Ўзбекистон, Тошкент: Ислоҳотлар кимга боғлиқ: Мирзиёев, ДХХ ва ёки?..

Ўзбекистон президентининг ўз сўзларидан англашилишича, бугун мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг суръатига мос илғор кадрлар етишмайди.

Сўз эса, минглаб кадрлар ҳақида кетмоқда.

Бу мавзу куни-кеча пойтахт Тошкентда шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи бошчилиги остидаги йиғинга сабаб бўлган.

Расмий хабарларга кўра, йиғин замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига қаратилган.

"Бу ҳали бугунги эҳтиёж", - деб айтган президент Шавкат Мирзиёев.

"Яқин ва узоқ истиқболдаги иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан бизга қайси соҳа учун мутахассис керак бўлади? Шуни ҳозирдан чуқур ўйлашимиз, замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрларни тарбиялашимиз керак", деркан, Ўзбекистон президенти, "бу масала бизнинг келажагимиз, бизнинг эртанги кунимиз", - дея таъкидлаган.

Бу хусусдаги президент расмий веб саҳифасида чоп қилинган хабарда эътироф этилишича, ҳозирги тизимли ўзгаришлар жараёнида аксарият мутахассисларнинг бунга тайёр эмаслиги, уларнинг билими, малакаси ва кўникмаси замон талабига жавоб бермаслиги аён бўлиб қолган.

Аммо айни шу хабарнинг ўзида сўнгги йилларда таълим тизимини такомиллаштириш, замонавий кадрлар тайёрлашга қаратилган қатор ишлар амалга оширилгани ҳам бирма-бир санаб ўтилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Хорижий университетларнинг филиаллари дохил ўндан ортиқ янги олий таълим муассасаси ташкил этилгани, Фанлар академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишлари бошлангани айтилади.

Яқинда президент фармони билан Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси ҳузурида ташкиш қилинган махсус "Эл-юрт умиди" жамғармаси тилга олинади.

Президентнинг кўрсатмасига мувофиқ, бу жамғармага давлат бюджетидан режадагидек 45 миллиард сўм эмас, бундан-да кўпроқ ажратилиши билдирилади.

Вазирлар Маҳкамасига бу жамғарма билан биргаликда ҳаттоки бу борада "Йўл Харитаси" ишлаб чиқиш вазифаси юклатилгани ҳам маълум қилинади.

Бу хусусда яна Олий таълим, Ташқи ишлар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Ёшлар Иттифоқига ҳам топшириқлар берилгани аёнлашади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга жалб этилаётган ҳар қандай хорижий инвестициянинг маълум бир қисмини малакали мутахассислар тайёрлашга йўналтиришни исташи маълум бўлади.

Мирзиёев ёшлар тўғрисида қонун имзолади

Ўзбекистон: Мирзиёев Президент аппаратида ўзгаришлар қилди

Тошкент: Мирзиёев қарорини ўзгартириб, энг ёш вазир ўринбосари ишдан кетдими?

Иш топиш - ўзбек ёшларини энг кўп ўйлантирадиган масала

Ташаббуслар, натижа-чи?

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Янги президенти қудратга келиши ортидан кечган икки йилча вақт оралиғида Ўзбекистон тадбиркорликни ривожлантириш ва чет эл сармояларини мамлакатга жалб этишга қаратилган бир қанча ташаббусларни илгари сурган.

Ваъда қилганидан бироз кечикиб бўлса-да, эркин конвертацияни очгандек, яна бошқа қатор иқтисодий ислоҳотларга қўл ураётгандек кўринган.

Худди шу манзарада янги ҳукумат хориждаги Ўзбекистон фуқароларини Ватанга қайтишга чақирган.

Бу ташаббусни Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ўзи бошлаб берган.

Ўтган йил сентябрь ойида АҚШга қилган расмий ташрифи чоғида Нью-Йоркдаги ўзбекистонликлар ва Ўзбек диаспораси вакиллари билан шахсан учрашган.

Мирзиёев уларга Ватанларига қайтишни таклиф қилган ва Ўзбекистоннинг равнақига ҳисса қўшишга чақирган.

"Мен уларни қўллаб-қувватлаш ва бундай ҳамкорликни ҳар томонлама рағбатлантиришга тайёрман", - деб айтган.

Умид эса, хориждаги ўзбекистонлик мутахассислар мамлакатда инвестиция бозорини ривожлантиришга кўмак беришлари мумкинлигидир.

Яқинда президентнинг "хорижда яшаётган ватандошлар билан ҳамкорлик қилишнинг узоқ муддатли ва мустаҳкам тизимини яратиш"га оид қарори ҳам қабул қилинган.

Унда бу хусусда "Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" сўз борган.

Айни шу мақсадда давлат сиёсати Концепцияси ва биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури тасдиқланаётгани билдирилган.

Янги қарор матнининг ўзидаёқ бу масалага эътиборнинг етарли бўлмагани бандма-банд ошкора ва расман эътироф этилганди.

Бу борада илк бор ташкил этилган "Умид" жамғармаси Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларига тўғри келган бўлса, ўлими ортидан хотирасига асос солингани "Ислом Каримов" номидагиси эса, сўнггиларидан бири бўлган.

Айнан ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов бошқарувда экан, Ўзбекистонда 1997 йил августида "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури" ҳам қабул қилинган.

Президент Каримов бу дастурни мамлакатдаги кадрлар сиёсатининг тамали, дея тақдим этиб келган.

Аммо таҳлилчилар ушбу дастурга у ёки бу соҳа бўйича мутахассисларнинг ҳам "кадрлар" сифатида киритилгани, амалда аналитик фикрлаш қобилиятига эга ва лидерлик салоҳияти мавжуд профессионал кадрларнинг бошқарувдан четда қолиб келганини айтиб келишган.

Уларга кўра, кадрлар сиёсати ўша пайтда шахсий садоқат ва қариндош-уруғчилик тамойилларига асосланиб келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Бугун АҚШ, Британия, Япония дохил дунёнинг етакчи давлатларида банк, консалтинг, суғурталаш, илм-фан, таълим, давлат хизмати, тиббиёт, информацион технология ва логистика йўналишида ишлаётган ўзбекистонликлар эса, етарлича топилади.

Аммо янги президенти бошчилиги остида ўзбек ҳукумати турли ташаббус, қонун, қарор ва фармонлар билан Ўзбекистон имижини яхшилаш ҳаракатида эса-да, афтидан, ўзи бошлаган ислоҳотларга ҳалича хориждаги барчани ҳам ишонтира олмаган кўринади.

Ҳозир Британияда иқтисодчи бўлиб ишлайдиган асли ўзбекистонлик суҳбатдошимиз Абдумалик Салиевнинг айтишича, бунинг учун Ўзбекистонда тубдан ўзгаришлар лозим бўлади.

"Ўзгаришлар бўлмади, демаймиз, ўзгаришлар бўлди. Ҳали-ҳалигача қайсидир маънода бўлди, кўраяпмиз. Лекин тубдан ўзгаришларни ҳалигача кўраётганимиз йўқ. Лекин куч ишлатар деймизми ёки бўлмаса, асосий давлат бўғимлари бўлган тизимларда ҳали-ҳалигача тубдан ўзгаришлар бўлгани йўқ".

"Яъни, ҳозир мавжуд бўлган ҳар битта бажариладиган ишларнинг бюрократик тизимига ўзгартириш киритилиши керак ёки бу тизимни тамоман қайта кўриб чиқиш лозим. Тизимда маълум бир эффектив ўзгариш бўлмасдан туриб, кадрларни чақиришимиз, бизда кадрлар етишмаяпти, кадрлар бўлганида бизда ўзгариш бўларди, деган фикрни беришнинг ўзи нотўғри бўларди", - дейди у.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳали ўзининг расман қудратга келиши арафасида, Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қилган инаугурацион нутқида ҳам кадрлар тақчиллиги масаласига эътибор қаратган.

Мирзиёев ўшанда ўзи режалаётган ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш учун бошқарув тизимини ўзгартириш керак бўлиши ҳақида сўз юритган.

"Ҳозирги вақтда давлат ва ҳокимият идораларида кўп ҳолларда кадрлар салоҳиятидан фойдаланиш, уларнинг вазифа ва ваколатлари тақсимоти оқилона ва самарали йўлга қўйилмагани сезилмоқда. Энг ёмони, бу ҳолат ишимизга халақит бермоқда. Бир идорани қарасангиз, юзлаб одам номига ишлаб ўтирибди. Бошқа идорани қарасангиз, иш кўп, вазифа кўп, лекин ишлайдиган одам, кадр етишмайди", деркан, президент, "Ҳар бир давлат хизматчиси ... ўз аравасини ўзи тортиши лозим"лигини таъкидлаган.

Таҳлилчиларга кўра, Мирзиёевнинг ҳокимларни алмаштириш жараёни Каримов давридагидан фарқ қилмаган ва ҳозирча кадрлар сиёсати тубдан ислоҳ қилинишининг белгилари йўқ.

Уларнинг айтишларича, Ўзбекистонда қарор топган ҳокимият вертикали инобатга олинса, ислоҳотларнинг тақдири ҳукумат аъзоларининг малакасидан кўра ҳам кўпроқ Мирзиёевнинг сиёсий иродасига боғлиқ бўлиб қолади.

Сиз бу борада нима дейсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek