Россия, мигрантлар: Оилавий муҳожир бўлиш осонми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek

Мигрантлар нима учун Россияга оила билан келиш нега қийин деб ҳисоблашади?

Маълумотларга кўра, Россияга эркак муҳожирларнинг 4 фоизи, муҳожир аёлларнинг 14 фоизи фарзандини олиб келар экан. Қолганлар эса ёлғиз ишлаб, топган пулини оиласи, бола-чақасига юборишни афзал кўришади.

Россияда, айниқса пойтахт Москвада оила билан яшаш осон эмас.

Ўзбекистонлик муҳожирлар орасида фарзандлари мактаб ва боғчалардан бебаҳра қолаётгани, тиббий хизматлардан фойдалана олмаётганлари талайгина.

Россия ва мигрант: "...нақд пул олиб юрмайман - олиб қўяди"

Россия: Ўзбек мигрантлари ҳаёти хавф остидами?

Мирзиёев мигрантлар учун нима қилиб берсин?

Муҳожирликка оилавий чиқиш нимаси билан қийин? Улар қандай муаммоларга тўқнаш келади? Ва нимаси билан яхши ҳам.

Фарзандлар мақсадга йўналтирувчи куч, ҳаракатларимизнинг сабабчисими ёки қўшимча ҳаражатми?

Би-би-си Ўзбек хизматининг Facebook ва Ok.ru даги саҳифаларида айни масалалар муҳокама қилинди.ВВС Uzbekнинг Москвадаги студиясида ўтказилган жонли мулоқотида айни саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Дастуримиз меҳмони оиласи ва 6 фарзанди билан 10 йилдан буён муҳожирликда яшаётган асли ўзбекистонлик Сайёра Рябицева бўлди.

Дастурни Би-Би-Си ўзбек хизматининг Москвадаги мухбири Соҳиба Ҳаёт олиб борди.

- Аввалига турмуш ўртоғим билан Новгород шаҳрига ишлашга келгандик. 2 фарзандимизни қайнонамга қараб туриш учун қолдирганмиз. Болалар билан мусофирликда қийинлигини билсак ҳам, уларни олиб келишга қарор қилдик. Фарзандларсиз хотиржам бўла олмадим, - дейди Сайёра Рябицева.

Сайёра муҳожирликда ҳам ишлаб, фарзандлар катта қилиш билан бирга иқтисодиёт йўналишида ўқиб олий маълумотли бўлди.

- Бошида жуда қийналдик. Кўчада қолиб кетиб, эрталабгача ухламай ўтириб чиққан пайтларим ҳам бўлган. Ҳаммасига сабр қилдим, болалар катта бўлса, ҳамма қийинчиликларим эсимдан чиқади, деб ўзимни овутар эдим. Шундай бўлди ҳам. Ҳозир фарзандларимнинг энг кичиги 2, энг каттаси 24 ёшда. Бир бирларига суянч бўлишган.

Россия қонунчилигига кўра, 3 фарзандли оилалар кўп болали ҳисобланади ва давлат томонидан маълум имтиёзлар берилади. 6 фарзанд билан айрим муаммоларга тўқнаш келаверган Рябицевлар оиласи Россия фуқаролигини олишга қарор қилишди.

- Имтиёзлардан фойдаланаяпмиз, оиламизга қисман ёрдам бўлаяпти. Аммо асосий даромадимиз меҳнатимиз орқали. Турмуш ўртоғим ҳуқуқшунос, мен ҳам ишлайман. Катталаримиз ҳам ёнимизга кириб қолишди. Уй-жой муаммоси туфайли Россияга ишлашга келиб қолгандик, Москвада насиб қилган экан, шу ерда уй-жойли бўлдик.

Сайёра Рябицева Ўзбекистонга кам бориб турса-да, вақти келиб бутунлай қайтишни орзу қилади.

- Болаларимиз шу ерда катта бўлишгани учун уларнинг мақсадлари бошқача. Аммо мен ватанимни соғинаман. Кексайганимда қайтишни ўйлайман. Ҳозирча эса, Москвадаги ҳаётимиз яхши. Муҳожирликка келганимиз фақат фойдамизга бўлди. Оила билан яшашда барака бўлади, болаларингизни олиб келишдан ҳеч чўчиманг. Кўнглингиз тинч ишлайсиз, - дейди Сайёра опа муҳожирликдаги ўзбекистонлик муҳожирларга.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek