Қирғизистон, Ўш, Жалолобод: ўзбек раҳбарларидан Қодиржон Ботиров вафот этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Қирғизистоннинг энг бой одамларидан бўлган Қодиржон Ботиров 2010 йилдаги давлат тўнтариши чоғида муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлаганди.

Қодиржон Ботиров шу йилнинг 4 декабрь куни Одесса шаҳрида 62 ёшида оламдан ўтган.

Бу ҳақда Би-би-сига маълум қилган Қодиржон Ботиров оиласига яқин манбаънинг айтишича, у ҳуфтон намозидан кейин уйқуга ётганича қайтиб уйғонмаган.

Ҳозирда Қодиржон Ботировнинг Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлган яқинлари уни қаерда дафн этиш масаласини муҳокама қилишмоқда.

Қодиржон Ботиров: 2010 йил ҳодисалари узоқ тайёрланган ишларнинг бир қисми холос

Қодиржон Ботиров: "Менга нисбатан чиқарилган ҳукм сиёсийдир"

Қодиржон Ботировнинг уйи Бакиевга берилди

Оиласи марҳумни ватани Қирғизистонда дафн қилиш истагини билдирган, аммо "муаммо чиқиши мумкинлиги"дан андишаланмоқда.

Би-би-си манбаъсининг айтишича, собиқ депутат ва йирик ишбилармоннинг ўлими яқинлари ва дўстлари учун кутилмаган бўлган.

Унинг соғлигидан шикоят қилмагани айтилади.

'Сиёсий ҳукм'

Қирғиз ҳукумати Қодиржон Ботировни 2010 йил июнида Жалолободда содир бўлган қонли этник тўқнашувларнинг ташкилотчиларидан бири сифатида айблаб, сиртдан умрбод қамоқ жазосига маҳкум этган.

Унинг ўзи қирғиз маҳкамаси 2011 йил ноябрида эълон қилган ҳукмни сиёсий, деб атаган.

Қирғизистоннинг энг бой одамларидан бўлган Қодиржон Ботиров 2010 йилдаги давлат тўнтариши чоғида муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлаганди.

Ҳокимиятдан четлатилган Қурманбек Бакиев тарафдорлари Ботировни ағдарилган президентнинг Жалолободдаги уйига ўт қўйишда айблашган.

Ботиров ва тарафдорларининг Бакиевга қарши намойишларини қўллаб-қувватлаган муваққат ҳукумат кейинроқ Қодиржон Ботировга қарши айбларни дастаклаган ва уни бўлгинчиликда айблаган.

Қодиржон Ботиров ўзига қарши илгари сурилган миллий низо қўзғаш ҳақидаги айбларни қатъиян рад этган ва ҳодисларда муваққат ҳукумат раҳбарларини айблаган.

Қирғиз маҳкамалари унинг мол-мулкларини мусодара қилган, жумладан, Сузоқ туманидаги уйини Қурманбек Бакиев яқинларига олиб бериш тўғрисида қарор чиқарган.

Қодиржон Ботиров 2011 йилда Швециядан бошпана олган эди.

2010 йил июнида Қирғизистон жанубида юз берган этник тўқнашувларда юзлаб инсон ҳалок бўлган, юз минглаб одамлар вақтинча уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Ҳодисалар юзасидан ўтказилган халқаро текширув Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида содир этилган қотилликлар "маҳкамада ўз исботини топгани тақдирда, инсониятга қарши жиноятларга тенглаштирилиши мумкин" деган хулосани берган.

Қирғиз парламенти халқаро комиссия ҳисоботини рад этган ва унинг муаллифи, Финландия парламентининг собиқ аъзоси Киммо Килюненнинг мамлакатга қиришини тақиқлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek