Ўзбекистон, Тошкент ва Мирзиёев: Бугун одамлар энг кўп кимдан ёки нимадан норози?

Маълум бўлишича, ўзбекистонликлар бугун кўпроқ суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти, соғлиқни сақлаш тизимидан норози.

Бунга Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили - Омбудсманга келаётган мурожаатлар таҳлили далолат қилган.

Шунингдек, бу таҳлилдан ўзбекистонликлар мурожаатларида уй-жой, коммунал соҳа, ижтимоий кўмак ва бандлик билан боғлиқ муаммолар кўтарилгани аён бўлган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев билан суҳбатига таяниб, хабар берган.

Айни хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, Омбудсманга келаётган мурожаатларнинг асосий қисми жисмоний шахслардан бўлади.

Улар жаъми мурожаатларнинг 96 фоизга яқинини ташкил қилади.

Айни шу хабарнинг ўзида фуқаролар мурожаатларининг ҳудудлар миқёси бўйича таҳлили ҳам келтириб ўтилади.

Ундан Омбудсманга энг кўп мурожаат Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келади.

Аммо бу хабарда таҳлил қилинган мурожаатлар сони ва уларнинг Омбудсманга қайси давр оралиғида келиб тушгани тафсилотлари тилга олинмаган.

Лекин айрим мурожаатларни ваколатли органлар билан кўриб чиқиш натижаларига кўра, дейлик, 25 жиноят иши қўзғатилгани, 27 маъмурий ва 44 интизомий иш очилгани билдирилган.

Айни шу хабар тафсилотларидан йигирмадан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, 15 нафар таълим, 8 нафар соғлиқни сақлаш ва 12 бошқа ташкилот ходимларининг жавобгарликка тортилишгани ҳам маълум бўлган.

Хабари сўнггида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ўз сайтларида Омбудсман билан суҳбат матни тўлиқ чоп этилишини эълон қилиб, ўзларини кузатиб туришларини сўраб қолган.

Мазкур хабарнинг ўзи эса, "Омбудсман: Одамлар кўпроқ нимадан норози?" сарлавҳаси остида берилган.

Айни шу факторнинг ўзи ҳам маҳаллий кузатувчиларнинг эътиборларини ўзига жалб этмай қолмаган.

Уларга кўра, одамлар норозилигининг айни тариқа сарлавҳага чиқарилиши Ўзбекистонда бу яқин йилларда кузатилмаган воқеълик бўлади.

Ҳибсдаги блогерлар: Ўзбекистон Каримов даврига қайтмоқдами?

Ўзбекистон: ДХХга ишониб Туркиядан қайтаётганларни нима кутмоқда?

ИИВда сохталаштирмасдан жиноят иши ёзишни билишмайдими?

Омбудсман

Ўтмиш йиллартажрибаси назарда тутилса, Омбудсманга Ўзбекистон фуқароларидан йилига ўз ҳуқуқлари билан боғлиқ минглаб мурожаат келиб тушиши мумкин.

Ўзбекистонда парламентнинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили лавозими 1995 йилда таъсис этилган.

Бу лавозимни 20 йил давомида бир киши - Сайёра Рашидова эгаллаб келган.

2015 йилга келибгина Ўзбекистон Олий Мажлиси унинг ўрнига Улуғбек Муҳаммадиев номзодини маъқуллаган.

Маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон Омбудсмани идораси фаолиятини танқид қилиб келадилар.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон шароитида парламентнинг инсон ҳақлари вакили ижроия ҳокимияти, суд, прокуратура ва ҳуқуқ-тартибот идораларига таъсир ўтказа олишга қодир механизмга эга эмас.

Кўп ҳолларда давлат идораси ёки ҳуқуқ-тартибот органи вакилларининг инсон ҳақларини поймол этганига оид Омбудсманга юборилган шикоятлар айнан ўша идора ва органнинг ўзига текшириш учун юборилиши одатий ҳолга айланган.

Шу боис ўзларининг ҳақ-ҳуқуқи поймол қилинганидан Ўзбекистон президенти, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, Бош прокуратура, Олий Суд, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Олий Мажлис омбудсмани Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказларга қилган кўп сонли мурожаатларидан адолатли ечим топа олмаган Ўзбекистон фуқаролари яқин-яқингача Тошкентда офиси бор халқаро ташкилотлар ва маҳаллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига шикоят қилишни энг сўнгги чора деб кўриб келишган.

Аммо, бошқа томондан, айнан суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев ўзи бошқарувга келган ўтган икки йил давомида ислоҳ қилиш учун жадал ва жиддий эътибор қаратган икки устивор соҳа бўлади.

Шундай экан, нега ҳали-ҳануз аксарият ўзбекистонликлар энг аввало асосан бу икки орган ёки тизимнинг фаолиятидан норози? Бу нималарга далолат қилади?

Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шу савол билан Тошкентдан Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромовга мурожаат қилди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek