Ўзбекистон: Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотлари чала қолмоқдами?

Шавкат Мирзиёев Президент сифатида қасамёд қилганига ҳадемай икки йил тўлади.

Ислом Каримов даврида 13 йил ҳукуматни бошқарган Мирзиёев ҳокимиятга келган биринчи кунларданоқ ўз ўтмишдошининг кўпгина қарор ва фармонларини бекор қилган, марҳум президентдан фарқли бошқарув усулини намойиш этган.

Унинг либерал ислоҳотлари мамлакат ичкариси ва ташқарисидагилар учун кутилмаган бўлган.

Шавкат Мирзиёев: Ислом ва Каримов ўртасида

Мирзиёев "планшетида ҳамма нарсани кўриб туради"

Би-би-сига айтаман: 'Адолат фақат порталдами?'

Мирзиёев қўшнилар билан алоқани яхшилаган, дунёга ўзини ислоҳотчи дея тақдим этган.

Ислом Каримов давридаги кўпгина сиёсий маҳбуслардан қутулган, матбуотга эркинлик берган.

Минглаб диндорларни қора рўйхатлардан чиқарган.

Аммо...

Айни пайтда Каримов давридаги чекловлар - ОВИР ва Тошкент пропискаси сақланиб қолаётир.

Кўп нарса ваъда қилувчи ислоҳотлар ўтган икки йил ичида унчалик кўп натижа бермагани, айниқса, шу кунларда яққолроқ сезилади.

Жойларда аксар аҳоли ўтган йилларда қандай қўлбола электр жиҳозлар, ўтин ва тезак билан жон сақлаган бўлса, ҳануз шундай, газ ва свет таъминотида кўп нарса ўзгармаган.

Ис газидан ўлим ҳоллари кенг тарқалган.

Президент аҳолига газ балон етказиб беришни уч баробар кўпайтириш ҳақида буйруқ берган, аммо таҳлилчиларга кўра, Ўзбекнефтгаз монополияси ва иқтисодиётдаги тизимли муаммолар ҳали-бери бу соҳада оддий одамлар кутган ўзгаришларнинг юз бермаслигига ишора қилмоқда.

Нарх-наво ошмоқда, аҳолининг реал даромадларида ўсиш йўқ.

Ўзбекистон ҳануз дунёдаги энг қашшоқ 10 давлатдан бири.

Мамлакатда сиёсий мухолифат мавжуд эмас, ҳануз яккаҳокимлик бошқаруви амалда.

Ҳозирги вазиятнинг Каримов давридагидан фарқи бу муаммолар ҳақида очиқ гапирилаётганидир, дейишади таҳлилчилар.

Икки йил тарихан қисқа вақт бўлиши мумкин, аммо Президент Мирзиёевнинг ўзи илк чиқишларида икки йилда кўп нарса, ҳатто "жуда кўп нарсани" ўзгартиришга ваъда берган эди.

У икки йил фавқулодда ҳолат эълон қилган ва бу вақт ичида жумладан, ҳукуматни бутунлай янгилашга ваъда берганди.

Аммо ҳозирча кадрлар ротацияси давом этмоқда, порахўрлик ва коррупция ҳануз кенг тарқалган.

Мирзиёев президентлигининг иккинчи йилини Тошкентдан мустақил таҳлилчи-терролог Саид-Абдулазиз Юсупов ҳамда Вашингтондан собиқ депутат ва журналист Жаҳонгир Муҳаммад билан муҳокама қилдик.

Дастурни YouTube каналимизда томоша қилинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek