини англаш мумкин эди.

Бизга ҳамроҳлик қилган тожик расмийлари биз юрган жойлар келаси 15 йил ичида сув остида қолиши, бу туннеллар эса машиналар учун эмас, балки тоғлар орасидаги сув омборини ўзаро боғлаб турувчи йўллар эканини тушунтириб берди.

Image caption Йўқ, бу туннель машиналар қатнови учун мўлжалланмаган. У ва яна шунга ўхшаш бошқа кўплаб туннеллар тоғлар орасидаги сув омборини ўзаро боғлаб турувчи йўллар бўлади.

Тожикистон тарихидаги энг йирик ва қиммат бу қурилишда жаъми 25 минг нафар ишчи ва муҳандис тер тўкмоқда. Тожикистонлик ишчилар оддий бир гидроэлектрстанция эмас, балки ўз фаровон келажакларини бунёд этаётганликларини таъкидлайдилар.

"Роғун - юртимнинг ва халқимнинг келажаги, фаровонлиги учун жуда муҳим", - дейди биз билан суҳбатлашган Роғундаги ягона муҳандис аёл Феруза Алиметова. 33 яшар Феруза оилали, фарзанди бор. Бироқ кеча-кундуз демай, қийинчиликларга қарамай, бу ерда ишлаётганини айтади.

«Бу боламнинг келажаги учун зарур,» хулоса қилади суҳбатдошимиз.

Роғун қурилиши якунланиши билан Тожикистон минтақада нафақат иқтисодиётда, балки сиёсатда ҳам ўз сўзи ва кучига эга давлатга айланади.

МАВЗУГА АЛОҚАДОР

Image caption Роғун ГЭСининг қурилиш ишларига 20 мингдан ортиқ одам жалб қилинган

Британиянинг нуфузли нашри The Economist Тожикистондаги гидроэлектр манбаларига доир мақола чоп этган.

Танқидий руҳда ёзилган мақола асосан Роғун лойиҳасига бағишланади.

Ўта қашшоқ, аммо сувга бой Тожикистон электр энергияси иншоотларини қуриб - қўшни Афғонистон ва Жанубий Осиёга электр энергеяси сотишни орзу қилмоқда, деб ёзади The Economist. - The Economist: "Роғун рўё ва ё ўта нореал лойиҳа..."

Би-би-си: Ўзбекистон каби йирик қўшнилари ўзаро алоқаларни тенглик ва дўстлик тамойиллари асосида ўрната бошлайди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бундан қўрқиш керак эмас.

Сабаби қўшниларнинг ўзаро муносабатларни ташқи таъсирсиз, мустақил тарзда олиб бориш имконлари кучаяди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати очилиш маросимини Роғуннинг ўзидан туриб бевосита ёритади. Бизни bbcuzbek.com ва ижтимоий мулоқот тармоқларидаги аккаунтларимиздан кузатиб боринг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek