Марказий Осиё ва ИШИД: Россия Ўзбекистонни қўрқита олмайди

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, биргина Ўзбекистон мисолида олганда ҳам, расмий Тошкент ва қолган Марказий Осиё давлатлари минтақадаги ИШИД таҳдиди даражасини яхши англашади. Улар бу таҳдидни баҳолашда ўз мавқеъ, сиёсат ва йўлларига эга.

Бунга биргина Ўзбекистон мисол. Расмий Тошкент, бир томондан, афғон ҳукуматини қўллаб-қувватламоқда. Бошқа тарафдан, Толибон билан яхши алоқалар ўрнатмоқда.

Биласизми, менимча, Россия ўзининг бугунги таҳдидлари кучи билан Марказий Осиё давлатларини қўрқита олмайди, - дейди, жумладан, Би-би-си Ўзбек Хизматининг бу галги суҳбатдоши, покистонлик етакчи таҳлилчи Раҳимуллоҳ Юсуфзай.

Суҳбатдошимиз, йилларки, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва "Исломий Жиҳод Иттифоқи" дохил минтақадаги жангари гуруҳлар фаолиятини яқиндан тадқиқ этиб келади.

АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг Афғонистондаги 2001 йилги ишғоли ортидан, яқин-яқингача Покистондан бошпана топиб келган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирган минтақадаги ягона ўзбек жангари гуруҳи бўлади.

Шундай экан, ИШИД Марказий Осиёни "қўрқитиш учун яна бир олабўжи"ми ёки ростмана таҳдид?

Ҳаракат жангарилари бугун ИШИД байроғи остида минтақага сизиб кириш ва қандайдир ҳужум уюштиришга ҳақиқатан ҳам қодирми?

Марказий Осиёда ҳам минтақавий ва ҳам халқаро миқёсда худди шу саволнинг кун тартибига чиқишига сабаб воқеъликлар озмунча бўлмаган кечаётган йилда биз худди шу саволни ана шу минтақавий таҳлилчига ҳам бердик.

Раҳимуллоҳ Юсуфзайдан ҳам, айниқса, сўнгги икки-уч йил ичида Россия томонидан ИШИД ва Марказий Осиё билан боғлиқ расман ва ошкора изҳор этиб келинаётган огоҳлик ва хавотирларнинг қанчалик асосли экани ҳақида ҳам сўрадик:

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Россия анча вақтдан бери бу каби нуқтаи назарни изҳор этиб келмоқда. Расмий Москва қирқ йилдан ортиқроқки урушлар ичида бўлган Афғонистонда ИШИД ва унинг иттифоқчилари ҳозирлигидан хавотирда. Россия ИШИД ва бошқа террорчи гуруҳларнинг Марказий Осиёга сизиб киришларини хоҳламайди. Чунки бу давлатлар ўз вақтида Советлар Иттифоқининг таркибий қисми бўлган. Россия уларни ҳали-ҳануз энг яқин қўшнилари ва ўзининг таъсири остидаги ҳудудлар, деб , билади. Худди шу сабаблари ҳам, Россия сўнгги йилларда Афғонистонга жуда қизиқиб қолган. Тинчлик воситачиси ролини ҳам ўйнамоқчи. Бошқа томондан, Толибонни "террорчи гуруҳ", деб эълон қилганига қарамай, Россиянинг бу ролни ўйнамоқчи бўлаётгани жуда қизиқ. Бунга шу йил ноябр ойида Москвада бўлиб ўтган халқаро анжуман ҳам мисол. Россия томони толибларни бу музокараларга таклиф қилди. Улар билан галашишга рўйхўшлик кўрсатди. Бундан аввал ҳам Россиянинг Толибон билан алоқа ўрнаётганига оид хабарлар чиққанди. Чунки Россия Толибоннинг ИШИД га қарши кураш ва гиёҳванд моддалар контрабандасини назорат этишга қодир куч сифатида кўради. Бу эса, Россия учун иккита энг муҳим масала бўлади. Шунинг учун ҳам, Россия ҳозир салмоқли роль ўйнаяпти. Афғонистонда барқарорликни таъминлашга уринаяпти.

Би-би-си: Энди ИШИДга келсак. Мазкур жангари гуруҳнинг бугунги қудрати ҳақида нима дея оласиз? ИШИД ҳозир Марказий Осиё учун ростмана, ростакам таҳдидми?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Биз шу пайтгача ИШИД гуруҳининг Марказий Осиёга сизиб кириш учун Афғонистондан плацдарм ўлароқ фойдаланганига бирор марта гувоҳ бўлганимиз йўқ. ИШИД ўз жангариларини Марказий Осиёга йўллаяпти, деган ҳеч бир хабарни кўрмадик. Чунки ИШИД Афғонистоннинг ичкарисида, Афғонистоннинг ўзида ўралашиб қолган. Бундан ташқари, гуруҳ катта сондаги жангариларини йўқотаяпти. Устига устак, бир томондан, АҚШ ҳаво ҳужумларининг остида. Бошқа тарафдан, уларга қарши афғон ҳукумати ва яна толиблар жанг олиб боришмоқда. Бундан ташқари, қўшни Эрон, Покистон, Марказий Осиё давлатлари, Хитой ва Россияга ўхшаган давлатларнинг барчаси Афғонистондан келаётган ИШИД таҳдиди жиловланишини хоҳлашади. ИШИД шу пайтгача Афғонистонда бирор бир жиддий ютуққа эриша олгани йўқ. Айниқса, Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий ҳудудлари назарда тутилса...Тўғри, ИШИД Афғонистоннинг икки шимолий вилояти - Фарёб ва Жаузжонда ўзининг қароргоҳларини барпо этишга муваффақ бўлди. Аммо, ҳатто шунда ҳам, яқинда улар афғон толиблари томонидан мавҳ этилди. Гуруҳ катта сондаги жангариларини бой берди. Анчаси бу жанглар сабаб, яраланди. Яна бир қанчасини Толибон асир ҳам олди. Омон қолган ИШИД жангарилари эса, Афғонистон Қуролли Кучларига таслим бўлишди. Шу боис ҳам, ИШИД Афғонистон шимолидан Марказий Осиё минтақаси, айниқса, Ўзбекистон ва Туркманистонга солиши мумкин бўлган таҳдид зарарсизлантирилди. Бу иш яна АҚШ ёки Афғонистон ҳукумат кучлари томонидан эмас, толиблар тарафидан амалга оширилди. Шунинг учун ҳам, Россия Афғонистон Толибон ҳаракати ИШИДни мавҳ этишда жуда муҳим роль ўйнашига ишонади. Худди шу боис ҳам, расмий Москва Толибонга яқинлашиш ҳаракатида.

Би-би-си: Агар, сиз айтмоқчи, ИШИД Марказий Осиё минтақаси, айниқса, Ўзбекистон ва Туркманистонга солиши мумкин бўлган хавф, таҳдид бартараф этилган бўлса, Россия томони, жумладан, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг сўнгги баёноти ҳақида нима деган бўлардингиз? Расмий Москва нега қайта ва қайта бу каби хавотирли бир баёнотлар билан чиқаётган бўлиши мумкин?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Бу Россиянинг Марказий Осиё минтақасини ўзининг таъсир доираси остида тутиш йўлидаги бир ҳаракати ҳам бўлиши мумкин. Россия икки Марказий Осиё давлатида ўзининг ҳарбий базаларига эга. Фавқулодда ҳолат юзага келган пайтда, бу мамлакатлар, сўзсиз, Россияга ёрдам сўраб, мурожаат қилишади. Россия, бошқа томондан, АҚШни бу минтақадан узоқроқ тутиш илинжида, истагида. АҚШ ҳам ўз вақтида камида иккита Марказий Осиё давлатида ўзининг ҳарбий базаларига эга эди. Улардан Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг таъминоти учун фойдаланарди. Россия ҳозир минтақа ва Афғонистонда фаол ўрин тутмоқчи. Ҳамда буни амалда кўрсатмоқчи. Марказий Осиё давлатлари ҳам ИШИД таҳдидини баҳолашда ўз мавқеъ, сиёсат ва йўлларига эга. Улар, бир томондан, афғон ҳукуматини қўллаб-қувватлашмоқда. Бошқа тарафдан, Толибон билан яхши алоқалар ўрнатишмоқда. Бунга биргина Ўзбекистон мисол. Дейлик, яқинда ҳаракатнинг Қатардаги сиёсий идораси ҳайъати амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб қайтди. Бундан ташқари, расмий Тошкент афғон можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган йирик халқаро анжуманга мезбонлик қилди. Биласизми, менимча, Россия ўзининг бугунги таҳдидлари кучи билан Марказий Осиё давлатларини қўрқита олмайди. Назаримда, бу давлатлар ИШИД солиши мумкин бўлган хавфнинг даражасини яхши англашади. Чунки ИШИД бунинг учун энг аввало Афғонистонда мустаҳкам ўрнашган бўлиши лозим. Кўпроқ ҳудудларни қўлга киритиши керак. Айниқса, Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларига чуқурроқ кириб бориши, кенгроқ ёйилиши керак. Аммо амалда бундай бўлаётгани йўқ. Ўтган бир неча йил давомида ҳам биз бунга ўхшаш ҳолатга гувоҳ бўлганимиз йўқ. Чунки ИШИД Афғонистонда илк бор 2014 йилда бўй кўрсатган. Дастлаб, мамлакатнинг маълум бир ҳудудларини қўлга киритди, ўзининг таъсирини муайян маънода ёйишга муваффақ бўлди. Аммо гуруҳ ҳозир жанг қилаётган эмас, чекинаётган бир мавқеъда. Ўша пайт қўлга киритган ҳудудларини бой бермоқда. Кўпроқ Афғонистоннинг Покистон билан бевосита чегарадош шарқий вилоятлари, айниқса, Нангархор билан чекланиб қолган. Нангархор қаердаю, Марказий Осиё давлатлари қаерда? Менимча, ИШИД хавфи, таҳдиди кучаяётгани йўқ. Аксинча, заифлашмоқда.

Би-би-си: Аммо Тожикистонда шу йил ҳисобидан юз берган икки қуролли зўравонлик ҳодисасига масъулиятни айнан ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олиб чиқди. Тожикистон ҳукуматининг бу хусусдаги баёнотлари ҳам гуруҳнинг бу даъволарини дастаклагандек бўлди.

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Биз бу хусусда аниқ бир гап айтишдан аввал тергов, текширув, тадқиқот натижаларини кутишимиз керак. Чунки ИШИД гуруҳи бунга ўхшаш баёнотларни илк бор қилаётгани йўқ. ИШИД бунгача ҳам Яқин Шарқ, Покистон ва Афғонистонда кўплаб ҳужумларга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққан. Уларнинг аксарияти бу давлатлар масъуллари томонидан ўзининг расман тасдиғини топмаган. Шу боис ҳам, энг аввало Тожикистонда юз берган воқеаларнинг тагига чуқурроқ етишимиз лозим. ИШИД дастлаб Афғонистонда бўй кўрсатган пайтда жангарилари асосан Афғонистон ва Покистон Толибон ҳаракатининг собиқ аъзоларидан иборат эди. Улар ИШИД сафларига ёлланишдан олдин бу икки давлатда жанг қилиб улгуришган. Сўнгра лидерлари билан чиқишмай, ИШИД гуруҳига қўшилишган. Тўғри, орада Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига ўхшаш айрим гуруҳлар ҳам ИШИДга байъат келтирди. Аммо, шунга қарамай, ИШИД Афғонистон чегарасидан ташқарида, яъни Марказий Осиёда қандайдир ҳужум уюштириш даражасида кучли, қудратли эмас, дейман. Тўғри, ИШИД сафларида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлиши мумкин, албатта. Аммо, демоқчиманки, Ўзбекистонда ўз вақтида фаолият юритишга қодир бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига ўхшаш гуруҳлар бугун бунга ўхшаш баёнот билан чиқмаётган ёки, таъбир жоиз, бу ишга муваффақ бўлмаётган бир пайтда, ИШИДнинг бунга қодир бўлиши жуда даргумон. ИШИД бу ишга фақат Ўзбекистон ва тожикистонлик жангариларнинг иштироки ва қўллови билан эришиши мумкин. Чунки бу ишни ўз бошича қила олмайди. Шундай экан, ИШИДнинг Тожикистон билан боғлиқ иддаолари масаласига ойдинлик киритишнинг энг тўғри йўли жорий пайтда фақат текширув натижаларини кутиш бўлади.

Россия, Ўзбекистон ва минтақа: ИШИД Марказий Осиёга кирдими?

Мирзиёев, Ўзбекистон, Тошкент: Саволлар кўп, жавоблар-чи?

Ўзбекистон, президент Мирзиёев Толибонни гапга кўндира оладими?

Ўзбекистон ва Тожикистон нимадан хавотирда - ИШИД данми?

Якуний суҳбатимиз учун ҳам веб саҳифамиз - bbcuzbek.com ни кузатиб боришни унутманг.

Видеолавҳамизни кўринг, улашинг ва ўз фикрингизни билдиринг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.