Ўзбекистон: Энди Sof.uz сайти блокландими?

соф.уз Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot

Ўзбекистонда Sof.uz очилмаяпти. Таҳририят сервер ва домен созламаларида муаммо йўқлигини, унга фақат Ўзбекистондаги фойдаланувчилар кира олмаётганини билдирди. "Ўзбектелеком" ҳар доимгидек муаммога алоқаси йўқлигини билдирган.

Sof.uz таҳририятининг ёзишича, 22 ноябрдан бошлаб фойдаланувчилар Sof.uz сайтига кириб бўлмаётгани ҳақида таҳририятга хабар беришган. Муаммо аслида аввалроқ, 18 ноябрдан бошланган бўлган.

"Сайтимизга фақат ўзбекистонлик фойдаланувчилар кира олмаяпти, хориждан киришда муаммолар йўқ. Сайтимиз техник ходимлари хулосасига кўра, сервер ва домен созламаларида ҳеч қандай муаммо йўқ", деб ёзади сайт таҳририяти.

"Ўзбектелеком" миллий алоқа оператори сайтдаги муаммоларга алоқадорлигини рад этган. Сайт бу муаммо uz доменидаги бошқа ОАВ сайтларида кузатилмаётганини ёзмоқда.

Бу каби муаммо олдинроқ Kun.uz, Xabar.uz, Qalampir.uz, шу жумладан, Sof.uz сайтларида кузатилган. Юқорида номи тилга олинган айрим сайтларнинг муҳаррирлари билан Ўзбекистондаги мутасадди раҳбарлар учрашганидан сўнг сайтлардаги тўсиқлар олиб ташланганди.

Sof.uz таҳририяти Ўзбекистонда интернет оқими ва сайт регистрацияси учун масъул идоралардан бу муаммога эътибор қаратишларини ва зудлик билан муаммони ҳал қилишга ёрдам кўрсатишларини сўраган.

Сайт хабар етказишни тўхтатмаслик мақсаида Sofxabar.com доменидан янги манзил очганини билдирган.

Соф.узнинг Ўзбекистонда ишламай қолишига Телеграмдаги блоггерлардан бири шундай муносабат билдирган.

"Буни ҳатто Telegram'ни блокировка қилишга ҳаракат қилиб, сўнг шармандаси чиққан Россия амалдорлари ҳам тан оляпти (сизга ахир Россия амалдорларининг сўзу амаллари ёқади-ку).

Сиз сайтни блоклайсиз, сайт ижтимоий тармоқларда ҳаётини давом эттиради. Сиз ижтимоий тармоқларни блоклайсиз, сайт ҳаётини мессенжерларда давом эттиради, сиз мессенжерларни блоклайсиз... Йўқ, блоклай олмайсиз, буни ҳатто Россия ҳам эплай олмади, юқорида таъкидлаганимиздек (битта йўли бор - Шимолий Корея билади)", деб ёзади Телеграмдаги Муҳрим канали.

Ўзбекистонда бир неча ойдан бери Facebook ва Youtube тармоқларига киришда муаммо кузатилмоқда. Бир ҳафта олдин бу каби муаммолар Telegram ва Twitterда ҳам кузатилган.

Аввалига расмийлар ижтимоий тармоқларнинг Ўзбекистонда очилмаётганига алоқаси йўқлигини таъкидлаб келишди. Кейинчалик ушбу тармоқларга киришдаги муаммо Ўзбекистонда интернет суъратининг тезлашишидан олдинги сустлашиш билан боғлиқ, дея изоҳланди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek