Ўзбекистон: Осиёнинг энг чуқур ғорида йўқолган сурхондарёлик Мустафоқул дунё географиясини қандай ўзгартирди?

Сурат манбаси, Yulia Ustinova
Бойсундаги Бойбулоқ, Вишневсий ва Хўжа Ғур-Ғур Ота ғорлари дунёдаги энг чуқурларидан.
Бойсунлик Мустафоқул Зокиров бундан ярим аср олдин қурғоқчиликдан азият чеккан тоғ қишлоғига сув келтириш учун булоқ бошига кетади.
Мустафоқул шу асно қайтиб келмайди.
Орадан йиллар ўтиб унинг жасади қолдиқларини излаган одамлар Марказий Осиё қаъридаги энг улкан табиат мўъжизасини топишади.
Маҳаллий аҳолига тоғ бағридан чиқадиган сув манбаси сифатида маълум Бойбулоқ аслида Осиёнинг энг чуқур ғори бўлиб чиқади.
Ғор чуқурлиги 1415 метр. Аммо ғоршунослар у бундан ҳам чуқур, деб ишонишади.
Сурат манбаси, Yulia Ustinova
Осиёдаги энг чуқур ғор Ўзбекистон жанубидаги Ҳисор тоғ тизмасида жойлашган.
Шу боис ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан мутахассислар Сурхондарёга келишади.
Улар учун Бойбулоқ ҳамон сир-синоатлари тўлиқ очилмаган ғор. Зотан Ўзбекистон тоғлари қаъри ҳали чуқур ўрганилмаган.
Бу сафар ББС Ўзбек Хизмати журналистлари Бахтиёр Имомов, Рустам Қобил ва тасвирчи Марат Наджибаев ҳам хорижлик олимлар ортидан Бойбулоққа йўл солишди.
Ғорлар юрти Бойсун
Бойбулоқ Ҳисор тоғ тизмасининг Сурхондарё қисмида жойлашган.
Маҳаллий аҳоли бу ерлардаги тоғларни алоҳида-алоҳида номлаб, Бойсунтоғ, Чўлбайир ва Девортоғ деб ҳам аташади.
Сурат манбаси, Marat Nadjibaev/BBC
Бойбулоқ ғорига бориш учун аввал Бойсундан бир неча соат УАЗда, кейин ярим кун ё пиёда, ё эшакда юриш керак.
Бу тоғларда бир нечта ғорлар бор. Улар орасидаги энг машҳурлари Хўжа Ғур-Ғур Ота, Вишневский ва Бойбулоқ.
Хўжа Ғур-Ғур Ота ғорини британлар Қоронғу Юлдуз деб аташган.
Бироқ баъзи кичик ғорларга ҳали ном ҳам берилмаган. Бу ерларда тез-тез янги ғорлар очилади, ҳатто динозавр излари топилмоқда.
Ғорлар орасида дунёни ўзига тортаётгани - Бойбулоқ. Бойбулоқни Ўзбекистонда ер ости Жомолунгмаси, деб ҳам таърифлашади.
Ғор оғзига бориш осон эмас. Фақат эски Совет УАЗ машинасида атиги 60 километр масофани амаллаб 5-6 соатда босиб ўтасиз.
Сабаби - йўллар тош-шағал, охирига бориб, умуман йўл йўқолади ва сиз дарё ўзани бўйлаб юрасиз.
Ниҳоят, машина ғилдираги айланадиган энг сўнгги қишлоқ - Деҳиболога етасиз.
Яшаш оғир жаннат
Деҳибололиклар тоғ ён бағридаги ерларни улкан харсанглардан тозалаб, мева-сабзавот етиштиришади.
Деҳиболо аҳли тоғ этакларини тошдан тозалаб, боғ-роғ яратишади.
Деҳиболо - ўз номи билан тожикчада баланд қишлоқ дегани.
"Қишда ҳам, ярим тунда ҳам бу йўллардан кўп ўтганман" - мақтанади бойсунлик ёшгина ҳайдовчимиз Эркин.
"Кўзимни юмиб, сизларни эсон-омон манзилга етказаман. Қўрқманглар".
Тоғ қишлоқлари жозибадор: Уйлар ва йўллар ҳам маҳаллий тошлардан қурилган.
Аммо қўрқмаслик имконсиз. Зотан Деҳиболо 3 минг метрдан ҳам баландроқда жойлашган. У Ўзбекистондаги энг баланд қишлоқ бўлиши мумкин.
Қишлоқ атрофида эса деярли йўл йўқ. Деҳиболо баланд ва тик тоғлар билан ўралган. Ҳамма жойда улкан қоя тошлар сочилиб ётади.
Тепадан қараганда, яшил парчадек томорқалар, қип-қизил олмалар пишиб ётган боғлар кўзга ташланади.
Бойсундаги ҳар бир тоғ қишлоғи марказида кўпроқ Помир ва Тибет меъморчилигини эслатувчи масжид туради.
Норхол-момо Деҳиболода ҳаёт қийин бўлса ҳам, бошқа ҳеч жойда яшолмаслигини айтади.
Деҳиболода ўзингни жаннатга тушгандек сезасан.
"Бу ерда ҳаёт осон эмас" - дейди биз қолган уй соҳибаси, 70дан ошиб қолган Норхол-момо.
"Катта ўғлим оиласи билан пастга, шаҳарга кўчиб кетди. Кенжатойим менга қарайман, деб ота уйида қолди".
Норхол-момонинг уйи шундоққина тоққа қараган. Уй ҳовлиси - қўшнининг томи. Бу ерда бирон деҳқончилик қилиш имконсиз.
Одамлар қишлоқ атрофидаги ерларни тозалаб тирикчилик қилишади.
"Асал, гўшт, мева-сабзавотни ўзимиз етиштирамиз, фақат ёғ, ун, гуруч ва кийим-кечакни сотиб оламиз" - дейди Норхол-момо.
Қишлоқ ёшлари гапга аралашади.
"Ҳозир свет беришяпти, лекин қишда ўтин ва кўмир муаммо. Илгари бир кондан кўмир ташиб келтирардик. Ҳозир давлат уни ноқонуний, деб ёпиб қўйди. Лекин ўрнига на кўмир, на ўтин таклиф қилишади" - суҳбатга қўшилади қўшни йигит.
Қишлоқ аҳли бир нечта табиий булоқдан сув ичади.
Булоқлар ва эшаклар бўлмаса, Деҳиболода ҳаёт кечириш имконсиз.
Деҳиболо январдан то апрелгача ташқи дунёдан узилиб қолади.
"Совет даврида доим вертолёт турарди, ҳозир йўқ" - дейди ёш йигитлардан бири.
"Бир йили қишда ёш қизалоқ оёғини синдириб қўйди. 8-10 чоғли йигит белимизгача қор кечиб, аранг уни қўшни қишлоққа олиб борганмиз".
Биров оғир касал бўлиб қолса ёки жарроҳликка эҳтиёж бўлса, нима қиласизлар, деб сўраймиз.
Йигитлар бир-бирларига қарашади.
"Ўлиб кетаверамиз, нима қилардик. Давлат бизга ҳозир вертолёт юбормайди-ку".
Ярим асрлик мўъжиза
Шаҳобиддин бобоси Мустафоқул Зокиров меросидан фахрланади.
Қишлоқ кичик, нари борса, 50-60та хонадон истиқомат қилади.
Бойбулоқ ғори тарихини эса Деҳиболода катта-кичик ҳамма билади. Зотан бу ғор шу кичик қишлоққа бутун дунёдан олимларни тортмоқда.
Бу қизиқиш тарихи эса ярим асрлик.
Деҳиболо аҳли 4-5та тоғ булоғидан сув ичади. 1971 йилги қурғоқчиликда бу булоқлар қурийди.
Маҳаллий уста ва табиб Мустафоқул Зокиров, ўспирин ўғлини олиб, эшакларига бидон ортиб, Бойбулоққа йўл олади.
У Бойбулоқ сувини қишлоғига буриб келишни истайди. Чунки Бойбулоқда сув ҳеч қачон қуримаган.
Мустафоқул эни бир метрлик торгина тоғ йўли бўйлаб булоқ бошига қадар 3-4 соатлик йўлга чиқади.
Аммо бу унинг сўнгги сафари эди.
Сурат манбаси, Arnauld Malard
Деҳиболодан кейин Бойбулоққа элтадиган тоғ йўли хатарнок, аммо завқли.
Сурат манбаси, Marat Nadjibaev/BBC
Бойсун ғорларига чиқиш учун қизиқиш, тайёргарлик ва отнинг калласидек юрак керак.
Мустафоқул ўзи билмаган ҳолда дунёдаги энг улкан географик янгиликлардан бирини очаётганди.
Унинг невараси Шаҳобиддин бобосининг ҳикоясиини давом эттиради.
"Бобом эшаклари ва ўша пайти ўсмир бўлган амакимни ғор оғзида қолдириб, Бойбулоқ ичига тушадилар. Аммо қайтиб чиқмайдилар" - бувисидан эшитганини такрорлайди Шаҳобиддин.
"Амаким бобомни тонггача кутади ва эртаси куни келиб қишлоқдошларини ёрдамга чақиради".
Қишлоқлик эркаклар ғор ичига тушиб, бир неча кун уни излашади, бироқ топа олишмайди.
Шу асно унга нима бўлганини 14 йил ҳеч ким билмайди.
Ниҳоят, 1985 йили Деҳиболога Россиядан ғоршунослар келишади.
Бир улоқча сиғадиган ғор оғзига қараб, уни Осиёнинг энг чуқур ғори деб ўйламайсиз.
Русча билган одамлар бир пайтлар маҳаллий уста Бойбулоқ деган ғор ичига тушиб, қайтиб чиқмагани ҳақида айтишади.
"Унинг жасадини олиб чиқиб беринг, дафн этайлик" - деб илтимос қилади қишлоқ аҳли.
Лекин жасад қолдиқларини топиб, олиб чиққунча яна 2 йил керак бўлади.
Мустафоқул ғордаги саноқсиз қудуқлардан бирига тушиб кетган экан. Унинг ёнида синиб ётган фонусини ҳам топадилар.
"Бобом ҳозир қишлоқ қабристонида дафн этилган" - дейди невара.
Сурат манбаси, Yulia Ustinova
Хорижлик ғоршунослар ғорга яқин дарада чодир тикиб, икки ҳафта яшашди.
Экспедиция раҳбари Вадим Логинов Бойбулоқ ва Вишневский ғорлари уланган эҳтимолий йўлакни излашаётганини айтди.
Аммо суякларни олиб чиққунча ғоршунослар Бойбулоқнинг ўта чуқур ва тубсиз эканини англашади.
Шу асно ғорни ўрганиш бошланади.
Бойбулоқ оғзи жуда кичик ва кўримсиз. Битта эчки сиғади. Одам ўрмалаб кириши мумкин.
Шу туришида унинг Осиёдаги энг чуқур ғори эканига ишониш қийин. Аммо ғор оғзига эгилишингиз билан юзингизга ўта совуқ ҳаво уфуради.
Бу йил 30 чоғли хорижлик ғоршунос худди шу ғор ичида бир неча кунлаб қолишди.
Улар орасида бир неча бор Бойсунга келган россияликлар ҳам, илк бора ташриф буюрган Франция ва Швейцария ғоршунослари ҳам бор.
Ўзбекистон қаърида топилаётган кўл ва дарёлар
Сурат манбаси, YANN AUFFRET
Бойсун ғорларида бу йил янги дарёлар ва кўллар топилган.
"Биз Чўлбайирдаги икки чуқур ғор - Бойбулоқ ва Вишневский ғорларини ўрганиб, улар ўзаро боғланган битта ғор эканлигини исботлашга ҳаракат қилаяпмиз" - тушунтиради экспедиция раҳбари, россиялик Вадим Логинов.
"Ғорлар жойлашувига қараганда улар битта бўлиши керак. Аммо ичкарида ғор йўлаклари баъзан жуда тор ва кўпи ҳали топилмаган".
Сурат манбаси, YANN AUFFRET
Бойсун ғорлари сир-синоатини очиш учун ғоршуослар келаси йил яна келишмоқчи.
1415 метр чуқур Бойбулоқ ва қарийб 750 метрлик Вишневский улангани исботланса, улар дунёдаги энг чуқур ғорлардан бири бўлади.
Лекин буни ўрганиш ўта қийин. Аввало бу ғорларга кириш жойи 3-4 минг метр баландда жойлашган.
"Ичкарига оддий одам тушса, тирик қолиши гумон" - дейди Вадим Логинов - "Чунки совуқ, ҳамма ёқ нам. Биз ғорда кўл ва дарёларни топдик, қор ҳам бор экан".
Арнольд Малард Ўзбекистон ғорларига кириш ўта қийинлиги учун ҳам уни мафтун этганини айтади.
Сурат манбаси, Arnauld Malard
Вишневский ғорига эса энг охирида арқонда чиқасиз.
Илк бор келган европалик ғоршунослар ҳайрати эса чексиз эди.
"Дунёнинг ҳеч бир ерида бу қадар баландда жойлашган ва шунчалик чуқур ғорларни учратмайсан" - дейди швейцариялик Арнольд Малард.
"Мен Европа ва Осиёдаги кўп ғорларга тушганман, аммо Бойсун ғори мен киришга энг кўй қийналган ғор бўлди".
Арнольд бу йил фақат Вишневскийга тушишга юраги бетлаган. У келаси йилгача кўпроқ тайёрланиб, яна Бойсунга келмоқчи ва Бойбулоққа кириш ниятида.
Деҳиболо аҳли учун эса бу - тоғ мўъжизаси ҳақида дунёни хабардор қилиш, қишлоқдаги оғир ҳаёт ҳақида эса Ўзбекистон ҳукуматини огоҳ этишнинг бир имконияти.
"Қани энди, биз ҳақимизда эшитиб, ҳеч бўлмаса қишин-ёзин очиқ битта йўл қуриб беришса. Биз-ку энди умримизни яшадик, ҳечса болаларимиз яхшироқ яшашса" - орзу қилади Норхол-момо.
Алоқадор мавзулар:
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek