Ўзбекистон, Тошкент милицияси: Эркаклар, фоҳишаларга борманг

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, бу каби воқеълик Ўзбекистон мустақиллиги тарихида деярли кузатилмаган.

"Юртимиз эркакларини бундай хизматдан фойдаланмасликка чақирамиз, чунки талаб бор экан, таклиф ҳар доим бўлади. Саломатлик, хавфсизлик, самимий ҳис-туйғулар, муҳаббат ва оилани танланг", - дейилади, жумладан, Тошкент шаҳар Ички Ишлар Бошқармасининг билдиришномасида.

Бошқарманинг пойтахт эркакларига нега бу каби чақириқ билан мурожаат қилгани сабаби маълум эмас.

Аммо мазкур даъват уларнинг "Чилонзор-18 деразалари остидаги "капалаклар"га қарши кўрилган чора-тадбирлар ҳақида"ги билдиришномасидан жой олган.

Маълум бўлишича, Чилонзор тумани 18 даҳасида яшовчи фуқаролардан оммавий ахборот воситаларига қилинган шикоят асосида 29 ноябрь куни тўрт нафар, 30 ноябр куни икки нафар қиз ушланган.

Фуқаролар кўчадаги шовқин ва фоҳишалар устидан арз қилишган.

Қоидабузарларга Ўзбекистон Маъмурий Кодексининг 190 ва 194-моддалари бўйича айблов қўйилган.

Мазкур моддалар бўйича энг максимал жазо чораси - бўйинсўнмаслик учун маъмурий ҳибсга олиш экани ҳам билдирилган.

Аммо бошқарманинг расмий веб саҳифасида кеча, 6 декабрь куни чоп қилинган бу билдиришнома аллақачон маҳаллий фаолларнинг танқид ва эътирозларига ҳам сабаб бўлиб улгурган.

"Биласизми, яқиндагина фермерларнинг қасам ичиши ҳаммага қанчалик кулгули ва эриш туюлган бўлса, қанчалик мантиқчиз бўлса, бу ҳам ҳаммага худди шундай туюлди", - дейди Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Тошкентдан таниқли зиёли ва фаол Дилором Исҳоқова.

"Биринчидан, бу чақириқ билан эрта-индин ўша милиция ходимларининг янада кўпроқ пул ишлашларига йўл очилади. "Мана шундай чақириқ бор, ҳар куни қаранглар, югуринглар...". Улар эртага истаган одамларини худди шу масала билан ушлайди. Қўйворсак, унча пул оламиз, деб".

"Ҳар куни кимдир нимадир иш қилиши керак, иш қилаётгани ҳақида ҳисобот берилиши керак, кимдир ўзини кўрсатган, ана шундай таклиф билан чиққан, холос", - дейди фаол ўз сўзларида давом этаркан.

Суҳбатдошимизга кўра, масъуллар томонидан эркакларга қаратилган бу каби мурожаат ва чақириқларнинг ўрнига, Ўзбекистондаги фоҳишабозлик муаммосига комплекс ёндашув лозим.

"Фоҳишабозликнинг кўлами қай даражада бўлишидан қатъиназар, чақириқ билан ҳеч нарсага эришиб бўлмаслиги бу - аниқ нарса", - дейди у.

Ўзбекистон ва ВИЧ ОИТС: Ўзбеклар секс, сўлак ва СПИД ҳақида билиши керак ўнта жавоб нима?

Фоҳишалик ва фоҳишабозлик илдизлари қаерда?

Тошкент фоҳишаларини "ким йўқ қила олади"?

Сабаб, оқибат ва ечим...

Фото муаллифлик ҳуқуқи GettyImages/Veronique DURRUTY

Фаол адвокат бўлиб ишлайдиган ўз қизининг иш тажрибаси мисолига таяниб, хотин-қизларни бу ишга ундаётган асосий сабаб йўқчилик эканини айтади.

Унга кўра, худди шу боис ҳам, рисоладагидек ижтимоий ҳимоя бўлмас экан, мана шундай иллатлар кўпаяверади, ҳеч қачон камаймайди.

" У юз марта чақириқ қиладими, беш юз марта қиладими, эртага бутун Ўзбекистоннинг эркакларини битта майдонга йиғиб, қасам ичирса ҳам, "Бормайман ўша ерга, деб", улар тугамайди", - дейди у.

"Бекорга эмас, энг қашшоқ давлатлардан фоҳишалар кўпайган ҳамиша...".

"Ҳеч ким чуқур бу муаммо билан шуғулланаётгани йўқ, бу борада атрофлича, комплекс чоралар кўрилгани йўқ ва кўрилмайдиям", - дейди у.

Агар, айни шу билдиришноманинг ўзида келтириб ўтилган статистик маълумотларга таянилса, жорий йилда 65 нафар қиз ҳисобга қўйилган.

Яна 826 қизга Ўзбекистон Маъмурий Кодексининг 190-моддаси бўйича баённома тузилган.

Мурожаатнома мазмунидан ушбу статистик маълумотлар биргина пойтахт Тошкентни кўзда тутилиши англашилади.

Ўзбекистон - бугун дунёга энг кўп фоҳиша етиштириб берувчи мамлакатлардан бири сифатида кўрилади.

Чунки мамлакат аҳолиси камбағал, ҳатто қашшоқлик ҳам салмоқли.

Устига устак, Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳолиси энг катта давлат саналади.

Яқинда эълон қилинган расмий статистик маълумотларда мамлакат доимий аҳолисининг сони 33 миллиондан ортгани англашилади.

Ҳам эркаклар ва ҳам хотин-қизлар назарда тутилганда, Ўзбекистон фуқароларининг салмоқли қисми, йилларки, меҳнат муҳожирлиги орқасидан кун кўриб келади.

Биргина расмий рақамларда бугун четда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликларнинг сони икки миллионга яқин экани айтилади.

Маҳаллий кузатувчилар ва фаоллар эса, ҳақиқий рақамларнинг расмийсидан кўра бир неча баробар кўп эканини тахмин этишади.

Ўзбек аёллари учун мамлакатнинг ўзида оила боқишга етадиган тузук иш кам.

Хотин-қизларнинг моддий мустақиллиги нафақат иқтисодий имконсизлик, балки ўзбек жамиятидаги қарашлар боис ҳам амалда паст бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда фоҳишалик қанчалик кенг тарқалган бўлмасин, у ноқонуний ва бу мавзу батафсил ёки холис муҳокама этилмайди.

Янги ташаббуслар

Фото муаллифлик ҳуқуқи NurPhoto

Ўзбекистон Адлия вазирлиги шу йил март ойида мамлакатда бундан кейин фоҳишалик билан шуғулланганлар баробарида улар хизматидан фойдаланганларга ҳам чора кўриш ташаббуси билан чиққан.

Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва тўлдириш киритишга оид қонун лойиҳаси regulation.gov.uz сайтида жамоатчилик муҳокамасига ҳам қўйилган.

Унда Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг "Фоҳишалик билан шуғулланиш", деб номланган 190-моддасига янги банд қўшиш таклиф этилган.

Лойиҳа тафсилотларидан бу банднинг "" Фоҳишахоналарга бориш", деб аталиши маълум бўлган.

Унга кўра¸ "Жинсий эҳтиëжини қондириш мақсадида фоҳишахоналарга бориш энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага тортишга асос бўлиши" аёнлашган.

Мазкур қонун лойиҳаси муаллифлари Ўзбекистон Адлия вазирлиги қошидаги Жиноий, маъмурий ва ижтимоий қонунчилик бошқармаси мутахассислари бўлишган.

Уларнинг бу жараёнда бошқа давлатлар тажрибасини ҳам ўрганишгани, жумладан, Швеция қонунчилигидан намуна олишгани ҳам хабарларда айтилган.

Швеция қонунчилигига мувофиқ эса¸ фоҳишахоналар ноқонуний ҳисобланади.

Ҳам ўз танасини сотаётган аёл ва ҳам унинг мижози бирдек, яъни жарима ёки олти ойгача қамоқ жазоси билан жазоланади.

Ўзбекистонда мазкур қонун лойиҳасини шу йил 1 май кунидан бошлаб кучга киритиш режаланаётгани айтилган.

Лойиҳа мазмунидан Ўзбекистонда ҳам Швецияда бўлгани каби фоҳишалик билан шуғулланаётган аёллар қаторида энди улар хизматидан фойдаланаётган эркакларни ҳам жазолаш кўзда тутилаётгани маълум бўлган.

Ушбу лойиҳа муаллифларидан бири эса, Ғарб нашрларидан бирига берган суҳбатида бундан асосий мақсад - энг аввало тери-таносил касалликлари тарқалишининг олдини олиш эканини айтгани ҳам кўрилганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek