Британия аёл фиғони: Ўзбекистон бориб, онамни кўмишга рухсат беринг

Фото муаллифлик ҳуқуқи RICHARD KINGSTON
Image caption Мария Ўзбекистонга борса, оиласи бағрига қайиб келолмайди.

Ўзбекистонлик аёл келаётган дам олиш кунлари ватанидаги онасининг дафн маросимига бориш ва яна Уэльсга қайтиши бўйича Британия ҳукуматининг рухсатини кутиб яшамоқда.

45 яшар Мария Кингстон «оғир бетоб бўлиб қолган» онасини кўргани боришга уринган, аммо виза масаласи ҳал бўлмагани туфайли Ўзбекистонга бора олмаган. Унинг онаси ўтган ҳафта дунёдан кўз юмди.

Алоқадор мавзулар:

Мирзиёев мигрантларга ғамхўр: ўлса, майитини текин олиб келади

Икки ой олдин дафн этилган қозоқ чол қандай тирилди?

Ақтўбеда ўлган ўзбеклар дафн этилди

Ўзбек мигрантлари жасади ҳақида ким қайғуради?

Ёзма рухсатномасиз у Ўзбекистонга боргудек бўлса, қайтиб Буюк Британияга киритилмаслиги мумкин.

Британия ҳукуматининг иммиграция назорати, хавфсизлик ва тартибни сақлаш масалаларига масъул департаменти (Home Office)га кўра, рухсатнома олиш юзасидан топширилган аризалар «етарлича текширилиши зарур.»

Ўзбекистон фуқароси бўлмиш Кингстон хоним малакали ҳамшира, аммо қонунларга кўра, унинг ишлашга ҳаққи йўқ.

«Нима қилишимни билмаяпман. Шунчаки менга ёрдам беринглар, дейман.»

«Агар борсам, бу ердаги фарзандларим, оиламдан айрилишим мумкин,» ёзғиради у.

Кингстон хоним ҳозирда 56 ёшга тўлган уэлслик Ричард Кингстон билан 2008 йили турмуш қурган. Улар Дубайда танишганлар.

Турмушининг асосий қисми давомида Дубайда кун кечирган жуфтлик 2017 йилда Уэлсга кўчиб келади ва Кингстон хоним ўшандан бери Буюк Британияда доимий яшашга рухсат олишга ҳаракат қилмоқда.

Доимий яшашга рухсатнома олиш учун берилган биринчи аризага рад жавоби берилган. Британия ҳукумати жаноб Кингстоннинг тўққиз яшар қизи Аннани бир ўзи вояга етказа олишга қурби етишини маълум қилиб, Марияга Ўзбекистонга қайтиши ва ўша ердан туриб, қарорга нисбатан аппеляция беришини тавсия қилган.

Бироқ бу Кингстон хонимнинг эри ва қизини икки йилга қадар муддатга ташлаб кетишига тўғри келиши ва жаноб Кингстоннинг қизи Аннага ғамхўрлик қилиш мақсадида ишидан кетишга мажбур бўлиши ҳамда жуфтлик доимий яшаш рухсатномаси учун топширилган аризадаги оилавий даромадлар юзасидан қўйилган талабларни бажара олмай қолишини англатар эди.

Мазкур масалани ҳал қилиш билан шуғулланаётган маҳаллий депутат Овен Смит шундай дейди: «Аввалига Ўзбекистонда аҳволи оғирлашиб қолган онасини кўриб келиши учун Кингстон хонимга виза берилишига ваъда қилинган эди, аммо ҳукумат сўзида турмади ва 2017 йил февралидан бошлаб ушбу масалага нисбатан тўнини тескари кийиб олди.»

«Афсуски, Кингстон хонимнинг онаси 30 ноябрь куни вафот этди ва у Ўзбекистонда ўтказилиши лозим бўлган дафн маросимига ўз вақтида бора олиши ёки йўқлиги юзасидан тегишли жавобни кутиб, қийналмоқда.»

Жаноб Смит мамлакат ички ишлар вазиридан бу муаммога эътибор қаратишни илтимос қилган.

Кингстон хоним 2016 йилда берилган оилавий виза асосида Британияда яшаб келмоқда.

Муқаррар кечикишлар

Кингстон хоним саратонга чалингандан сўнг анча оғирлашиб қолган онаси Надежда Черненокни кўришга бора олмаган.

У келаётган жума куни Ўзбекистонга учиб, шанба куни дафн маросимида иштирок этиши ва яна Буюк Британияга қайта олишига имкон берувчи ҳужжат юзасидан расмиятчиликлар тугашини кутмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RICHARD KINGSTON
Image caption Мариянинг Ўзбекистондаги онаси саратондан вафот этди.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, марҳумнинг жасади узоғи билан етти кунгача сақлаб турилиши мумкин ва шу сабабдан дафн маросимини ортиқ кечиктириб бўлмайди.

Ўзбекистонлик аёлнинг эри бундай вазиятга тушиб қолганидан кейин «британиялик бўлганидан уяла бошлагани»ни айтади ва ҳукуматни одамларга нисбатан «рақамлардек» муомалада бўлиш ҳамда «оилаларни пароканда қилиш»да айблайди.

«Ҳукумат бу масалани бугун тушда ёки эртага тонгда шунчаки ручкани бир-икки қимирлатиб, ҳал қила олади.»

«Бироқ уларнинг шахс, шахснинг ҳуқуқлари ва инсонийлик билан умуман иши йўқ,» ғазабини яширмайди жаноб Кингстон.

Иммиграция назорати, хавфсизлик ва тартибни сақлаш масалаларига масъул департамент воизи идоранинг виза юзасидан берилган барча аризаларни тезкорлик билан кўриб чиқиши, аммо баъзида «мураккаб вазият муқаррар кечикишларга сабаб бўлиши» ҳамда «аризалар синчковлик билан текширилиши зарурлиги»ни маълум қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek