Ўзбекистон, депутат: 'Тошкент пропискаси - инсон ҳуқуқларининг бузилиши эмас'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Fergana.ru
Image caption Депутат вилоятлардаги газ, электр ва ишсизлик муммолари ҳақида гапирмаган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Умирзоқов Тошкент пропискаси мамлакат фуқароларининг Конституцияда белгилаб қўйилган эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини чекламаслигини айтган.

Бу ҳақдаги фикрларини депутат ўзининг Facebook саҳифасида эълон қилган.

Унинг ёзишича, давлат фуқароларнинг бир жойдан иккинчи жойга кўчишига "қонунда белгиланган тартибда чеклашлар киритиши мумкин".

Тошкент пропискаси: "Қишлоқларда газ, свет, сув бўлса, прописка кимга керак?"

Тошкент пропискаси бироз енгиллаштирилди, аммо ...

Ўзбекистонда прописка тизими соддалаштирилади

"Бунинг асосий сабаби, - дея фикрини давом эттирган қонуншунос, - Ўзбекистон Республикаси БМТ Бош Ассамблеянинг 1966 йил 16 декабрдаги 2200 А (XXI)-сонли резолюцияси билан қабул қилинган ва 1976 йил 23 мартда кучга кирган ФУҚАРОЛИК ВА СИЁСИЙ ҲУҚУҚЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ХАЛҚАРО ПАКТга 1995 йил 28 сентябрда қўшилганидир. Ушбу пактнинг 12 моддаси мувофиқ :

1. Бирор-бир давлат ҳудудида қонуний равишда турган ҳар бир киши ушбу ҳудуд доирасида эркин кўчиб юриш ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга.

2. Ҳар бир киши ҳар қандай мамлакатни, жумладан ўз мамлакатини тарк этиш ҳуқуқига эга.

3. Юқорида қайд этилган ҳуқуқлар ҳеч қандай чеклаш объекти бўлиши мумкин эмас, қонунда назарда тутилган давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, аҳоли саломатлиги ёки маънавиятини ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш учун зарур бўлган ва ушбу Пактда эътироф этилган бошқа ҳуқуқларга мос келадиган чеклашлар бундан мустасно".

Акмал Умирзоқов Чор Россияси давридаги "крепостной ҳуқуқи"дан қолган Тошкент пропискасининг "зарур"лигини урбанизация ёки шаҳарлашиш жараёни, хусусан, жиноятчилик билан боғлиқ вазиятни назорат қилиш эҳтиёжи билан тушунтиришга уринади.

"Урбанизация жараёни жадал кечган ривожланаётган давлатлар тажрибасидан ҳам маълумки, агар давлат яшаш шарт-шароитлари қолган худудларга нисбатан бир оз яхши бўлган йирик шаҳарларда рўйхатдан ўтиш бўйича самарали қатъий назорат ўрнатмаса, турли хил сабабларга кўра криминоген вазият салбий томонга ўзгаради. Ҳаттоки ўзига хос, «Дунёнинг жиноятчилик авжига чиққан шаҳарлари» рейтинги мавжуд. Ушбу рейтингда биз учун бориб кўриш орзу бўлган Франция пойтахти Париж ҳам бор"

Аммо депутат Тошкент пропискаси пойтахтда жиноятчиликнинг камайишига қандай ҳисса қўшаётгани борасида ҳеч қандай рақам келтирмаган.

У шунингдек, аҳолини Тошкентга тортаётган омиллар - газ, электр ва ишсизлик муаммолари ҳақида ҳам лом-мим демаган.

'Расво тизим'

Аввалроқ ҳуқушунос Хушнудбек Худойбердиев ўзининг Телеграмдаги каналида Тошкент пропискаси ҳақидаги фикрларини баён қилган ва пропискани "расво тизим" деб атаганди.

Унинг фикрича, илгари доимий прописка шунчаки тўсиқ ва тақиқ бўлган бўлса, эндиликда ўзига хос бизнесга айланган.

Ҳуқуқшунос ҳукуматнинг янги қурилган уй-жойлардан квартира сотиб олган фуқарорларга Тошкент пропискасини бериш тўғрисида ўтган йил июлида чиқарган қарорини камситувчи, дея баҳолайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Акмал Умирзоқов
Image caption Facebook

"Ҳукумат битта уй учун ўзининг фуқароларига (!) икки хил нархда бож белгилаяпти ва бу фарқ минг эмас, бир неча миллионларни ташкил этяпти. Ваҳоланки, иккаласи ҳам тенг ҳуқуқли фуқаро, иккаласи ҳам тенг солиқлар тўлайди, иккаласи ҳам сайловда бир хил овозга эга, иккаласининг ҳам бир хил паспорти бор", деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.

Унинг ёзишича, паспортдаги биргина штампни деб Ўзбекистон фуқароларининг бир тоифаси иккинчисидан "400 баравар қадрсизроқ".

Ҳукуматнинг ўзи Вазирлар Маҳкамасининг 527-сонли қарорини пойтахтда рўйхатдан ўтиш тартибини енгиллаштирувчи қарор, дея тақдим қилган.

Ҳукумат шунингдек, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинадиган вазирлик, идора ва ташкилотлар ходимлари рўйхатини ҳам кенгайтирган.

Аммо шу йил ёзида Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» каналида эълон қилинган «Қайси ташкилотда ишловчи ходимлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинади?» сарлавҳали хабари ижтимоий тармоқларда «яна дискриминациями?» деган норозиликларга сабаб бўлган.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон пойтахтидаги 65 давлат бошқаруви органлари, идора-ташкилотига ишга олинган шахснинг Тошкент шаҳри ва вилоятида пропискага туришига рухсат берилган.

Шу йил бошида "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" давлат дастури лойиҳасига биноан, Ўзбекистонда паспорт тизимини соддалаштириш режалангани эълон қилинган.

Ҳукумат прописка, паспорт олиш жараёни, ишга жойлашиш ва бошқа конституцион ҳуқуқлардан фойдаланиш йўлида кўплаб чекловларнинг бекор қилинишини айтганди.

Аммо бекор қилиш учун белгиланган 1 апрел муддати ўтган, лекин аксар чекловлар сақлаб қолинган.

Аксар таҳлилчилар Тошкент пропискаси тизими аксил-конституциявий экани ва бизнеснинг ривожланишига тўсқинлик қилишини айтиб келадилар.

Уларга кўра, мавжуд тартиб амалда пойтахтни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан алоҳида сиёсий-жўғрофий объект - "Тошкент республикаси"га айлантирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek