Ўзбекистон: "Бизнес шок ҳолатида ҳозир - 1 январдан ким қандай солиқ тўлайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Yuliy Yusupov
Image caption Юлий Юсуповга кўра, Солиқ кодексидан ҳали дарак йўқ

Тошкентлик таниқли иқтисодчи Юлий Юсупов янги йилга атиги икки ҳафта қолишига қарамай, Ўзбекистон ҳукумати ҳали ҳам Солиқ кодексини ишлаб чиқмаганини айтган. Айни дамда, унинг айтишича, тадбиркорлар янги йилдан қайси солиқ кодекси бўйича ишлашлари кераклигини билмай бошлари қотган.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил июнида имзолаган "Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида"ги фармонига биноан, 1 декабрда Солиқ кодекси тайёр бўлиши керак эди. Кодекснинг 2019 йил 1 январидан ишга тушиши кутилган.

"2018 йил 1 декабрга қадар янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси лойиҳасини Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар экспертларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишларидан келиб чиқиб, унинг кенг жамоатчилик муҳокамасини таъминлаган ҳолда ишлаб чиқишни таъминласин", дейилган эди фармонда.

Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясида солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, шу жумладан, солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилган. Аммо, ҳозирча бу юз берадими ёки қачон ишга тушиши номаълум.

Би-би-си Юлий Юсуповдан аввало кечиктиришлар сабаблари ҳақида сўради.

Июнь ойида қабул қилинган солиқ концепциясига мувофиқ, янги йилдан Ўзбекистонда янги солиқ тизими ишга тушади. Унда 1 январдан солиқ ставкаларидаги анча сезиларли ўзгаришлар, ҳамда турли корхоналарнинг турлича солиқ турларига тақсимланиши кўзда тутилган. Шу концепция (фармон)да 1 декабрда Солиқ кодексининг янги таҳрири тайёр бўлиши кераклиги айтилганди. Бу вазифа Молия вазирлиги ва қатор идораларга топширилганди. Афсус, у тайёр бўлмади. Уларга кўра, иш жуда кўп бўлган, янги таҳрир эса энди баҳор қолдирилади. Айни дамда, 1 декабрдан сал аввалроқ Солиқ кодексининг иккита таҳрири пайдо бўлди. Биринчиси Молия вазирлигиники бўлиб, у нотўлиқ эди. Иккинчиси эса Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига тегишли эди. Уларники тўлиқ эди. Ундан кейин мавҳумлик бошланди - бу иккита версия ҳукумат ичида қандай муҳокама қилинди ёки умуман муҳокама қилиндими, бу ноаниқ. Айни дамда парламентга таклиф киритилди, унда асосан солиқчиларнинг ваколатларини ошириш бўйича қонунга ўзгартиришлар киритилиши сўралди. Солиқ кодексида ҳал қилиниши керак бўлган ва шу пайтгача пишиб етган кўплаб муаммолар бу иккита версияда ҳам тилга олинмаган. Бизнес эса бу муаммолар қачон ҳал бўлар экан деб кутяпти, айниқса қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) билан боғлиқ жараён. Биринчидан, бизнеслар ҚҚСни тўлаш тизими енгиллаштирилишини кутишяпти. Иккинчидан эса, турли соҳалардаги турли бизнеслар қанча ҚҚС тўлаши кераклиги бўйича номутаносибликлар бор. Бизнеслар янги кодекс буларни ҳал қилади деб умид қиляпти. Лекин, боя мен айтган парламентга киритилган таклифда ва кейин парламент қабул қилган лойиҳада бу муаммолар ечилмаган. Унинг якуний версиясини ҳам ҳали ҳеч ким кўрмади.

Нега бу жараён шунчалик сирли ва яширин олиб бориляпти? Бошида, концепция қабул қилиниш жараёнида у ҳатто жамоатчилик муҳокамасига қўйилганди.

Бу тушунарсиз. Ҳар ким ҳар хил изоҳ беряпти, баъзилар бир вариантни берса, бошқаси бошқа вариантни беради. Албатта, улар айтгандек, иш жуда кўп, лекин уни бажаришга етарли вақт берилганди. Балки иш нотўғри ташкил қилингандир? Концепция ахир июнда қабул қилинганди-ку. Бизнинг ҳукумат идоралари уни бажаришга мажбур эдилар. Бизнес шок ҳолатида ҳозир. Улар тушунмаяптилар, 1 январдан улар қандай солиқ тўлайдилар?

Кичик бизнес нимага умид қиляпти янги кодексдан? Қандай енгиллик бўлишини исташади?

Кичик бизнеснинг кўп секторлари учун ҳеч нарса ўзгармайди. Уларнинг аксари соддалашган солиқ режимида қолади. Фақатгина йиллик обороти 1 миллиард сўм (120-125 минг доллар)дан юқори бўлган бизнеслар янгича, яъни умумий солиқ тўлаш режимига ўтишади. Бу кичик корхоналарнинг 10 фоизига тенг. Айнан мана шу компаниялар учун муаммо юзага келган. 10 фоиз дегани улар аҳамиятсиз дегани эмас, чунки кичик бизнесдаги оборотнинг асосий қисми мана шу 10 фоиз корхоналарга тўғри келади. Аслида улар кичик ҳам эмас, лекин авваллари умумий солиқ тўлаш режимидаги шароитлар чидаб бўлмайдиган даражада бўлгани учун, улар кичик бизнес бўлиб олишган. Чунки умумий режимга ўтишганда, солиқ улар учун 3-5 карра ошиб кетарди. Ишчиси 100 одамдан 101 одам бўлган компания дарров йирик компания ҳисобланиб, солиғи беш баравар ошиб кетарди. Бу телбалик. Мана шу компаниялар ҳозир қанча ҚҚС тўлашларини билишмаяпти.

Нега ҚҚС, яъни қўшимча қиймат солиғи бўйича бирон якуний ечимга келиш қийин бўляпти?

Чунки ҳукумат ҚҚС ставкаларини туширишга ботина олмади. Президентнинг ҳатто январда чиқарган фармонларида, ҚҚС ставкасини бу йилнинг ўзидаёқ тушириш буюрилганди. Бу қилинмади. Нафақат бу йил, келгуси йил ҳам туширмаймиз дейишяпти. Концепция қабул қилинишидан аввал биз иқтисодчилар уни 20%дан 12%га туширишни таклиф қилгандик. Лекин, у 20%лигича қолди.

20% юқори ставка кичик бизнеслар учун, шундайми? Йилига 1 миллиард сўм обороти бўлса ҳам.

Ҳа, уларнинг кўпларининг буни тўлашга қурбилари етмайди. Бу жуда катта юк. Нагрузка яна ошади дегани. Агар ҳукумат 12%га рози бўлганда эди, бу ставка кўпчилик корхоналар учун маъқул бўларди. Уларнинг ишлари янада енгиллашарди, чунки концепцияга биноан меҳнат солиғининг баъзи турлари ҳам камайтириляпти. Энди эса, 20% сақлаб қолинар экан, кўплаб бизнеслар солиқ тўлашдан бўйин товлаб, панага ўтиб кетиши хавфи мавжуд.

Нега ҳукумат қарши бу ставкани камайтиришга?

Қайсидир маънода мен уларни тушунаман. Гап шундаки, янги концепцияга биноан баъзи солиқлар кескин камайтирилади ва баъзилари умуман бекор қилинади. Масалан, меҳнат солиғи. Шундай экан, ҳукумат бюджетга пул тушиши кескин камайиб кетишидан қўрқяпти. Уларнинг айтишича, биз солиқни шундоқ ҳам камайтирдик, энди ҚҚС ставкасини ҳам камайтирсак, бюджет буткул барбод бўлади ва ҳукумат идоралари ўз фаолиятини олиб бора олмай қолади.

Сиз ҚҚС секторга қараб турлича бўлади дедингиз, шуни изоҳлаб берасизми?

Кўплаб секторларда қўшимча қиймат олишнинг имкони йўқ. Ўзи қўшимча қиймат солиғининг яхши томони шундаки, бирон маҳсулот ё хизматнинг занжири узун бўлса, ҚҚС шу занжир бўйлаб қўйилади ва шу занжирнинг ҳар бир иштирокчиси учун оғирлик камроқ тушади. Лекин, агар занжирингиз қисқа бўлса, айтайлик, сиз атиги маиший хизмат кўрсатасиз, бутун ҚҚС сизнинг бўйнингизга тушади. Мана шу секторлар учун солиқ юки ошади. Концепцияга биноан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҚҚСдан озод қилинади. Лекин, бу маҳсулотни сотиб олиб қайта ишлаб чиқарадиган компаниялар, айтайлик пахтани қайта ишловчи, ёки гўшт сотиб оладиган ошхоналар тармоғи эса барча юкни ўз бўйнига олади. Қишлоқ хўжалиги солиқдан озод, ишлаб чиқарувчи эса бутун ҚҚСни тўлаши керак. Ҳукуматнинг вазифаси, хусусан, мана шу муаммоларни ечиш эди.

Қандай ечса бўларди буни?

Агар бир секторни ҚҚСдан озод қилдингизми, унда бутун занжирни озод қилинг. Шу қишлоқ хўжалигини сотиб оладиган ишлаб чиқарувчи ҳам озод қилинсин ҚҚСдан. Ёки ҚҚС ставкалари камайтирилсин. Ҳамма шуни кутганди, лекин афтидан бу юз бермади. Натижада эса, ишлаб чиқарувчи жуда қийин молиявий аҳволга тушиб қолиши мумкин. 1 январдан уларнинг солиқ юки кескин ошиши мумкин.

Кодекс кодекс деяпмиз, лекин Ўзбекистон мисолида бунинг аҳамияти нақадар катта? Чунки кодекс бўлишига қарамай, кўплаб қонунга ўзгатиришлар киритилади ва қўшимча фармонлар чиқарилади ва унга таяниб бўлмай қолади, шундай эмасми?

Идеал ҳолатда Кодекс солиқ тизимини бошқарадиган ягона ҳужжат бўлиши керак ва уни ҳеч қандай қўшимча актлар тўлдирмаслиги керак. Ундан ташқари, яна идеал ҳолатда, янги Кодексда барча қоидалардан истисно ҳолатлар ҳам қайд этилиши керак эди. Масалан, солиқ имтиёзлари. Ҳукуматга юклатилган вазифалардан бири мана шу имтиёзларни қайта кўриб чиқиш эди. Ўзи нега катта имтиёзлар бериларди? Чунки умумий режимдаги солиқлар шу қадар юқори эдики, уларни ҳеч ким тўлай олмасди. Агар, албатта, бир фойдали қазилма кони устида ўтирмаган бўлсангиз. Ҳукумат буни тушунган ва орқа-олдига қарамай имтиёзларни улашиб ташлаган. Имтиёз ололмаганлар эса ё панада ишлаган ёки ўзини парчалаб кичик бизнеслар бўлиб олган ёки ёпилишга мажбур бўлган. Бошқа йўли йўқ эди. Гап шундаки, агар биз умумий режимдаги солиқни кескин камайтирсак, имтиёзга ҳожат қолмасди. Аввал ҳам ҳожат йўқ эди - имтиёзларни палапартиш улашгандан кўра, солиқ тизимини ўзгартириш керак эди.

Имтиёзларнинг ёмон томони нимада?

Чунки у рақобатни ўлдиради. Кимдир унга эришади, кимдир эса йўқ. Агар солиқни камайтирсангиз, имтиёзга эҳтиёж қолмайди. Ҳукумат ҳозир ҚҚС ставкасини камайтирсам, бюджетга пул тушмай қолади деб қўрқяпти. Ахир имтиёзларни бекор қилсангиз, шундан ҳам тўлади-ку бюджет. Бу қилинмади. Қайсидир имтиёзлар бекор қилинди, лекин тизимли равишда имтиёзлар масаласи қайта кўриб чиқилмади. Идеал дунёда, кучда қолаётган имтиёзлар Кодексда узил-кесил қайд қилинарди ва ҳатто президент ҳам кейин янги имтиёзларни кирита олмасди. Фақат парламент буни қилса бўларди. Лекин, ҳозир имтиёзлар шундай кўпки, уларни буткул қайта кўриб чиқмагунча, кодексга киритиб бўлмайди, чунки бутун кодекснинг ярми имтиёзлар ҳақида бўлиб қолади. Биз тавсия қилганимиздек, агар солиқ ставкасини камайтириб, имтиёзларни кескин камайтириб, ҳаммасини Кодекснинг янги таҳририга киритганларида, ҳозир кўнгилдагидек ва шаффоф, осон Солиқ кодексига эга бўлган бўлардик. Бу қилинмагани, менимча, ҳукуматнинг катта хатоси.

Тунги клублар ёпиляпти: Солиқ қўмитаси яна эски усулларига қайтдими?

Ботир Парпиев Солиқ қўмитаси раиси лавозимидан бўшатилди

Янги йилдан таксичилардан солиқ ундирилади

Таксичиларга солиқ солиш ғояси Молия вазирлигидаги истеъфоларга сабаб бўлди