Ўзбекистон, Тошкент: Президент Мирзиёев ҳарбий машқлар билан ўз кучини кўрсатиб қўймоқчими?

Ўзбекистонда Мудофаа вазирлиги тревога бўйича кўтарилди.

Бунга шахсан Ўзбекистон президенти ва Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони фармойиш берди.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, Мирзиёев бу билан "ўзи ва мамлакати - Ўзбекистоннинг кучини кўрсатиб қўймоқчи".

Хабарларга кўра, мазкур тадбирда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлиги текширилади.

У беш кун давом этиб, тўрт босқичда амалга оширилади.

Айтилишича, мустақил Ўзбекистон тарихида бунақаси шу пайтгача кузатилмаган.

Ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги, ҳарбий техника, қурол-яроғ ва моддий-техника воситалари билан таъминланганлик даражаси бу каби кенг кўламли текширувдан ўтказилмаган.

Халқаро рейтингларда Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳар томонлама Марказий Осиёда энг қудратлиси сифатида эътироф этилади.

Ўзбекистон Армияси мамлакат янги президенти янада ислоҳ қилиб, бундан-да такомиллаштириш ҳаракатида бўлган соҳалардан бири бўлади.

Ўзбекистон Россия томон яна бир қадам ташлайдими?

Ўзбекистон армияси ташқи таҳдидни бартараф этишга қанчалар қодир?

Ўзбекистон армиясини дунёнинг 48-қудратли армияси деб топдилар

Шундай экан, буларнинг барчаси нималарга далолат қилади?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди ана шундай савол билан етакчи минтақавий таҳлилчи Досим Сатпаевга мурожаат қилди:

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Досим Сатпаев: Биринчидан, Шарқда бу каби хатти-ҳаракатлар энг аввало психологик характер касб этади. Президент Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони сифатида кенг қамровли ҳарбий машғулотлар ўтказар экан, бу биринчи навбатда унинг мамлакат ичкарисидаги қудрати намойиши бўлади. Иккинчидан, бу муайян маънода унинг мавқеи кучлилигини ички ўйинчиларга кўрсатиш, деганини англатади. Дейлик, Қозоғистон президенти ҳам Олий Бош қўмондон сифатида тез-тез бўлмасада, бунга ўхшаш кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказиб туради. Демоқчиманки, бу - Қозоғистон учун фавқулодда воқеълик эмас. Бошқа Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ҳам бу каби ҳарбий машғулотларда қатнашиб туришлари менга маълум. Аммо Шавкат Мирзиёев ўзининг президентлик ваколати ижросига яқинда киришган. У ўзининг янги мақомида биринчи марта бу каби ҳарбий машғулотлар ўтказаяпти. Худди шу боис ҳам, бу машқлар асосан мен юқорида тилга олиб ўтган икки мақсадни кўзда тутади. Яъни, биринчидан, мамлакат ичкарисида ўзининг қудратини намойиш қилиш. Ўзбекистон ичкарисидаги вазият ва энг муҳими, мамлакат Қуролли Кучлари дохил барча куч тизимларини ўзи назорат қилаётганини кўрсатиш. Бошқа томондан, ҳозир ўзини жиддий минтақавий лидер сифатида тақдим этаётган Ўзбекистон бунинг учун лозим даражада ҳарбий имкониятларга эга эканини ҳам намойиш этиш. Энг қизиғи, агар, дунё давлатларининг жанговар салоҳиятларига оид халқаро рейтингларга қаралса, айнан Ўзбекистон Марказий Осиёда пешқадам мавқеъда бўлади. Ҳам Қуролли Кучларининг жанговар салоҳияти, ҳам уларнинг сони ва яна ҳоказо кўрсаткичлар бўйича. Ўзбекистондан кейинги ўринни эса, минтақада, одатда, Қозоғистон эгаллаб келади. Худди шу нуқтаи назардан, менимча, Ўзбекистон ҳукумати яна бир бор ўзининг минтақавий ўйинчи эканига оид анчайин жиддий амбицияларини кўрсатмоқчи. Бу амбицияларининг қанчалик асоссиз эмаслигини ҳарбий салоҳияти билан исботлашга ҳам ҳозир эканини намойиш этмоқчи.

Би-би-си: Жорий йилда Ўзбекистонга девор-дармиён қўшни Тожикистон ИШИД илк бор кетма-кет икки зўравонлик ҳодисасига масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққан биринчи Марказий Осиё давлатига айланди. Аввалига Данғарада бир гуруҳ хорижий туристларга қарши уюштирилган ҳужум. Бунинг ортидан, Хўжанд шаҳар қамоқхонасидаги исён...Худди шу манзарада, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ИШИД Марказий Осиёда кенгайиш учун Афғонистонни ўзининг плацдармига айлантираётгани билан огоҳлантирди. Айни шу воқеълик назарда тутиладиган бўлса, мустақил Ўзбекистон тарихида шу пайтгача кузатилмагани айтилаётган бу машқларни ИШИД хавфига оид даъво ва баёнотлар билан боғлаш қанчалик ўринли?

Досим Сатпаев: Йўқ, мен бунда ИШИД билан бевосита боғлиқликни кўрмайман. Чунки ИШИД қудратли қуролли куч сифатида таҳдид эмас. Буни амалий ҳаёт кўрсатган. Аксинча, ИШИД инсонлар онгига қанчалик таъсир қила олиши ва Марказий Осиё дохил дунёнинг турли давлатларида ўзининг мудроқ уяларини ташкил қилиш билан хавфли. Демоқчи бўлганим, портловчи ускуна ясаш уқувига эга террорчилар гуруҳи армияси қудратли бўлган ҳар қандай давлатга психологик жиҳатдан катта зиён етказиши мумкин. Дейлик, Америка Қўшма Штатлари бунга мисол. Яъни, сизнинг жанговар Қуролли Кучларингиз ва қудратли армиянгиз бўлиши мумкин. Аммо бу ҳали мамлакатингизнинг террорчиликдан буткул ҳимояланган эканини англатмайди. Буни бошқа давлатлар тажрибаси ҳам кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам, менимча, бу машғулотлар катта эҳтимол билан ИШИД ва уларни қўрқитишга қаратилмаган. Чунки бу билан радикалларни қўрқита олмайсиз. Аксинча, бунга ўхшаш машғулотлар улар учун, таъбир жоиз, буқага кўрсатилган қизил мато вазифасини бажариши мумкин. Яъни, Марказий Осиё давлатлари раҳбарияти ҳамма жойда ўз куч-қудратларини намойиш этаверишса, кутилмаган бир пайтда бу орқаларига берилган зарбага айланиши мумкин. Шунинг учун ҳам, менимча, Ўзбекистондаги кенг кўламли ҳарбий машғулотлар биринчи навбатда иккита - ички ва ташқи аудиторияга қаратилган. Яъни, Шавкат Мирзиёевни биргина яқинда президентликка келган эмас, балкида, қўлида салмоқли ҳарбий воситага эга инсон сифатида ҳам кўрсатиш. Ташқи аудиторияга келганда, ўз куч-қудратини қўшнилари баробарида, АҚШ бўладими, Россия ёки Хитой, йирик геосиёсий ўйинчиларга ҳам намойиш этиб қўйиш.

Би-би-си: Шундай экан, Ўзбекистоннинг янги президенти - Олий Бош қўмондони фармойиши билан ўтказилаётган бу кенг кўламли ҳарбий машғулотларга, таъбир жоиз, ана шу ташқи аудиториянинг муносабати қандай бўларкин?

Досим Сатпаев: Агар, бошқа бир мамлакатнинг суверенитетига дахл қилмаса, ҳарбий машғулотлар ўтказиш ҳар бир давлатнинг ички иши бўлади. Шу боис ҳам, катта эҳтимол билан бу каби муносабатлар расмий миқёсда билдирилмайди. Норасмий акс-садолар эса, албатта бўлади. Одатдагидек, Россия оммавий-ахборот воситаларида бирданига, таъбир жоиз, Марказий Осиё бўйича кўплаб псевдо-экспертлар пайдо бўлиб қолишлари, улар бу машғулотларни Россиянинг манфаатларидан келиб чиқиб таҳлил қилишга тушиб кетишлари ҳам мумкин. Яъни, улар Россияга қаршими ёки Россияни қўлловчи экани мазмунида...Такрор бўлса ҳам айтишим керак, бу - манфаатларга асосланган таҳлил бўлади. Чунки қолган Марказий Осиё давлатлари ҳам муайян танаффус билан бу каби ҳарбий машғулотларни ўтказиб туришади. Ўзбекистондагиси Шавкат Мирзиёев президентлиги давридаги биринчиси экани бўлгани учун ҳам яққол эътиборга тушди, холос. Бошқа томондан, Россия ҳам ўзига қарши санкцияларнинг кучайтирилиши манзарасида яқинда ўз тарихидаги энг йирик ҳарбий машғулотлардан бирини ўтказди. Бу намойишкорона машғулоти билан Ғарбга ўзининг куч-қудратини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Демоқчи бўлганим, постсовет ҳудудида бунга ўхшаш машғулотлар янгилик эмас.

Би-би-си: Ўзбекистон бир неча ўн йиллик урушлар ичида бўлган Афғонистон билан бевосита чегарадош учта минтақа давлатидан биттаси бўлади.

Айнан Афғонистонда илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва улар сафларидан ажралиб чиққани айтилувчи "Исломий Жиҳод Иттифоқи" ўзбек жангари гуруҳлари фаолият юритиб келади.

90-йиллар охирларида Фарғона водийсида асос солинган ҳаракат Ўзбекистонда амалда бўлган тузумни ағдариб, ўрнига шаръийсини барпо этиш истаги билан дунёга келган.

Ҳаракат қарийб 20 йилдирки, Афғонистон ва унга бевосита чегарадош Покистондан бошпана топиб, жанг қилиб келади.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2015 йилда "Исломий Давлат" гуруҳининг Афғонистондаги Хуросон қанотига тўлиғича байъат келтирган.

Аммо Ўзбекистон шу пайтгача на-да минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ бўлган Толибон ва на-да "Исломий Давлат" гуруҳи таҳдидига бевосита рўбарў келган.

Бошқа томондан, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг тревога билан бу каби кўтарилиши расмий Тошкент афғон можаросига сиёсий йўл билан ечим топиш ҳаракатида бўлган, минтақада янги дипломатик воситачи сифатида ўртага чиққан бир манзарада кузатилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek