Ўзбекистон, Тошкент ва иш: Мирзиёев учун ҳар бир ўрин қадрли, "Шўртаннефтгаз" юзлаб кишини кўчага ҳайдаяпти

"Шўртаннефтгаз" Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

"Шўртаннефтгаз" заводини газ ва конденсат билан таъминлайдиган қувурларини қўриқлаб келган 320 дан ортиқ ходим ва оила аъзоларининг шу кунларда ҳаловатлари йўқолган.

Чунки қўриқчилар 1 ноябрдан "Шўртаннефтгаз"дан расмий огоҳлантириш хатлари олганлар, бу мактубларда 2019 йил бошидан ишдан бўшатилишлари хабар қилинган.

Кимдир оиласининг ягона боқувчиси, яна кимдир банкдан кредит олиб уй харид қилган, шунинг учун кўпчиликни 1 январдан кейин "қаердан пул топаман?" деган ўйлов босган.

Ишдан бўшатилиши ҳақидаги огоҳлантириш хатини олган ишчилар "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси раҳбариятига, Ўзбекистон Президентига мурожаат қилиб ёрдам сўраганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media

24 ноябрь куни "Шўртаннефтгаз"нинг ўнлаб ходимлари Қарши шаҳридаги Халқ қабулхонаси олдида тўпланганлар.

Бироқ Халқ қабулхонасидан ҳеч ким арзгўйларни тинглашни истамаган.

"Шўртаннефтгаз"нинг қўриқчилари корхона маъмуриятини меҳнат қонунчилигини бузишда айбламоқдалар.

"1 ноябрда биз иш жойимизда эдик. Бирдан милиция ходимлари келиб, "телефонларингни топширинглар, сизлар ишдан бўшатилдиларинг", деб айтишди. Чўл ичидан пиёда узоқ йўл юриб катта асфальт йўлга чиқиб олдик", дейди қўриқчилардан бири.

Қашқадарё вилояти ҳудудида ишга туширилган конлардан "Шўртаннефтгаз" корхонасига томон қувурлар тортилган, бу қувурларни қўриқлаш билан қўриқчилар шуғулланадилар.

Ходимларнинг сўзларига кўра, "Шўртаннефтгаз" раҳбарияти қўриқчиларни ёппасига қувурлардан газ конденсати ўғирлашда айблаган ва ҳаммани бўшатишга ваъда берганлар.

2018 йил ноябридан бошлаб қўриқчилик Ички ишлар вазирлигига бўйсунадиган қўриқлаш хизматига топширилган.

Унда корхона 300 дан ортиқ кишига бошқа иш таклиф қилиши керак эмасми?

Би-би-си билан суҳбатлашган бир неча ходим ўзларига бирор бир иш таклиф қилинмаганини айтди.

Аммо "Шўртаннефтгаз" раҳбарияти норози ишчиларнинг талабларини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилгани ва аҳволни ўрганаётганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kun.uz

Ходимлар 24 ноябрдаги норозилик чиқишидан сўнг ўзларига нисбатан милиция босимлари кучайганини айтадилар.

Қўриқчи бўлиб ишлайдиган ходимлар Ғузор, Яккабоғ туман Ички ишлар бўлимларига чақиртирилганлар, нега одамларни "оммавий норозилик"ка гижгижлаётганлари ҳақида сўралганлар.

Фақат ўзининг иш жойини сақлаб қолишга ҳаракат қилаётганини айтган инсонлар бу каби ҳатти-ҳаракати келгусида жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилганлар ва тилхат ёздириб олинган.

Би-би-си билан суҳбатлашган "Шўртаннефтгаз" касаба уюшмаси раҳбари Шокир Аҳмедов, ходимларни иш билан таъминлаш масаласи ўрганиб чиқиляпти, деди.

"Огоҳлантириш хатида 2 ой дейилган. Мана 1 ойи ўтди ва мана энди ходимларнинг маълумотига қараб уларга бошқа ишлар таклиф қилинади", деб айтди "Шўртаннефтгаз" касаба уюшмаси раҳбари Шокир Аҳмедов.

"Шўртаннефтгаз" МЧЖ қўриқлаш хизматининг ходимлари ва уларнинг қариндошлари Би-би-сига қуйидагиларни айтиб бердилар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ