Ўзбекистон: 30 йиллик муаммони президент Мирзиёев ҳал қилдими?

30 йилдан бери Тошкент шаҳрига прописка қўя олмай сарсон бўлиб юрган инсон ҳуқуқлари фаоли ва журналист Малоҳат Эшонқулова Президент виртуал қабулхонаси орқали муаммосини бир кунда ҳал қилган. Эшонқулова дарди Президент Мирзиёевга етиб боргани учун муаммолари зудлик билан ҳал бўлганини тахмин қилмоқда.

Ҳуқуқ фаоли шунингдек, 24 ёшли қизи Зарнигор Алимбековага чиқиш визаси берилмаётгани учун Ички ишлар вазирлиги билан судлашган. Иш ҳатто Олий судгача етиб борган бўлса-да, унинг қизи ОВИР стикерини ололмаётган бўлган.

Расмийлар 24 ёшли сартарош қизга чиқиш визаси берилмаётганини "давлат сири" дея изоҳлаганди.

"24 ноябр, шанба куни кутилмаганда қўнғироқ бўлди. Сиз Ўзбекистон президентининг виртуал қабулхонасига мурожаат қилганмисиз, деб сўрашди", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Виртуал қабулхонага борган ҳуқуқ ҳимоячисининг иши саноқли дақиқаларда ҳал бўлади.

Ўша куннинг ўзидаёқ паспорти Самарқанд вилоят ИИБ томонидан олиб қўйилган ва пропискага қўёлмай юрган Малоҳат Эшонқулова Тошкент шаҳрида куёвининг уйига доимий рўйхатга олинади.

Қизи Зарнигор Алимбекова эса бир куннинг ичида хорижга чиқиш стикери - ОВИР олади.

Малоҳат Эшонқулова муаммоларининг бир кунда ҳал бўлишини Президент Шавкат Мирзиёегв боғлайди.

"Буни юртимизда ўзгаришлар бўлаётганининг аломати, деб билгим келаяпти. Менинг овозим шахсан Президентга етиб борди, деган хаёлдаман", дейди Малоҳат Эшонқулова.

Ҳуқуқ фаоли ўзига нисбатан кўрсатилган бу ёрдамни, унга нисбатан берилган имкон деб билишини айтади. У бу имкониятни ҳуқубонларга нисбатан чўзилган дўстлик қўлининг белгиси сифатида талқин қилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek