Ўзбекистон: Фермерларни урган собиқ ИИБ бошлиғи жазони уйда ўтайди...Адолат қарор топдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Собиқ милиция бошлиғидан жабр кўрганлар орасида аёл фермерлар ҳам бор.

Қашқадарёда 10 дан ортиқ фермерни муттасил дўппослаб келган туман ИИБ сининг собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабовга 2 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Собиқ милиция бошлиғидан жабр кўрганлар орасида аёл фермерлар ҳам бор.

Суд 23 ноябрь куни эълон қилинган ҳукмида Ражабовни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 206-моддаси биринчи қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топган.

Қарши туман ИИБ сининг собиқ бошлиғи жазони ўз уйида ўтайди, суд унинг кафе ва барларга бориши ва спиртли ичимликлар истеъмол қилишига чеклов қўйган.

Ўзбекларни ким хўрламоқда?

Ўзбекистон: Онасидан сўкилган фермер - "Режани ортиғи билан бажардим, раҳмат дегани йўқ"

Ўзбекистон, Сирдарё: Фермерлар вилоят ҳокими олдида оммавий қасам ичди

Хабарларга кўра, Жаҳонгир Ражабов буғдой режасини бажара олмаган фермерларни аёвсиз дўппослаб келган ва ҳақоратлаган.

Кун.уз нашрининг суд жараёни ўтган жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят Ургут туман суди масжлисидан хабар беришича, Жаҳонгир Ражабов фермерларни "жаҳл устида бир-икки шапалоқ ургани"ни тан олган.

Ҳолвани ҳоким ейди, калтакни фермер...

Ўтган ой Тошкент вилояти Оққўрғон туманида ғаллани вақтида суғормаган фермерларни тиззасигача сувга тушириб, таҳқирлаган бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев лавозимидан олинган ва орадан бир ҳафта ўтиб, Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланганди.

Жаҳонгир Ражабов ҳозирга қадар фермерларни дўппослагани учун суд томонидан жазога тортилган биринчи милиция бошлиғидир.

Ҳоким ва милиция бошлиқларининг фермерларни дўппослаш ва таҳқирлаш ҳоллари Ўзбекистонда кенг тарқалган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда фермерлар ҳуқуқи энг кўп топталадиган соҳалардан бири эканлигини айтишади.

Фермерларнинг ўзлари ҳокимият уларга қонун доирасида талаб қўймаслигини айтадилар.

Таҳлилчиларга кўра, муаммонинг илдизи Ўзбекистоннинг совет давридан қолган қишлоқ хўжалик соҳаси, айниқса, пахта саноатида жиддий ислоҳотлар ўтказилмаганига бориб тақалади.

2014 йили Би-би-си Ўзбекистондаги деярли барча фермерлар давлатдан қарздор эканлигини ўрганган.

Ўзбекистон фермерлар кенгаши вакили мамлакатдаги 73 минг фермер хўжалиги қарзга ботганини айтганди.

Президент Шавкат Мирзиёев пахта монополиясидан воз кечилишини айтган, аммо айни пайтда давлат белгилаб берадиган пахта ва ғалла режалари сақланиб қолмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek