Ўзбекистон: Самарқандлик блогер инсон ҳуқуқлари анжуманига қўйилмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи rtoshpulat.blogspot.com/
Image caption Тошпўлат Раҳматуллаев Самарқанддаги долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолар таҳлил қилинган чиқишлари билан маълум

Мустақил журналист ва блогер Тошпўлат Раҳматуллаев Самарқандда бошланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё Форумига қўйилмаган.

Бу ҳақда журналистнинг ўзи Фэйсбукдаги саҳифасида маълум қилди.

"Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини ёритишга таклиф этилган журналистлар рўйхатида кеча мен ҳам бор эдим. Ташкилотчилар ўзларининг охирги йиғилишига таклиф этишган эди. Бугун эрталаб тегишли органлар янги рўйхат тузганлигини ва камина унга киритилмаганлигимни айтишди. На илож. Бу биздаги ўзгаришларнинг қанақалигини кўрсатувчи аниқ бир мисолдир. Ҳақ сўздан қўрқиш, ҳадиксираш ҳали бардавомлигининг ишориси бу!", - деб ёзди Тошпўлат Раҳматуллаев.

Ҳибсдаги блогерлар: Ўзбекистон Каримов даврига қайтмоқдами?

HRW: 'Ўзбек блогерларини қамаш эмас, эшитиш керак'

Ўзбекистон: Мирзиёев репрессияларни қайта бошлашга рози бўлдими?

Унинг қўшимча қилишича, анжуман иштирокчилари рўйхати Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов томонидан тасдиқланган, бир кун аввалги ташкилий мажлисда журналистнинг номи тилга олинган.

"Афтидан, - деб ёзади у, - ниҳоий рўйхат тегишли идораларда тасдиқланган кўринади.

Тошпўлат Раҳматуллаев ўзбекистонлик энг фаол блогерлардан.

У Самарқанд шаҳри ҳамда вилоятидаги долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолар таҳлил қилинган чиқишлари билан маълум.

Янги ҳукумат ва эски муаммолар

Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини ўтказиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёевга тегишли.

У ўтган йил сентябрида Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 70 йиллигини шу тариқа нишонлаш таклифи билан чиққан.

Расмий матбуотда Президентнинг Форум иштирокчиларига табриги матни эълон қилинган.

Унда Мирзиёев Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни давом эттиришини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UzA
Image caption Мирзиёев инсон ҳуқуқлари борасидаги ислоҳотларни давом эттиришга ваъда берган

Халқаро ташкилотлар Мирзиёев ҳокимиятга келиши ортидан қатор сиёсий маҳбусларнинг озод этилиши ва минглаб диндорларнинг қора рўйхатдан чиқарилишини инсон ҳақлари вазиятини яхшилашга қаратилган жиддий қадамлар сифатида эътироф этишган.

Ўтган ҳафта Ҳьюман Райтч Уотч ташкилоти Мирзиёев ҳукуматини қамоқдан озод этилган сиёсий маҳбусларни тўла реабилитация қилишга чақирган.

Самарқанддаги анжуман арафасида Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳақлари бўйича бош музокарачиси Акмал Саидов "Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида"​ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилаётганини маълум қилган.

Халқаро-пресс клубдаги пресс-брифингда гапирган Саидов қонундаги энг кўп мунозараларга сабаб бўлиб келган "ибодат либоси"​ масаласида кенг жамоатчилик фикри инобатга олиниши кераклигини айтган.

​Кун.уз нашрининг Акмал Саидовдан иқтибос келтиришича, янги қонунда диний ташкилотларни рўйхатга олиш эркинлаштирилади, ҳисобот бериш енгиллаштирилган, давлат божи миқдори ҳам камайтирилган.

"Энг муҳими,-деб айтган у, - энди диний ташкилотлар фаолиятини тугатиш ёхуд тўхтатиш масаласи фақат суд қарори билан амалга оширилиши белгиланмоқда".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek