Ўзбекистон, Мирзиёев: Ислоҳотлар айрим мансабдорларга ёқмаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи Matbuot Xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда бошланган чуқур ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар айрим мансабдорларга ёқмаётганини айтган.

"Ислоҳотлар албатта эскича яшаш, эскича ишлашга ўрганиб қолган айрим мансабдорларга ёқмайди. Буниям очиқ айтишимиз керак. Чунки ўзгариш, янгиланиш уларнинг тинчи ва оромини, ҳузур-ҳаловатини бузади. Лекин ҳаёт давом этар экан, ҳаёт талаби бўлган ислоҳотлар ҳам изчил давом этиши муқаррар. Бу ҳақиқатни ва талабни барча даражадаги раҳбарлар чуқур англаб олишлари зарур", - деб айтган Президент жума куни Конституция куни муносабати билан Тошкентдаги тантанали маросимда қилган нутқида.

Президентга кўра, ислоҳотлар ҳеч қайси мамлакатда осонликча амалга оширилган эмас.

Мирзиёев ҳокимиятнинг деярли барча бўғинларини танқид қилган.

Ўзбекистон: Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотлари чала қолмоқдами?

Шавкат Мирзиёев: Ислом ва Каримов ўртасида

Мирзиёев "планшетида ҳамма нарсани кўриб туради"

Жумладан, парламентнинг ҳар икки палаталари - Сенат ва Олий Мажлис қонунчилик палатасини "қатъий позицияси" йўқлиги учун танқид қилган.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилда давлат органлари ва мансабдор шахсларга Сенат бор-йўғи 2 та, Қонунчилик палатаси эса 3 та парламент сўрови юборган, холос.

"Халқ вакилларининг қатъий позицияси қаерда қолди?", - дея савол берган депутат ва сенаторларга Президент.

Давлат раҳбари нутқининг асосий қисми инсон ҳуқуқлри ва суд тизимидаги ислоҳотларга бағишланган.

Мирзиёев "айрим судьялар томонидан ҳали ҳам адолатсиз қарорлар қабул қилинаётгани, бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончига путур етказаётгани"ни айтган.

Диний-сиёсий маҳбуслар

Президент ўз нутқида биринчи марта мамлакат қамоқхоналаридан озод этилган диний-сиёсий маҳбуслар сонига аниқлик киритган.

Унинг айтишича, ҳозирга қадар "фаолияти ман этилган ташкилотларга кириб қолган 646 нафар маҳкум афв этилиб, оиласи бағрига қайтарилган".

Президент Конституция куни муносабати билан "қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган" 136 нафар шахсни авф этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Унга кўра, диний экстремизмда гумон қилинган 20 мингдан зиёд фуқаро "қора рўйхат" ёки Президент таъбирича, "махсус ҳисоб"лардан чиқарилган.

Президент ўтмишда сиёсий мухолифлар ва диндорларни таъқиб қилиш, уларга нисбатан қийноқ қўллаш билан ном чиқарган махсус хизматларнинг ваколатлари чекланганини айтган.

Мирзиёевга кўра, МХХ ўрнида қайта ташкил этилган ДХХга "асосан давлат манфаатларини ички ва ташқи таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилиш" вазифаси юклатилган.

Коррупция ва "хуфиёна иқтисод"

Мирзиёевнинг таъкидлашича, коррупцияга қарши кураш ва соя иқтисодини очиққа чиқариш ҳукуматнинг асосий мақсадларидан бўлиб қолмоқда.

Президентга кўра, ҳукумат мақсадга жумладан, солиқ юкини камайтириш орқали эришмоқчи.

"Кўп йиллар давомида солиқ юкининг юқори бўлгани мамлакатда "хуфиёна" иқтисодиёт улушининг ортиб кетишига шароит яратди", деган президент хитой файласуфиСунь Цзининг "Солиқларни ҳаддан зиёд кучайтириш турли талон-тарожликни келтириб чиқаради, душманларнинг бойишига хизмат қилади, оқибатда, давлат инқирозга учрайди", - деган сўзларини келтирган.

Президентнинг айтишича, янги солиқ Концепцияси асосида солиқ сиёсатида муҳим ўзгаришлар жорий қилинмоқда.

"Жумладан, жисмоний шахслар учун ҳозиргача амал қилиб келган энг юқори 22,5 фоизлик даромад солиғи ставкаси ўрнига 12 фоизлик ставка белгиланди, 8 фоизлик суғурта бадали эса бекор қилинди.

Бизнес ҳамжамияти учун энг оғир ҳисобланган ягона ижтимоий тўлов ставкаси илгариги 25 фоиз ўрнига 12 фоиз этиб белгиланди.

Бюджетдан ташқари пенсия, йўл ва таълим бўйича мақсадли жамғармаларга 3,2 фоиз миқдоридаги мажбурий тўлов бекор қилинди".

Президент ўтган йили коррупцияда айбланган 1100 дан ортиқ мансабдор шахслар жавобгарликка тортилганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Matbuot Xizmati

Президентнинг айтишича, пул-кредит сиёсатини либераллаштиришга қаратилган ислоҳотлар давом этади.

Мирзиёев Ўзбекистон ҳали-ҳануз ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтмаганини тан олган ва мамлакат ривожланишни истаса, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишдан бошқа йўл йўқлигини айтган.

"Очиқ айтиш керак: агар биз юртимизда барқарор иқтисодиёт қурмоқчи бўлсак, дунёдаги ривожланган мамлакатлар каби бой ва фаровон яшамоқчи бўлсак, чала-чулпа, юзаки эмас, балки қанчалик қийин ва мураккаб бўлмасин, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтишимиз шарт. Ягона йўлимиз шу. Бу - Асосий қонунимиз талаби. Бошқа йўл йўқ".

Президент ислоҳотлардан ортга қайтмасликка ваъда берган.

Унинг ишонтиришича, ислоҳотлар "албатта ўзининг ижобий натижасини беради".

Президент Матбуот хизмати Конституция кунига бағишланган концерт дастури бу йил "илк бор тўлиқ жонли ижрода ўтказилгани"ни таъкидлаб ўтган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.