Ўзбекистон, Тошкент ва Мирзиёев: Интернет тезлиги ошади, аммо Facebook ва YouTube ҳали очилмайди

Ўзбекистоннинг коммуникация учун масъулларига кўра, мамлакатда Интернет тезлиги 1 декабрдан кўтарилади, аммо Facebook ва YouTubeга кириш ёпиқлигича қолади.

30 ноябрь куни Тошкентдаги "Ўзэкспомарказ"да Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда мобиль алоқа учун масъул "Ўзбектелеком" раҳбарлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда Интернет тезлигини ошириш борасидаги топшириқларини қандай бажарганлари ҳақида ҳисобот берганлар.

Мутасаддиларга кўра, 2018 йилнинг 1 декабридан халқаро Интернет-каналнинг ўтказиш қуввати 10 баравар оширилади.

Ҳозирги пайтда бу қувват 110 Гбит/секундни ташкил қилиб турибди.

1 декабрдан ўтказиш қувватини 1200 Гбит/с гача оширишга ваъда бердилар алоқа масъуллари.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Ўзбекистон Интернет тезлиги бўйича кўп йиллардан буён халқаро рейтингларнинг энг қуйи қаторидан жой олиб келади, охирги ойларда эса Facebook фойдаланувчилари ўз саҳифаларига киришдан ҳам маҳрум бўлдилар, YouTube видео-порталидаги видеоларни Ўзбекистон ичкарисида кўриб бўлмай қолди.

Facebook ва YouTubeга кириш муаммоси Ўзбекистонда Интернет тезлигини ошириш йўлида бажарилаётган техник ишлар боғлиқ экани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди, фойдаланувчилар 1 декабрни интиқлик билан кута бошладилар.

Бироқ "Ўзэкспомарказ"да "Ўзбектелеком"нинг раҳбарлари айтишларича, ширкат ушбу масалани ҳал қилиш йўлида ишламоқда.

"Натижа бўлиши билан ҳаммани бу ҳақда хабардор қиламиз. Бу масалани ҳал қилишимизга ҳеч ким шубҳаланмаяпти. Фақат озгина вақт керак, холос", дея "Ўзбектелеком"нинг Савдо ва хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Алишер Зуфаровдан иқтибос келтирганлар оммавий ахборот воситалари.

"Ўзэкспомарказ"да айтилишича, "Ўзбектелеком" Facebook ва YouTube сервисларига ҳамкорлик қилиш бўйича таклиф билан расман мурожаат қилган ва "Ўзбектелеком" улар билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатишни режалаштирмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ушбу муаммони ҳал қилиш бўйича миллий оператор ва бошқа вазирликлар билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда, деб айтган вазирнинг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров.

Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ