Ўзбекистон, Тошкент ва Мирзиёев: Оммавий қасамёдлар нима дегани?

Айрим Ғарб нашрларида сайланишидан йил ўтмай, янги президенти Хитойнинг ислоҳотчи лидери Дэн Сяопинга қиёслаган Ўзбекистонда фермерлар ортидан, шифокорлар ҳам оммавий қасамёдга келтирилганига оид хабарлар олинмоқда.

Маҳаллий кузатувчиларнинг бирдек эътироф этишларича, бунақаси мамлакат мустақиллиги тарихида кузатилмаган.

Илк оммавий қасамёд ҳодисаси куни-кеча Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида амалга оширилган.

Хабарлардан бу каби маросимларнинг "ўзгача руҳда ташкиллаштирилган"и маълум бўлган.

Аммо унинг ташаббускори ким экани ёки бўлгани мавҳум қолган.

Маълум бўлгани шуки, маросим бутун Сирдарё бўйлаб туманма-туман уюштирилган.

Маҳаллий фермерлар ё вилоят ҳокими ва ё прокуратураси ва ё ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг вакиллари қаршисида қасам ичишган.

Хабарларга кўра, айрим туманларда уларга тайёр қасамёд матни берилган.

Бу матнларнинг ҳам уларга ким томонидан тарқатилгани тафсилотлари маълум эмас.

Улар ёки нопок ишларга қўл урмасликларини айтиб, қасам ичишган.

Ёки нима етиштириш бўйича ва неча гектар ерлари борлигига қараб, алоҳида, алоҳида қасамёд келтиришган.

Ўзбекистон, Сирдарё: Фермерлар вилоят ҳокими олдида оммавий қасам ичди

Ўзбекистон, Тошкент, Мирзиёев: Патент ёки давлат халқнинг сабрини синаяптими?

Ўзбекистон: Президент Шавкат Мирзиёев берган эркинликни ким олиб қўйди?

Бугун, 20 октябрь куни олинган хабарлардан маълум бўлишича, энди бу ишга сирдарёлик шифокорлар қўл уришган.

Улар ўз касбларига содиқ қолишларини айтиб, мамлакат президентига қасам ичишган.

Бу ҳақда ўзларига имконли бўлган ҳужжатга таяниб, repost.uz нашри хабар тарқатган.

Соғлиқни сақлаш тизими Ўзбекистоннинг янги президенти энг кўп танқидга тутиб келаётган соҳалардан бири бўлади.

Бошқа томондан, фермерлар ўзларининг давомий шикоятларига қарамай, ҳали Бош вазир экан, Шавкат Мирзиёев улар учун давлат томонидан яратилган қулай шароитлар дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида йўқ эканини айтган соҳа вакиллари бўлишади.

Ҳозирча ҳар икки оммавий қасамёд ҳодисасига мамлакат президенти ва ҳукуматининг расмий муносабати маълум эмас.

Аммо, айниқса, фермерлар билан ҳодиса ижтимоий мулоқот тармоқларини том маънода жунбушга келтирган Ўзбекистон билан боғлиқ яна бир ғайриодатий ҳодисага айланган.

Ўзбекистонлик аксарият интернет фойдаланувчилари томонидан, "Биз қаёққа қараб кетаяпмиз?", деган саволларни пайдо қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Шундай экан, буларнинг барчаси нималарга далолат қилади?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди ана шундай савол билан Лондонда истиқомат қилаётган жамиятшунос Алишер Илҳомовга мурожаат қилди:

Алишер Илҳамов: Сўзсиз, бу - аҳмоқона ташаббус. Буни, таъбир жоиз, меҳнат лагери яратиш йўлида қўйилган бир қадамга ҳам қиёслаш мумкин. Бунда фермер гўёки ҳарбий хизматчига тенглаштирилади. Қасамёд ҳам худди шундан келиб чиқади. Чунки, агар, сиз фермерни ҳарбий хизматчига айлантирмоқчи бўлмасангиз, бу каби қасамёд нега керак? Яъни, фермер ўзининг одатий иш фаолиятини шахсий манфаатларидан келиб чиқиб эмас, қандайдир бурчлар, олий ватанпарварлик туйғуларидан келиб чиқиб бажариши керак бўлса...Бу каби воқеълик, сўзсиз, Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов деярли тўлиғича сақлаб қолган Советлар даври мероси билан боғлиқ воқеълик.

Би-би-си: Аммо фермерларнинг оммавий қасамёдга келтирилиши билан боғлиқ воқеълик Ислом Каримов бошқаруви даврида эмас, АҚШда чоп этилувчи "Форбс" нашри сайланишидан йил ўтмай, уни Хитойнинг ислоҳотчи лидери Дэн Сяопинга қиёслаган Шавкат Мирзиёев бошқаруви даврида кузатилаяпти?...

Алишер Илҳамов: Ўзбекистонда фермерларни оммавий қасамёдга келтириш даражасига борилгани - бу мамлакат қишлоқ хўжалиги, айниқса, пахта етиштириш соҳасида аҳвол билан боғлиқ. Бир томондан, Шавкат Мирзиёев бу соҳада мажбурий меҳнат билан боғлиқ муаммолар борлигини тан олди. Аҳолининг муайян тоифасини қишлоқ хўжалик ишларига жалб этмасликка фармойиш берди. Аммо, бошқа тарафдан, пахта саноатида маъмурий-буйруқбозликка асосланган эски бошқарув модели сақланиб қолди. Яъни, бошқарувнинг ҳаддан зиёд марказлашгани, барча ричагларнинг давлат қўлида экани, пахта ишлаб чиқариш ва унинг экспортидан тушаётган маблағларга ҳам давлатнинг эгалик қилиши...Бошқарувнинг шу каби вертикал модели шу туришича сақлаб қолинган. Бу икки тенденция, яъни бир томондан, мажбурий меҳнат ҳолларига чек қўйиш масъулияти, иккинчи тарафдан, квоталар кўринишида минтақалар, туманлар, фермерлар учун давлат режасининг бажарилишини шарт қилиб қўйувчи ҳаддан зиёд марказлашган бошқарув модели бир-бирига мувофиқ эмас, зид. Агар, пахта саноатининг нормал фаолият юритиши, юқоридан берилган буйруққа эмас, манфаатларга асосланган ҳолда қурилган бўлишини истасангиз, сиз бу соҳанинг ўзини ислоҳ қилишингиз керак. Аммо бундай бўлмади. Бунинг ўрнига Хрушчев давридаги совнархозларга ўхшаш кластерлар каби қанақадир маъмурий ташкилотлар ўйлаб чиқарилди. Мен бу ерда Хрушчев даври билан бекорга муқояса қилмадим. Чунки умуман олганда, Шавкат Мирзиёев Никита Хрушчев тутган йўлини такрорлаяпти. Хрушчев ҳам аввалига қанақадир ислоҳотларни бошлаган, аммо кейинчалик улар тўхтаб қолганди. Чунки давлат бошқаруви, иқтисодий бошқарув ислоҳсиз қолганди. Ҳаддан зиёд марказлашиш, барча соҳалар устидан давлат назорати. Биз Ўзбекистон мисолида ҳам худди шунга ўхшаш воқвеъликка гувоҳ бўлиб турибмиз. Фермерларга иқтисодий эркинлик берилмади. Расман фермер, деб аталишса-да, ҳали-ҳануз собиқ совхозлар даврида бригадирлар вазифасини бажаришади. Бу каби зиддият эса, шунга ўхшаш хаос ҳолатини пайдо қилади. Фермерлар кимнинг қайси буйруғини бажаришлари тушунарсиз, дейлик, ҳеч ким уларни пахта етиштириш бўйича давлат режасини бажариш масъулиятидан соқит этмаган. Худди шунинг баробарида яна уларга мажбурий меҳнат ҳолларига йўл қўймаслик буюрилади. Худди шу каби хаос ҳолатида, афтидан, бу йил пахта етиштириш бўйича давлат режаси муваффақиятсизликка учрамоқда. Пахта экспортидан келувчи муайян миқдордаги валюта тушуми давлат ғазнасига тушмаяпти. Шунинг учун ҳам, улар ҳозир вазиятни ўнглаш, назоратни ушлаб қолиш ва фермерларнинг пахта режасини тўлиғича бажаришларига эришиш учун ислоҳотларнинг ўрнига шу каби фавқулодда чора-тадбирларга қўл урмоқда. Бунинг энг осон йўли эса, яна ўша эски маъмурий-буйруқбозлик усуллари, модели ва тизимига қайтиш, мурожаат қилиш бўлмоқда. Фермерларнинг оммавий қасамёдга келтирилиши воқеълиги бунинг яққол кўринишларидан бири бўлади. Яъни, фермерлар, аҳолининг бошқа тоифаси вакиллари, давлат хизматчиларига босим ўтказишки, пахта етиштириш бўйича давлат режасини бажартириш сўнгги воқеъликка бир мисол.

Би-би-си: Буларнинг барчасидан қандай хулоса чиқариш мумкин бўлади, энди? Яъни, оммавий қасамёдлар каби ҳолатлар яна давом этаверади, тўғрими? Яъни, сиз айтмоқчи, хаос муҳити қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?

Алишер Илҳамов: Биринчидан, ислоҳотлар йўлидан буткул ортга қайтилиши, фермерлар иқтисодий эркинликларини қўлга киритмай қолиб кетишлари хавфи бор. Яъни, эски, Каримов даври режимини қайта тиклаш жараёни бошланиши мумкин. Мен буни аввалбошдан башорат ҳам қилганман. Охирига етмаган, чала-ярим ислоҳотлар, маълум маънода, хаос ҳолатини пайдо қилади. Чунки бир-бирига мувофиқ келмайдиган тенденциялар бўй кўрсатади. Бу каби шароитда янги раҳбарият олдинга сураётган, дейлик, иқтисодни кўтариш, бизнесни фаоллаштириш, сармоя жалб қилиш каби стратегик вазифалардан бирортаси амалга ошмайди. Ислоҳотлар қилаётган экансиз, уни охиригача олиб боришингиз керак. Агар, бу иш чала-ярим ёки қисман амалга оширилса, на-да тезкор ва на-да узоқ муддатли натижага умид қила олмайсиз. Бунга ўхшаш хаос ҳолати ва иқтисодий жабҳадаги муваффақиятсизлик Каримов давридаги эски, синалган, мажбурий меҳнат, эркинликларнинг чекланиши, иқтисоднинг тараққий этмаслиги кўринишида мамлакатга қимматга тушган бўлса ҳам, пахта етиштириш бўйича давлат режаси бажарилган эски моделга қайтишга мойилликни пайдо қилади.

Би-би-си: Ўз-ўзидан шу ўринда нима қилмоқ керак, деган савол туғилади, шундайми? Бу саволнинг жавобига сиз нима деган бўлардингиз?

Алишер Илҳамов: Мен бу ҳақда бундан бир йилча бурун Fergana.ru интернет сайти учун ёзган мақоламда тўхталиб ўтганман. Бунинг учун энг аввало Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги соҳаси, айниқса, пахта етиштириш саноати ислоҳ этилмоғи лозим. Маъмурий-буйруқбозликка асосланган модел йўқ қилиниши керак. Давлат бошқарувчи вазифасидан воз кечиши шарт. Фақат у ёки бу соҳада иқтисодий фаолиятни тартиб солиб турувчи ролини бажариши лозим. Жорий тизим марказий ҳукумат назорати остига кетаётган даромадни йиғиб олиш асосига қурилган. Шунчаки лозим иқтисодий шарт-шароитлар яратиш билан, фермерларга эркинлик, улар ўзлари истаган экинни етиштириш имконини бериш керак. Бу қишлоқ хўжалик секторининг турфалашишига олиб келади. Фермер ҳам энг кўп даромад қилиши мумкин бўлган истиқболли соҳага эътибор қаратади.

Би-би-си: Ернинг хусусийлаштирилмагани, экспертлар наздида, мамлакат аҳолисининг сони ва унумдор ерларнинг кўлами назарда тутилганда, бу ишнинг Ўзбекистон шароитида имконсиз экани назарда тутилса, сиз кўзда тутаётган ислоҳотлар, эркинликлар ҳақида сўз юритиш қанчалик ўринли бўлади?

Алишер Илҳамов: Менимча, бу масалада ерни хусусийлаштириш йўлидан ҳам бориш мумкин. Аммо хусусий мулк ҳимоясининг ҳуқуқий кафолати бўлмаган бир шароитда бу иш бермайди. Бунга қўл урмай ҳам, фермерларга иқтисодий эркинлик бериш мумкин. Ҳозир ер узоқ йилга қилиб ижарага берилади. Аммо фермер бу ердан ўзи истаганча фойдалана олмайди. Зиммасига режалар, квоталар юкланади. Уларни уддалай олмаса, таҳқирлаш, ҳақоратлаш, дўппослаш кўринишида жазоланади ҳам. Бу эса яна ўша маъмурий-буйруқбозлик тизимига хос ҳолатлардир. Демоқчи бўлганим, ҳақиқий ижара шартларининг амал қилиши қандайдир маънода кафолатланган бўлиши керак. Бунинг учун ҳукумат иқтисодий сиёсат нуқтаи назаридан марказлашган моделдан, қишлоқ хўжалиги, фермерга нисбатан бошқарувчи ролидан воз кечиши керак.

Би-би-си: Лекин, сиз айтмоқчи, марказий ҳукумат ихтиёри, назорати остига келиб тушувчи энг катта миқдордаги валюта тушумларидан бири айнан пахта экспортидан келади. Шундай экан, ҳукумат қанчалик сиз назарда тутаётган воз кечишларга бораркин?

Алишер Илҳамов: Агар, бу ишларга қўл урмаса, ҳукумат ўша Каримов давридаги марказлашган моделга ўралашиб қолаверади. Мамлакат иқтисоди изчил ривожланиш йўлига чиқмайди. Умумиятла айтганда, иқтисодни манфаат юритади, ҳаракатлантиради. Шу боис ҳам, иқтисодий манфаатдорликсиз, юқоридан берилган буйруқлар билан иқтисод қурилмайди, тараққий топмайди. Аммо Ўзбекистонда ҳали-ҳануз иқтисодиётнинг муайян соҳалари юқоридан берилган буйруқлар асосида бошқарилмоқда.

Би-би-си: Ислоҳотлар йўлини тутажагини ошкора намойиш этиб келаётган Ўзбекистоннинг янги ҳукумати, сизнингча, буни англаб етмайдими? Шундай хулоса чиқаришимиз қанчалик ўринли, тўғри бўларкин?

Алишер Илҳамов: Бунинг учун ҳукумат сафларида янги кадрлар керак. Аммо биз ҳозир уларни кўрмаяпмиз. Мамлакат Бош вазиридан тортиб, таъбир жоиз, эскича яшашга ўрганиб қолган ўша-ўша эски ходимлар. Уларнинг айримлари консерватив доиралардан. Айнан ана ўшалар ишни шундай юритиш кераклигини уқтириб, Мирзиёевга босим ўтказишади. Биз Мирзиёев атрофида яққол кўзга ташланиб турган бирор бир ислоҳотпарвар сиёсатчини кўраётганимиз йўқ. У ўз атрофига кимларни йиққан бўлса, ўшалар билан иш олиб бораяпти. Бу инсонларларнинг ўзига босим ўтказиш ва Каримов давридаги эски бошқарув моделига тортишларига имкон бераяпти.

Би-би-си: Демак, бу яқин-ўртада Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида, пахта саноатида ислоҳотлар, янгиланишларга умид қилишга ҳожат йўқ?..

Алишер Илҳамов: Агар, Сирдарёдагисига ўхшаш фермерларнинг оммавий қасамёдга келтирилишлари ҳодисаси бутун мамлакат бўйлаб ёйиладиган бўлса, бу Ўзбекистоннинг эски даврларга қайтаётганига далолат қилади. Ҳозирча эса, биз бунинг ягона ҳолат бўлганми ва ёки қанчалик кенг тарқалиши мумкинлигини билмаймиз. Агар, бу тенденция сақланиб, янада кучаядиган бўлса, у ҳолда мен бу борада бирор бир умид нишонасини кўрмайман.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek