Ўзбекистон фуқароси Би-би-сининг «Энг нуфузли 100 аёл» рўйхатидан жой олди. Рўйхатда яна кимлар бор?

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz
Image caption Лейла Белялова

Би-би-си 100 Women дастури доирасида 2018 йилда дунё бўйлаб энг таъсирли ва нуфузли, дея тан олинган аёллар рўйхатини эълон қилди. Рўйхатда ўзбекистонлик 61 ёшли ўқитувчи Лейла Белялова ҳам ўрин олган.

Белялова Самарқанд давлат университетида ўқитувчи, ҳамда Ўзбекистон қушларни асраш бўйича жамиятининг аъзоси экани айтилади. У Ўзбекистон тоғларидаги экологик тизимнинг биологик турфахиллигини сақлаб қолиш йўлида ишлайди ва қушларнинг турларини ҳимоя қилади.

15 ёшдан 94 ёшгача бўлган 100 нафар аёл турли соҳаларда инсоният ривожига қўшган хиссаси, қатор мавзуларда олиб борган шарафли фаолияти учун Би-би-си томонидан 2018 йилнинг энг нуфузли аёллари сифатида эътироф этилган.

Замонамиз қаҳрамони, дея кўрсатилаётган ушбу аёллар 60 давлатдан танлаб олинган.

Улар орасида қамоқдаги вақти давомида бизнес лойиҳалар яратган инглиз аёлидан тортиб ўғил болага алмаштириб юборилишига бир баҳя қолган афғон қизини ҳам топиш мумкин.

Қуйида The BBC 100 Women of 2018 рўйхатидаги аёллар ёши, мутахассислиги, туғилган давлати ва таржимайи ҳолига кўра алифбо кетма-кетлигида келтирилган.

1) Абисое Ажайи-Акинфоларин, 33 - Ижтимоий ташаббускор тадбиркор, Нигерия.

Абисое қизларга дастурлаш, вебсайтлар яратишни ўргатиш орқали ўз жамиятига ёрдам беришига имкон яратувчи GirlsCoding нодавлат ташкилотига асос солган.

Image caption Би-би-сининг «Энг нуфузли 100 аёл» рўйхати

2) Эсра ал-Шафей, 32 - Majal.org нотижорат ташкилоти ижрочи директори, Баҳрайн.

Эсра Яқин Шарқ ва Африкада ўзини намоён қилишга имкони кам инсонлар учун ёрдам таклиф этувчи қатор рақамли платформаларни яратган.

3) Светлана Алексеева, 18 - Модель, Россия.

Ёнғин туфайли танасининг деярли ярим қисми куйиб кетган Светлана, ҳозирда, одамларни ўзининг чандиқли танасидан баҳра олишга ўргатиб келади.

4) Лизт Алфонсо, 51 - Директор ва хореограф, Куба.

Лизт халқаро фюжн рақсини ўргатувчи эътироф этилган компанияга асос солган. Унинг раққослари дунёдаги юзлаб шаҳарларда томошалар ташкиллайди.

5) Нимко Али, 35 - Ёзувчи ва фаол, Сомалиленд.

Нимко қизларни мажбуран хатна қилиш одатининг оқибатларидан дунё аҳлини огоҳлантириб келувчи таниқли фаол.

6) Изабел Алленде, 76 - Муаллиф, Перу.

Ота-онаси асли чилилик бўлган Изабел Перуда дунёга келган. У испан тилида энг кўп ўқилувчи дунёга машҳур ёзувчидир. Унинг 42 тилдаги китоблари 70 миллион нусхадан зиёд сотилган.

7) Бушра Яҳё Алмутавакил, 49 - Артист, фотосуратчи ва фаол, Яман.

Бушра Ямандаги илк профессионал фотосуратчи аёл. Унинг суратлари дунёдаги турли кўргазмаларда намойиш этилган ва Британия Музейи томонидан сотиб олинган.

8) Алина Анисимова, 19 - Дастурчи ва талаба, Қирғизистон.

Алина Қирғиз Қизларининг Коинот Мактабига раҳбарлик қилади. Мазкур мактаб мамлакатнинг илк сунъий йўлдошини фазога учиришни мақсад қилган.

9) Франсес Арнолд, 62 - Кимёвий муҳандислик, биомуҳандислик ва биокимё фанлари профессори, АҚШ.

Франсес жорий йилда кимё бўйича Нобел мукофотини қўлга киритган ва унинг ферментлар юзасидан олиб борган ишлари дунё лабораторияларида қўлланилади.

10) Ума Деви Бади, 54 - депутат, Непал.

Ума Непалда «ҳазар қилинганлар» ҳисобланувчи Бади элатидан. У сиёсатчи сифатида ўз жамоати нуфузини оширишга уриниб келади.

11) Жудит Балказар, 65 - Нафақадаги модалар дизайнери, Буюк Британия.

Бир неча мода компанияларни бошқарган Жудит сийдик тутиб тутолмасликдан азоб чекувчи аёллар учун махсус ички кийимлар ишлаб чиқарадиган Giggle Knickers компаниясига асос солган.

12) Синди Арлетте Контрерас Батиста, 28 - Ҳуқуқшунос, Перу.

Арлетте севган йигити томонидан дўппослангани туширилган видео тарқалиб кетгандан сўнг Перудаги оилавий зўравонликка қарши курашувчи NiUnaMenos (Бирор [аёл] кам эмас) ҳаракатининг юзига айланган.

13) Лейла Белялова, 61 - Университет маърузачиси, Ўзбекистон.

Лейла Ўзбекистон тоғларидаги экотизим ва қушлар турларини муҳофаза қилиш йўлида маърузалар ўқийди.

14) Аналия Бортз, 51 - Шифокор, раввин ва биоэтик, Аргентина.

Аналия ўз фаолиятини бепуштликдан қийналаётган аёлларни даволашга бағишлаган шифокор ҳисобланади.

Image caption Би-би-сининг «Энг нуфузли 100 аёл» рўйхати

15) Феалофани Брун, 35 - Профессионал яхта бошқарувчиси, Самоа.

Феалофани яхтани бошқариш устаси сифатида тан олинган илк самоалик аёл. У анъанавий каноеда саёҳат қилиш одатини сақлаб қолишга ҳаракат қилиб келади.

16) Ранен Бухорий, 31 - Куратор ва ижтимоий медиа менежери, Саудия Арабистони.

Ранин куратор ва санъат масалалари бўйича маслаҳатчи. У оиласининг дизайн яратишга қаратилган бизнесини ҳам бошқаради.

17) Жой Буоламвини, 28 - Сунъий идрок артисти/тадқиқотчи, Канада.

«Кодлаш шоираси» номини олган Жой санъат ва тадқиқотни қўллаган ҳолда сунъий идрокнинг ижтимоий таъсирларини ўрганади.

18) Барбара Бертон, 62 - BehindBras ташкилоти раҳбари, Буюк Британия.

60 ёшга киришига оз қолганда қамоққа тушган Барбара озодликка чиқиш арафасида турган маҳбус аёлларнинг модалар саноатида иш бошлашига кўмаклашувчи BehindBras ташкилотига асос солган.

19) Тамара Черемнова, 62 - Муаллиф, Россия.

Мия ярим фалажига чалинган Тамара эртаклар ёзиб келади. У «Сибир эртакчиси» номини олган.

20) Челси Клинтон, 38 - Клинтон Фонди раиси ўринбосари, АҚШ.

Челси бир қанча китоблар ёзган. У Клинтон Фонди доирасида кейинги авлод етакчиларини тарбиялашни кўзлаган кўплаб ташаббусларни илгари сурган.

21) Стейси Каннингҳам, 44 - Ню-Йорк Фонд Биржаси президенти (NYSE), АҚШ.

Стейси Ню-Йорк Фонд Биржасининг 67-президенти ва компаниянинг 226 йиллик тарихидаги илк аёл президентдир.

22) Женни Девидсон, 50 - Stand Up Placer ташкилоти раҳбари, АҚШ.

Женни оилавий зўравонлик, жинсий тажовуз ва одам савдоси қурбонига айланган инсонларга ёрдам беради. У қурбонлар ва уларнинг уй ҳайвонларига бошпана берувчи ётоқхонани ҳам бошқаради.

23) Аша де Вос, 39 - Денгиз биологи, Шри Ланка.

Аша денгиз экотизимини сақлаб қолиш, жонзотлар хилма-хиллигини ошириш йўлида фаолият олиб боради.

24) Габриелла Ди Лацио, 44 - Сопрано ва DONNE: Women in Music аёл бастакорлар ташкилоти асосчиси, Бразилия.

Габриелла халқаро мукофотларга сазовор кўринган сопрано қўшиқчи ва аёл ижодкорлар фаолиятини ёритиш билан шуғулланувчи лойиҳа асосчиси.

25) Сиомара Диаз, 34 - Ишбилармон, ресторан соҳибаси ва хайрия ташкилоти асосчиси, Никарагуа.

Сиомара ўз бизнес имкониятларидан фойдаланган ҳолда жинсий эксплуатацияга қарши курашади ва Никарагуада ушбу муаммога одамлар эътиборини тортиб келади.

Image caption Би-би-сининг «Энг нуфузли 100 аёл» рўйхати

26) Нома Думезвени, 49 - Актриса, Эсватини (собиқ Свазиленд).

Нома Лондоннинг Уэст Энд ва Ню-Йоркнинг Броадвей театрларида Гарри Поттер асаридаги Гермиона Гренжернинг вояга етган образини ўйнаган илк актрисадир.

27) Чидера Эггеруе, 23 - Блоггер, Буюк Британия.

Чидера таниқли асарлар муаллифи ва аёллар танаси борасида қарашларни ўзгартирган #saggyboobsmatter ижтимоий ҳаракати асосчиси.

28) Шрук Эл-Аттар, 26 - Электрон дизайн муҳандиси, Миср.

Шрук қочқин ва муҳандисдир. У қорин рақси ёрдамида Мисрдаги ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилишни тарғиб қилиб келади.

29) Никол Эванс, 44 - Онлайн чакана савдо фасилитатори, Буюк Британия.

30 ёшида бевақт тухумдон фаолияти бузилишига чалинган Никол жинсий безлар фаолиятининг эрта тўхташи муаммоси билан юзлашган аёлларни дастаклайди.

30) Рагда Эззелдин, 26 - Ғаввос, Миср.

Рагда бирор нафас олиш анжомларисиз хавфли чуқурликларга шўнғувчи ғаввос. У бу борада қатор рекордлар ўрнатган.

31) Митра Фаразанда, 42 - Артист, Эрон.

Митра жисмоний нуқсонлар билан яшаш тўғрисида одамларга маълумот бериш билан шуғулланади.

32) Мамиту Гаше, 72 - Катта ҳамшира/жарроҳ, Эфиопия.

Мамиту халқаро сертификатга эга фистула жарроҳи.

33) Мина Гаен, 36 - Бизнесвуман, Ҳиндистон.

Мина бошқа аёллар билан бирга Сандербенс делтасидаги қишлоққа элтувчи ғишт йўлни қуришда иштирок этган.

34) G.E.M., 27 - Қўшиқчи, Хитой.

G.E.M. хитойлик машҳур қўшиқчи. У ўз машҳурлигидан мусиқа, маорифни юксалтириш ва қашшоқликка қарши кураш йўлида фаолият олиб борувчи хайрия ташкилотларини қўллаб-қувватлашда фойдаланади.

35) Фабиола Жианотти, 58 - Физик, Италия.

Фабиола заррачалар бўйича иш олиб борувчи физик олима бўлиб, 2016 йилда Ядровий Тадқиқотлар бўйича Европа Ташкилотининг бош директорига айланган.

36) Жулия Жиллард, 57 - Австралиянинг собиқ Бош вазири, Буюк Британия.

Жулия Австралиянинг илк аёл Бош вазирига айланган. Ҳозирда у маориф ва хотин-қизлар ўртасида етакчилик кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилиб келади.

Image caption Би-би-сининг «Энг нуфузли 100 аёл» рўйхати

37) Елена Горолова, 49 - Ижтимоий хизматчи, Чехия.

Елена аёлларнинг мажбурий стерилизация қилинишига қарши фаолият олиб боради ва давлат томонидан ахлоқ тузатиш ишларига маҳкум қилинган болаларнинг ўз оиласига қайтиши учун ҳаракат қилади.

38) Ранди Ҳису Гриффин, 30 - Хоккей ўйинчиси ва маълумотлар бўйича олима, АҚШ.

Ранди муз хоккейи спортида аёл ўйинчиларга кам ҳақ тўланишини танқид қилиб чиққан ва аёл спортчиларнинг ижтимоий тармоқлардаги машҳурлиги эркакларники билан тенг эканини исботлаб берган.

39) Жанет Ҳарбик, 33 - Суррогат она ва офтобда тобланиш бўйича маслаҳатчи, Канада.

Беш фарзанднинг онаси бўлмиш Жанет инсонпарвар суррогат она ҳисобланади.

40) Жессика Ҳеес, 41 - Ўқитувчи, АҚШ.

41 ёшига қадар бокиралигини йўқотмаган Жессика абадий бокираликни Христиан динининг муқаддас белгиси сифатида тарғиб қилади ва юқори мактабда илоҳиятшуносликдан дарс беради.

41) Тандо Ҳопа, 29 - Модель, ҳуқуқшунос, фаол, Жанубий Африка.

Тандо Pirelli компаниясининг 2018 йилдаги гламур календарида суратга тушган илк жанубий африкалик албинос аёлдир.

42) Ҳинду Оумару Иброҳим, 35 - Эколог ва туб аҳоли ҳуқуқлари ҳимоячиси, Чад.

Чаддаги туб аҳоли вакили бўлган Ҳинду халқаро миқёсда маҳаллий одамлар ҳуқуқини ҳимоя қилиб келади.

43) Райҳон Жамолова, 16 - Талаба ва тадбиркор, Озарбайжон.

Райҳон ёмғир сувидан энергия олиш билан шуғулланувчи Rainergy компаниясига асос солган.

44) Жамила Жамил, 32 - Актриса, ёзувчи, фаол, журналист, Буюк Британия.

Жамила ҳозирда NBC каналининг The Good Place телесериалида бош роллардан бирини ижро этиб келмоқда.

45) Лиз Жонсон, 32 - Паралимпиячи ва тадбиркор, Буюк Британия.

Лиз Пекинда бўлиб ўтган Паралимпия Ўйинларида сузиш бўйича олтин медални қўлга киритган.

46) Лао Ҳанг, 26 - Регби ўйинчиси ва мураббий, Лаос.

Лао бошчилигидаги Лаоснинг регби бўйича аёллар миллий терма жамоаси қатор тарихий ғалабаларни қўлга киритган.

47) Жоэй Мид Кинг, 44 - Модель, Филиппин.

Жоэй трансгендерлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи модель ва телебошловчи ҳисобланади.

48) Кришна Кумари, 40 - Сиёсатчи, Покистон.

Кришна аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўлида ҳаракат олиб боргандан сўнг Покистон Сенатига сайланган.

Image caption Би-би-сининг «Энг нуфузли 100 аёл» рўйхати

49) Мари Лагуэр, 22 - Муҳандис ва архитектура талабаси, Франция.

Мари кўчада тажовузга учраган аёлларнинг ўз ҳикоясини бошқалар билан улашишига имкон яратувчи платформага асос солган.

50) Весна Чи Лет, 44 - Ҳуқуқшунос, Камбоджа.

Весна Камбоджа Қироллик Университетида ҳуқуқшунослик бўйича таҳсил олган илк аёлдир. У ётоқхонада жой етишмаганидан олийгоҳ ертўласида яшаб, ўқиган.

51) Ана Грасиела Сагастум Лопез, 38 - Прокурор, Салвадор.

Ана жорий йилда Салвадорнинг аёллар ва қотиллик қурбонига айланган хотин-қизлар ишлари бўйича махсус прокурори, дея эътироф этилган.

52) Мария Корина Мачадо, 51 - Сиёсий етакчи, Венесуэла.

Мария Венесуэладаги демократик жараёнларни сақлаб қолишга уринган сиёсий етакчидир.

53) Наная Маҳута, 48 - Маори одамлари ривожланиши ишлари вазири, Янги Зеландия.

Наная Янги Зеландия парламентида 22 йил хизмат қилган ва юзида маори одамларига хос тату туширилган илк аёл депутатга айланган.

54) Сакдия Маъруф, 36 - Стендап қизиқчи, Индонезия.

Сакдия Индонезиянинг илк мусулмон стендап қизиқчи аёли ҳисобланади. У ҳажвий йўл билан исломий экстремизм ва аёлларга қарши зўравонликка нисбатан ўз норозилигини изҳор этади.

55) Лиза Макги, 38 - Ёзувчи, Буюк Британия.

Лиза шимолий ирландиялик драматург ва ёзувчидир.

56) Кирсти Макгурел, 30 - Хайрия ташкилоти координатори, Буюк Британия.

Кирсти фарзандидан айрилган ота-оналар учун хотира қутилари ишлаб чиқарадиган хайрия ташкилотини бошқаради.

57) Беки Микин, 52 - Shaping Our Lives ташкилоти бош менежери, Буюк Британия.

Ўзи ҳам ногирон бўлган Беки оилавий зўравонлик туфайли мажруҳга айланган шахслар дуч келадиган қийинчиликларни тадқиқ қилади.

58) Рут Медуфия, 27 - Ишчи, Гана.

Металл қуювчи бўлиб ишлайдиган Рут қашшоқ мавзелардан бирида яшайди ва қурилиш саноатидаги ёш аёлларга ўрнак бўлишга интилади.

59) Лариса Михалтсова, 66 - Модель ва мусиқа ўқитувчиси, Украина.

Мусиқа ўқитувчиси бўлган Лариса 63 ёшида моделга айланган.

60) Амина Ж Муҳаммад, 57 - БМТ бош котиби ўринбосари, Нигерия.

Амина Нигериянинг собиқ атроф-муҳит вазири. У БМТ собиқ бош котиби Пан Ги-мунга махсус маслаҳатчи ҳам бўлган.

61) Ёнар Моҳаммад, 58 - Ироқдаги Аёллар Озодлиги Ташкилоти президенти, Ироқ.

Ёнар зўравонликка учраган ироқлик аёлларга бошпана берувчи тармоқни бошқаради.

62) Жозелин Эстеффания Веласкез Моралес, 26 - Талаба ва нодавлат ташкилот координатори, Гватемала.

Жозелин қизларни ўқитиш ва ёш аёлларга жинсий тарбия бериш йўлида хизмат қилади.

63) Робин Морган, 77 - Муаллиф ва фаол, АҚШ.

Робин 20 та китоб ёзган ва АҚШдаги аёллар ҳаракатига етакчилик қилади.

64) Нужин Мустафо, 19 - Талаба, Сурия.

Нужин Суриядан қочиб чиқиб, ногиронлар аравачасида минглаб чақирим йўл босган. Ҳозирда имконияти чекланган қочқинларга ёрдам кўрсатиб келади.

65) Дима Нашави, 38 - Артист, Сурия.

Дима артист, қизиқчи ва ҳикоянавис.

66) Ҳелена Ндуме, 58 - Офталмолог, Намибия.

Ҳелена 35 минг нафарга яқин намибияликларнинг кўз нурини қайта тиклаб, «Намибиянинг мўъжизакор шифокори» номини олган.

67) Келли ЎДвер, 41 - Парламент аъзоси, Австралия.

Келли меҳнат ва саноат муносабатлари вазири ва Австралия парламентида аёллар вазири сифатида хизмат қилади. У Австралия вазирлар маҳкамасидаги фаолияти давомида фарзанд кўрган илк аёлдир.

68) Юки Окода, 23 - Астроном, Япония.

Юки қуёш тизимининг пайдо бўлишини англашга ёрдам берган янги юлдузни кашф қилган илк инсондир.

69) Оливетте Отеле, 48 - Тарих фанлари профессори, Камерун.

Оливетте Европанинг мустамлака сиёсати тарихи ва пост-колониал асоратларни ўрганиб келувчи тарихчи.

70) Клаудия Шейнбаум Пардо, 56 - Мехико шаҳри мери, Мексика.

Клаудия Мехико шаҳрининг илк аёл мери ва у тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори ҳам.

71) Парк Су-ён, 22 - Рақамли кампания фаоли, Жанубий Корея.

Су-ён интернетдаги сексуал жиноятларга барҳам беришга ҳаракат қилувчи ташкилотга асос солган.

72) Офелия Пастрана, 36 - Комик ва медиа юлдуз, Колумбия.

Офелия физик, иқтисодчи ва комик.

73) Вижи Пенкутту, 50 - Фаол, Ҳиндистон.

Вижи сотувчи аёлларнинг ҳуқуқи учун курашган аёллар иттифоқини ташкил этган.

74) Брижит Соссоу Перенйи, 28 - Ҳужжатли филмлар продюсери, Гана.

Брижит ўзининг бошидан ўтган Трокоси - оиланинг «гуноҳлари» эвазига қизларнинг мажбуран ибодатхоналарга хизматчи қилиб юбориш одати - ҳикояси асосида юксак эътирофларга сазовор бўлган ҳужжатли филм продюсери ҳисобланади.

75) Вики Пелан, 44 - Маориф ишлари менежери, Ирландия.

Вики ўзи ва бошқа аёллар бачадон бўйни тестининг нотўғри натижаларидан хабардор этилмаганини фош этган.

76) Роҳиби Сома Попере, 55 - Фермер, Ҳиндистон.

Роҳиби маҳаллий ўсимликлар уруғларини сақлаб қолиш йўлида ҳаракат бошлаган ва ўз қабиласининг қишлоқ хўжалигидаги имкониятларини оширишга интилиб келади.

77) Валентина Квинтеро, 64 - Журналист, Венесуэла.

Валентина теледастурлар ёрдамида венесуэлаликларга ўз мамлакатининг ҳар бир бурчагини кўрсатишга уриниб келади.

78) Сем Росс, 30 - Умумий овқатланиш бўйича мутахассис, Буюк Британия.

Сем 10 йил давомида умумий овқатланиш бўйича мутахассис сифатида фаолият юритган ва дунё бўйлаб саёҳат қилиб, Даун синдромига чалинган инсонларни намоён қилади.

79) Фотма Самура, 56 - ФИФА бош котибаси, Сенегал.

Фотма ФИФА бош котибаси лавозимини эгаллаган илк аёл ва илк африкалик шахсдир.

80) Жулиет Сержант, 53 - Боғлар дизайнери, Танзания.

Асл касби шифокор бўлган Жулиет боғларга ишлов берувчи дизайнерга айланган.

81) Сима Саркор, 44 - Она, Бангладеш.

18 яшар ногирон ўғлини имтиҳонга кўтариб олиб боргани тасвирланган сурат интернет тармоғида тарқалиб кетгандан сўнг Сима одамлар назарига тушган.

82) Шапарак Шажаризода, 43 - Фаол, Эрон.

Эрондаги аёлларни мажбуран ҳижоб ўратишга норозилик сифатида ўз рўмолини намойишкорона ечган Шапарак ҳозирда сургунда яшайди. У ўз ватанида сиртдан 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.

83) Ҳевен Шепард, 15 - Талаба ва сузиш устаси, Ветнам.

Ҳевен ўзининг худкуш ота-онаси томонидан ишга туширилган бомба оқибатида икки оёғидан ажралган, сўнг сузиш устасига айланган.

84) Нанни Шушайда Бинти Шамсуддин, 42 - Ҳакам, Малайзия.

Нанни ўзи раислик қилувчи суд ишларида муслималар ҳуқуқини ҳимоя қилиб келади.

85) Ҳаёт Синди, [ёши ошкор этилмаган] - Ислом Тараққиёт Банки президентининг бош илмий маслаҳатчиси, Саудия Арабистони.

Ҳаёт дунёнинг етакчи биотехнологларидан биридир.

86) Жаклин Страуб, 28 - Илоҳиятшунос, журналист ва муаллиф, Германия.

Жаклин католик роҳибаси бўлишни орзу қилади ва Ватиканнинг аёлларни камситувчи тартибларига чек қўйиш учун курашади.

87) Донна Стрикленд, 59 - Физика фани профессори, Канада.

Донна Канаданинг Ватерло Университетида физика фани профессори бўлиб ишлайди. У 2018 йилда физика бўйича Нобел мукофотини қўлга киритган.

88) Канпассорн Суриясангпетч, 30 - Дентист/технология соҳаси ишбилармони, Таиланд.

Канпассорн руҳий муаммоларга учрагандан сўнг Таиланддаги руҳий соғлиқни назорат этувчи биринчи мобил иловани яратган.

89) Сетсуко Такамизава, 90 - Нафақахўр, Япония.

Сетсуко 2020 йилда Токиёда бўлиб ўтиши режалаштирилган Олимпия Ўйинларини кўришга ташриф буюрувчи сайёҳларга ҳамроҳлик қилиш мақсадида инглиз тилини ўрганмоқда.

90) Наргис Тараки, 21 - Нодавлат ташкилотнинг ҳуқуқий маслаҳатчиси, Афғонистон.

Наргис ўз оиласида кетма-кет туғилган бешинчи қиз бўлган ва ота-онаси уни ўғил бола эвазига алмаштиришга уринган. Бироқ улар фикридан қайтиб, қизининг ўз таҳсилини тугатишига имкон берганлар. Ҳозирда Наргис аёллар аҳамиятини ошириш йўлида фаолият юритади.

91) Эллен Тежле, 34 - Медиа марказ раҳбари, Швеция.

Эллен филмларда аёллар иштирокини кўпайтириш йўлида халқаро ҳаракат бошлаган.

92) Ҳелен Тейлор Томпсон, 94 - Собиқ жосус ва хайрия ташкилоти асосчиси, Буюк Британия.

Ҳелен Бош вазир Уинстон Черчил «махфий армияси»нинг бир қисми бўлган.

93) Бола Тинубу, 51 - Ҳуқуқшунос, Нигерия.

Бола Нигерияда болаларга ёрдам берувчи илк бепул тизимга асос солган.

94) Эрроллин Уоллен, 60 - Бастакор, Белиз.

Эрроллин 17 та опера яратган ижодкордир.

95) София Вазир, 27 - Фаол, Афғонистон.

София 16 ёшида АҚШга келган ва Ню Ҳемпшир штатидан сайланган илк афғон қочқин вакилга айланган.

96) Гладис Уэст, 88 - Математик, УСА.

Гладиснинг математика соҳасида олиб борган ишлари GPS тизимини яратишда муҳим роль ўйнагани яқинда тан олинди.

97) Луо Янг, 34 - Фотосуратчи, Хитой.

Луо 2007 йилдан бери профессионал тарзда ёш хитойлик аёллар суратларини олиб келади.

98) Марал Язарлу-Паттрик, 37 - Модалар дизайнери ва мотоциклчи, Эрон.

Марал ўз мотоциклида дунё бўйлаб саёҳат қилиб, Эрон аёлларининг жамоат жойларида мотоцикл минишига қўйилган тақиққа қарши ўз норозилигини билдириб келади.

99) Таши Зангмо, 55 - Бутан Роҳибалари Фондининг ижрочи директори, Бутан.

Таши Бутаннинг энг чекка ҳудудларидан бирида вояга етган ва олий таълимни Ҳиндистон ҳамда АҚШда олган.

100) Жинг Жао, 35 - Тадбиркор, Хитой.

Жинг аёлларнинг ўз танаси ва сексуал истакларини муҳокама қилишига имкон берувчи ижтимоий тармоқни бошқаради ҳамда аёлларнинг сексдан янада кўпроқ лаззатланишига замин яратадиган маҳсулотларни намойиш этади.

100 Аёл: Сиёсатшунослик фанини тиклаш керак

100 аёл: Бувижонларимизнинг енгил бўлмаган ҳаёти

100 аёл: Эрига итоаткор аёлнинг ҳикояси

100 аёл: Россияда ижод қилаётган ўзбек актрисаси