Ўзбекистондан-Россия: Йўловчилар Россияга нималар олиб бориши мумкин эмас?

Қовун Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Россия Ўзбекистондан келаётган йўловчиларга ўзи билан мева ва сабзовот олиб киришга вақтинчалик тақиқ қўйилганини яна бир бор эслатди. Расмийлар буни ушбу маҳсулотларда карантин объектлари мунтазам аниқланаётгани билан изоҳлаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ўсимлик маҳсулотларининг тақиқини Россия Федерациясининг Ветеринар ва фитосанитар назорати бўйича федерал хизмати расман тасдиқлаган.

Ўзбекистондан келаётган йўловчилар багажи ва қўл юкида ўсимлик маҳсулотларини олиб келишга чеклов ўрнатилган. Хабарда тақиқ қуритилган ўсимлик маҳсулотларига тааллуқли эканлиги тўғрисида ҳеч нарса дейилмаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига юборилган хатда шундай дейилган.

"Ўзбекистондан келаётган йўловчилар багажи ва қўл юкида Россия Федерацияси учун карантин остидаги маҳсулотларда карантин объектлари мунтазам тарзда аниқланаётгани муносабати билан, Конвенциянинг VII моддаси 1 а бандига таянган ҳолда 2012-йил 16-апрелдан эътиборан "Росселхознадзор" томонидан Ўзбекистондан келаётган йўловчилар багажи ва қўл юкида ўсимлик маҳсулотларини Россия Федерациясига олиб келишга вақтинчалик чеклов ўрнатилган".

Чеклов 2012 йилда ўрнатилган бўлса-да, Ўзбекистондан келаётган мева ва сабзавотларга тақиқ танлов асосида бўлгани айтилади.

"Тақиқ бир неча йилдан бери бор. Лекин одамлар барибир олиб келишаверади. Чегарачилар мусодара қилишни танлов асосида қилишади. Кимдир олиб келаётган маҳсулотлар кўзига яхши кўриниб қолса, ўшаларникини олиб қолишади. Кейин катта эҳтимол билан ўзлари ейди", дейди Россияга мунтазам қатновчи ўзбекистонликлардан бири.

Россиядан ташқари Ўзбекистон давлати ҳам йўловчиларга гуруч ва ёғ маҳсулотларини белгиланган миқдордан ошиқ олиб чиқишни тақиқлаган.

"Масалан, 2 килодан кўп гуруч олиб чиқмоқчи бўлсангиз ўтказмаслиги мумкин", дейди суҳбатдошлардан бири.

"2017 йилнинг январ ойида Божхона Иттифоқига аъзо давлатлар - Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия носвойни мамлакатга олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сақлашни ман қилганди.

Россия ҳукумати вақти-вақти билан Ўзбекистонда етиштириладиган мева ва полиз маҳсулотларига тақиқ қўйиб туради.

Буни кузатувчилар Россия ҳукуматининг босим ўтказиш воситаларидан бири сифатида талқин қилишади.

Бундан ташқари у ё бу маҳсулотларнинг Россияга киришига тақиқ қўйилиши Ўзбекистонда экспорт билан шуғулланувчи монополчи ширкатларнинг лоббиси натижаси сифатида ҳам кўрилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek