Ўзбекистон: Тошкентликлар ишёқмас, шубҳали инвесторлар билан ишим йўқ - Тошкент ҳокими

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Жаҳонгир Ортиқхўжаев шубҳали инвесторларни инкор этмади

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев "Тashkent city" ва пойтахтнинг бошқа лойиҳалари шубҳали инвесторларга берилганини рад этмаган.

Унинг Qalampir.uz сайти билан суҳбатда айтишича, инвесторлар ва пул эгаси кимлигининг аҳамияти йўқ.

"Қурилишини қилса вақтида, одамларни иш билан таъминласа, уни суриштириб нима қиламан ким, қаерда... Ҳеч исми бўлмасин, лекин иш қилсин", - деб айтган ҳоким.

Би-би-си текшируви "Миробод-сити" лойиҳасини олган "Hyper Finance Group" ўзбек-британ қўшма компанияси сохта бўлиши мумкинлигини ўртага чиқарганди.

Ўзбекистон: Tashkent City - "Сирли" инвесторлар кимлар?

Ўзбекистон: Бузилаётган уйлар бўйича Тошкент ҳокимлиги жавоб берди

Мирзиёев Tashkent Cityда нималарни кўрмади?

Ушбу ширкат, унинг эгалари ва капитали ҳақида Британия реестрида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Тошкент ҳокимияти Би-би-сига британ ширкатининг 300 миллион евро маблағи борлигини айтган, аммо ҳеч қандай далил тақдим этмаган.

Tashkent City лойиҳасининг "англиялик инвестори" кимлиги ҳам номаълум.

Эдинбургдаги Corso Solutions SLP ширкати ўтган йили тузилган.

Шотландияда чиқадиган The Herald газетаси ўтказган текширувга кўра, ширкат ҳанузгача эгаси кимлигини очиқламаган.

Image caption Би-би-си текшируви "Миробод-сити" лойиҳасини олган "Hyper Finance Group" ўзбек-британ қўшма компанияси сохта бўлиши мумкинлигини ўртага чиқарган.

The Herald "Британия ширкатлари" сифатида Ўзбекистонга кираётган инвесторларни "оффшордаги шубҳали тузилмалар" деб атаган.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз суҳбатида бу ширкатлар атрофидаги саволларнинг биронтасига аниқлик киритмаган.

Сиёсий таҳлилчи Рафаэл Саттаровнинг фикрича, Ортиқхўжаевнинг сўзлари Ўзбекистондаги ҳокимият учун инвестицияларнинг қанчалик шаффолигининг аҳамияти йўқлигини кўрсатади.

"Бу кампанияларга қурилишларни топшириш давом этади, аҳоли уйларини вайрон қилиш давом этади. Бу интервьюдан маълум бўлди", - дейди таҳлилчи Би-би-си билан суҳбатда.

Бойлар ва камбағаллар

Ортиқхўжаевнинг айтишича, Миробод туманининг "Байналмилал" маҳалласи бузилишига фақат бойлар қарши чиқмоқда.

"Уларнинг хожатхонасида ҳам телевизор бор, лекин ўша маҳалланинг асфальтини қилиш мумкинмиди ўз шахсий пулига? Қарорда ёзилган, рози қилиб олиш керак, яхшироқ берса, ким сотмайди?, - дея ёзғиради Жаҳонгир Ортиқхўжаев Qalampir.uz сайтига берган интервьюсида.

"Тashkent city" қурилиши бўйича Британияда эълон қилинган тадқиқот муаллифи Алишер Илҳомовга кўра, бу пойтахт аҳолисини бир-бирига қайрашдир.

Унинг маълумотича, маҳалла яшовчиларининг 90 фоизи уйларнинг бузилишига қарши.

Ҳоким шунингдек, пойтахтда ишсизлик муаммоси йўқлигини айтиб, тошкентликларни ишёқмас, деб атаган.

Расмий маълумотларга кўра, пойтахт аҳолисининг қарийб 99 минги ишсиз, 90 мингдан ортиқ киши меҳнат муҳожирларидир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.