Ўзбекистон: Қодиржон Ботиров Зангиота қабристонида дафн этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Қодиржон Ботиров 4 декбарь куни Украинанинг Одесса вилоятида 62 ёшида оламдан ўтган.

Шу йилнинг 4 декабрь куни Украинанинг Одесса вилоятида 62 ёшида оламдан ўтган Қирғизистондаги ўзбек миллий-маданий маркази собиқ раҳбарларидан Қодиржон Ботиров шанба куни Тошкент вилоятининг Зангиота қабристонида тупроққа қўйилган.

Яқинларининг Би-би-сига айтишича, марҳумнинг жасади 7 декабрь куни кеч соатларда Москвадан Тошкентга олиб келинган.

Аввалроқ Қодиржон Ботировнинг Истанбулдаги оиласи уни ватани Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида дафн этиш масаласини муҳокама қилган.

Қирғизистон, Ўш, Жалолобод: ўзбек раҳбарларидан Қодиржон Ботиров вафот этди

Қодиржон Ботиров: 2010 йил ҳодисалари узоқ тайёрланган ишларнинг бир қисми холос

Ўзбекистон томони билан олиб борилган музокаралар тафсилотлари маълум эмас.

Би-би-си манбаъларининг айтишича, маҳаллий ҳокимият шанба кунги дафн маросимига қаршилик кўрсатмаган, фақат марҳум маҳаллий бўлмагани боис қўшимча ҳужжатларни расмийлаштириш талаб этилгани айтилади.

Қодиржон Ботировнинг яқинлари уни Ўзбекистонда дафн этишга рухсат бергани учун ўзбек томонидан миннатдор эканликларини айтишмоқда.

Ўтмишда Қирғизистоннинг энг бой одамларидан ва ўзбек миллий маданий маркази раҳбарларидан бўлган Қодиржон Ботировнинг ўлими яқинлари ва дўстлари учун кутилмаган бўлган.

Унинг соғлигидан шикоят қилмагани айтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy

Қирғиз ҳукумати Ботировни 2010 йилда мамлакат жанубида юз берган тартибсизликларнинг асосий ташкилотчиси, деб атаган ва сиртдан умрбод қамоқ жазосига маҳкум этган.

Унинг ўзи қирғиз маҳкамаси 2011 йил ноябрида эълон қилган ҳукмни сиёсий, деб атаган.

Қодиржон Ботиров 2010 йилдаги давлат тўнтариши чоғида муваққат ҳукуматни қўллаб-қувватлаганди.

Ҳокимиятдан четлатилган Қурманбек Бакиев тарафдорлари Ботировни ағдарилган президентнинг Жалолободдаги уйига ўт қўйишда айблашган.

Ботиров ва тарафдорларининг Бакиевга қарши намойишларини қўллаб-қувватлаган муваққат ҳукумат кейинроқ Қодиржон Ботировга қарши айбларни дастаклаган ва уни бўлгинчиликда айблаган.

Қодиржон Ботиров ўзига қарши илгари сурилган миллий низо қўзғаш ҳақидаги айбларни қатъиян рад этган ва ҳодисаларда муваққат ҳукумат раҳбарларини айблаган.

Қирғиз маҳкамалари унинг мол-мулкларини мусодара қилган, жумладан, Сузоқ туманидаги уйини Қурманбек Бакиев яқинларига олиб бериш тўғрисида қарор чиқарган.

Қодиржон Ботиров 2011 йилда Швециядан бошпана олган эди.

2010 йил июнида Қирғизистон жанубида юз берган этник тўқнашувларда 442 инсон ҳалок бўлган, қурбонларнинг 70 фоизи ўзбеклар экани айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek