Россия, Марказий Осиё ва ИШИД: Ислом Каримов ўлими Россия учун қулай сиёсий фурсатми?

Путин ва Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, ИШИД ҳозир Россиянинг Марказий Осиё бўйича геосиёсатининг марказий нуқтаси бўлади.

Унинг ягона мақсади айнан Марказий Осиёдаги жиддий ўзгариш - президент Каримовнинг ўлими билан боғлиқ.

Бу каби қарашда бўлган таҳлилчилар наздларида, бу расмий Москвага сиёсий фурсат бериши, Кремль Ўзбекистонни ўзининг икки йирик лойиҳаси: Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ва ЕвроОсиё Иттифоқига тортишга уриниши мумкин.

Уларга кўра, агар, Москва бунга муваффақ бўлса, Марказий Осиё деярли тўлалигича яна Россиянинг ҳарбий-сиёсий назорати остига ўтади.

Бу эса, Россия буюк давлатчилигини сақлаш ва парваришлаш мақсадини кўзда тутади, расмий Москва учун энг мақбул заминага айланади.

Жумладан, сўнгги суҳбатдошимиз, Франциядан асли ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов худди ана шундай фикрда.

Унинг айтишича, бугун айнан ИШИД Россияга ана шу босимни ишончли, изчил равишда амалга оширишнинг мафкуравий таркиби бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу босимни асослаш, легитимлаштиришнинг расмий Москва топиши мумкин бўлган ягона воситаси вазифасини бажармоқда.

Бошқа томондан, сўнгги йилларда минглаб Марказий осиёлик жангариларнинг Яқин Шарқда, ИШИД сафларида жанг қилишгани ҳам бор гап.

Бунга қатор нуфузли халқаро ташкилотларнинг махсус ҳисоботлари ҳам далолат қилган.

Айни шу ҳисоботлардан бу жангарилар сафларида юзлаб ўзбекистонликлари борлиги ҳам маълум бўлганди.

Бугун экспертлар доираларида ИШИД гуруҳи эмас, унинг ортга қайтиши мумкин бўлган ана шу жангарилари минтақа давлатлари учун ҳақиқий таҳдидга айланиши мумкин, деган фикрлар кенг тарқалган.

"ИШИД ва Марказий Осиё" мавзусидаги туркум суҳбатларимизнинг сўнггисида Камолиддин Раббимов бу савол борасида ҳам ўз қарашлари билан ўртоқлашиб ўтади.

Шундай экан, ИШИД Марказий Осиёни "қўрқитиш учун яна бир олабўжи"ми ёки ростмана таҳдид?

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Камолиддин Раббимов: Биласизми, бу ерда бир қанча нуқталар бор. Агарки, Россиянинг Марказий Осиё бўйича геосиёсатига эътибор берадиган бўлсангиз, унинг доимий, марказий нуқталаридан биттаси хавфсизлик бўлган. Россия Марказий Осиёни ўзига боғлаш ва хавфсизлик нуқтаи назаридан интеграцион лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳар доим Афғонистонни мисол сифатида кўрсатган. Яъни, таҳдид манбаи сифатида. Яқин йилларгача Афғонистондан келаётган таҳдиднинг асосий манбаси толиблар сифатида кўрсатиларди. Лекин кейинги тўрт-беш йилда бу оҳанг ўзгарди. Сабаби, расмий Москва толиблар билан яширинча, мана, кейинги даврда ошкора ишончли алоқаларни ўрнатишга муваффақ бўлди. Яъни, расмий Кремль толибларни Ғарб коалиция кучларига қарши босим кўрсатиш манбаи, ричаги сифатида кўраяпти. Толибларнинг ҳам манфаати Ғарбни Афғонистондан сиқиб чиқариш ва Афғонистон ҳокимиятини тўлалигича қўлга олиш. Демак, Москванинг ягона ўзини оқлаш, ўзини легитимлаштириш воситаси қолаяптики, у ҳам бўлса - ИШИД. Ҳақиқатан ҳам, кейинги бир ярим, икки йилда бу ташкилотнинг Афғонистондаги кўлами ва ёки таъсир доираси кенгаяётгани йўқ, аксинча. Толиблар эса, секин-секин Афғонистонда ўзининг таъсирини парваришлашга муваффақ бўлаяпти. Лекин ИШИД гуруҳи Сурияда ҳам, Ироқда ҳам, Афғонистонда ҳам бутун мусулмон жамиятлари ва давлатлар томонидан тўлалигича инкор этилди. Демакки, Россиянинг, Москванинг ўша ИШИД таҳдиди бу - жуда ҳам бўрттирилган ва унинг ягона мақсади Марказий Осиёдаги жиддий ўзгариш бўлди Ислом Каримовнинг ўлими билан боғлиқ. Ўзбекистонда янги ҳокимиятнинг шаклланиши Москвага сиёсий бир фурсат берадики, яна қайтадан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтадиган бўлса, Туркманистондан ташқари бутун Марказий Осиё тўлалигича Москванинг ҳарбий-сиёсий назорати ёки ҳамкорлиги назоратига кирган бўлади. Мана шу босимни ишончли, изчил тарзда амалга ошириш учун унинг мафкуравий таркибий қисми керак. Яъни, бу асосланиши керак, уни легитимлаштириш керак. Бу легитимлаштиришнинг ягона Москва топиши мумкин бўлган воситаси яна ўша ИШИД. Лекин ИШИД ташкилотининг салоҳияти, юқорида айтиб ўтганимдек, кейинги бир ярим, икки йилда тўлалигича пасайиш, чекиниш томон кетаяпти.

Би-би-си: У ҳолда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг ИШИД гуруҳининг таҳдиди билан боғлиқ Афғонистонга оид яқинда қилган баёноти ортидан, айнан Марказий Осиё давлатлари назарда тутилганда, қанақанги бир геосиёсий ривожланишларни кутишимиз тўғри бўларкин?

Камолиддин Раббимов: Мана, ўзи Москва томони ёки Россия Давлат Думасининг вакиллари айтдики, Ўзбекистон КХШТ парламент ҳамкорлигига аъзо бўлиши мақсадга мувофиқ, деб. Москванинг пост-совет ҳудудини бирлаштириш ва ўзининг назорати остига олишга қаратилган иккита катта лойиҳаси бор. Биринчиси иқтисодий, иккинчиси хавфсизлик. Хавфсизликда бу - КХШТ, иқтисодий йўналишда эса, бу - ЕвроОсиё Иттифоқи. Бугунги Москванинг асосий интилишига келадиган бўлсак, уларнинг кейинги даврда Европа томон лойиҳалари тўлалигича мажруҳланди. Украина, мана, Россия орбитасидан тўлалигича чиқиб кетди. Кавказда ҳам вазият жудаям мураккаб. Мана, Россиянинг иттифоқчиси бўлган Арманистонда ҳам ҳокимият ўзгаргач, у ердаги геосиёсий Россияга юз фоизлик мойиллик бугунги кунда анчагина пасайган. Грузия ва Озарбайжон Россия орбитасидан чекинаётган, узоқлашаётган ва Россия орбитасидан чиқиб кетаётган давлатлар бўлади. Лекин конфликт яширинча кечаяпти. Демак, Россиянинг ўша буюк давлатчилик ёки империалистик лойиҳаларининг асосий вектори Марказий Осиё бўлиб қолаяпти. Марказий Осиё жуда ҳам катта минтақа. Бунинг устига, Россия билан Хитойнинг ўртасида жойлашган. Яъни, агар, Кавказда мана шундай кучли бир рақобат кузатилмаса, лекин Марказий Осиёда, мана, Россия билан Хитой ўртасида яширинча, айтилмайдиган рақобат борган сари кучайиб бораяпти. Демак, Россиянинг пировард мақсади, стратегик мақсади кейинги йилларда Тошкентга босим қилиш орқали Ўзбекистонни мана шу иккита лойиҳага киритиш бўлиб қолаверади. Чунки Россия буюк давлатчилигини сақлаш ва парваришлаш учун бугунги расмий Москва, яъни сиёсий элита ўша собиқ Советлар Иттифоқи давридаги интеграцияни у ёки бу кўринишда тиклашни ўзининг олдига мақсад қилиб қўйган. Улар буни яширишмайди. Яъни, Россия сўнаётган империя сифатида ҳам демографик, ҳам иқтисодий ва ҳам ҳарбий - ҳамма жиҳатдан секинлик билан сўнаётган империя сифатида Марказий Осиёни ўзининг қўшимча ресурслар манбаи сифатида кўради. Яъни, у бу ҳудудни бегона ва мустақил сифатида кўрмайди. Шунинг учун ҳам Сергей Лавровнинг мана бу баёнотлари узоқ муддатли Россия давлатчилиги, қудратини парваришлашга қаратилган интеграцион лойиҳаларни асослашга хизмат қилади.

Би-би-си: Биз биламизки, ҳозирда марҳум президент Ислом Каримов даврида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида устивор йўналишлардан биттаси - қўшилмаслик сиёсати бўлган. Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент эканлиги пайтида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Ислом Каримовнинг худди шу концепциясига содиқ қолишларини айтганди. Энди, сизнинг назарингизда, бу каби босимлар, бу каби баёнотлар остида, яна бошқа объектив факторлар бор - ўзбекистонлик мигрантлар, савдо-иқтисодий шериклик, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик каби масалалар назарда тутилганда, буларнинг барчасига расмий Тошкент, бугунги Ўзбекистоннинг муносабати, мавқеи қандай бўлади? Яъни, бу босимларга дош бера олармикан ёки ён берармикан?

Камолиддин Раббимов: Биласизми, Ўзбекистон ташқи давлатлар, яъни Россия билан муносабатларда ҳам мана шу зиддият ва мана шу босим кучайиб бораверади. Бугунги Россиянинг аҳволи анчагина оғир. Чунки Россияга нисбатан халқаро ҳамжамиятда юқори ишончсизлик шаклланди ва Россия иқтисодиёти, сиёсати тўлалигича санкциялар остида қолаяпти. Агар, Ўзбекистоннинг янги ҳокимияти Россиянинг мана бу лойиҳаларига қўшиладиган бўлса, бунинг салбий оқибатлари, реал ижтимоий, иқтисодий салбий оқибатлари жудаям тезликда Ўзбекистонга таъсир қилиши аниқ. Яъни, Россияда бугунги кунда жозибадор иқтисодий вазият мавжуд эмас. Ўзининг пенсионерларига пенсия беришга қийналаяпти. Россияда, масалан, нефтнинг нархи бироз ошди, аммо кейинги пайтда яна тушишни бошлади. Демак, агар, босимлар остида Ўзбекистон мана бу икки лойиҳага қўшиладиган бўлса, Ўзбекистоннинг иқтисодиётига, унинг сиёсатига ва ижтимоий портлашга қўшимча туртки бўлади, холос. Яъни, Ўзбекистоннинг муаммолари кўпайса кўпаядики, камаймайди. Бу нарсани Ўзбекистоннинг янги ҳокимияти яхши англайди. Ўзбекистоннинг янги ҳокимияти яқинда, "Биз икки томонлама муносабатларнинг ривожланишидан манфаатдормиз, лекин бизнинг интеграцион лоийҳаларга қўшилиш ниятимиз йўқ", деган мазмунда жудаям бир оҳиста яна бир сигнал берди. Жумладан, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси ҳам. Демак, ўша парламент ҳамкорлигига қўшилмаймиз, деган бир нотани беришди. Менинг назаримда, мана шу сиёсат сақланиб қолаверади. Яъни, Ислом Каримов даврида Россияга нисбатан тўлақонли ишончсизлик бўлган бўлса, бугунги кунда вазият оҳанги ўзгардики, иқтисодий ҳамкорлик кучайиб боради, иқтисодий жиҳатдан, инвестиция ва бошқа бир лойиҳаларда биз хоҳлаганча ҳамкорликни кучайтириб боришимиз мумкин, лекин интеграцион лойиҳаларда бу бизнинг манфаатимизга тўғри келмайди, деган мана шундай бир сигналлар беришда давом этилса керак.

Би-би-си: Аввал Тожикистоннинг Данғара туманидаги хорижий саёҳларга қарши уюштирилган ҳужум, сўнгра Хўжанд шаҳридаги қамоқхонадаги исён мисолида Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи кечаётган йилда илк бор Марказий Осиёда бир зўравонлик ҳодисасига масъулиятни ўз зиммасига олиб чиқди. Сизнингча, воқеаларнинг бу каби ривожи нималарга далолат қилади? Гуруҳнинг бу каби баёноти, сизнингча, қанчалик асосли? Агар, воқеаларнинг бу каби ривожи назарда тутилса, бу - Ўзбекистон дохил бутун Марказий Осиё давлати назарда тутилганда, нимани англатади?

Камолиддин Раббимов: Улар ўзларини жамиятга эслатиб туриш учун, янги аъзолар тўплаш учун ўзларининг мана шундай реклама усуллари ҳақида ўйлашади. Бу - табиий. Лекин бу вазиятнинг издан чиқишига мутлақ олиб келмайди. Аксинча, бу - ташкилотнинг репутациясига аксарият жамият нуқтаи назаридан, аксарият мусулмонлар нигоҳида фақатгина салбий муносабатга сабаб бўлади, холос. Ўйлайманки, бунга ҳар бир давлатнинг муносабати ҳар хил бўлади. Мана, Ўзбекистонда қудратга янги ҳокимият келди. Ва Ўзбекистоннинг янги ҳокимияти олдинги Каримов давридагидан кўра бошқа оҳангни кун тартибига қўйди. Яъни, жамиятдаги ҳокимиятга нисбатан салбий муносабат жамиятдаги муаммоларнинг ҳал қилинмаганидандир, деган бир муносабат билдирилди. Яъни, ҳамма соҳада муаммолар тўпланиб қолганди. Ўйлайманки, Ўзбекистон мана бу воқеаларга репрессия билан жавоб беришга шошилмайди. Ҳозирча Ўзбекистонда кечаётган динамика бошқа томонга қараб кетаяпти. Энди, биз биламизки, Тожикистонда жамият ва ҳокимият муносабатлари шаклланиб бўлган. Ҳокимият янги эмас. Ва у ерда ҳам сиёсат ўзгармайди, ўша кўпроқ репрессив, дейишимиз мумкин, қаттиқ назорат сиёсати, дейишимиз мумкин, бу давом этаверади.

Би-би-си: Аҳамиятли нуқтаси, Тожикистон бу каби жангариларга афв эълон қилган биринчи Марказий Осиё давлати бўлганди. Яқинда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам афв тўғрисидаги фармони эълон қилинди. Воқеаларнинг бу каби ривожи эса шундан кейин кузатилаяпти-да. Бу нимага далолат қилади сизнинг назарингизда?

Камолиддин Раббимов: Йўқ, бу афвлар, албатта, ёрдам бермайди. Чунки Мирзиёев томонидан эълон қилинган афвни ҳам ўта зиддиятли, деб айтиш мумкин. У ердаги қўйилган шартлар чиқиб кетганлар бирортасининг қайтишига имкон бермайди. Афв, дегани ҳар қандай вазиятда уни кечириш ва жамиятга босқичма-босқич интеграция қилиш, яъни бирлаштириш, жамият билан яраштириш ва ўша шахс ёки гуруҳ вакилларининг муаммоларини ҳал қилишни назарда тутади. Бунинг устига биламиз, Ўзбекистонда куч ишлатар тизимларининг оҳанглари фақатгина айблов оҳанги, бу, биринчидан. Иккинчидан, Ўзбекистонда мустақил суд ҳокимияти мавжуд бўлмаган ва мавжуд эмас бугунги кунда ҳам. Яъни, ҳокимият билан, таъбир жоиз, суриша оладиган, ҳокимиятга ўзининг қўл остидаги судланаётган шахсни ҳимоя қила оладиган суд тизими Ўзбекистонда мавжуд эмас. Демакки, Мирзиёевнинг фармонини ҳам фақатгина ахборот ёки чуқур ўйланмаган бир амалиёт, тадбир, дейишимиз мумкин. Тожикистонда ҳам худди шундай вазият. Тожикистонда ҳокимиятнинг репутацияси жуда ҳам оғир. Чунки Тожикистонда худди олдинги Ўзбекистон ҳокимияти каби жамиятда экстремизм ва терроризм билан эмас, жамиятнинг диндорлик даражаси билан курашиш сиёсати йиллардан бери кузатилади. Яъники, соқол билан, ҳижоб билан, Ислом арконлари билан курашиш, дин ва виждон эркинлигига йўл қўймаслик ҳолати Тожикистонда ҳам кузатилди. Вазият мана шундай зиддиятли бўлишда давом этаверади.

Би-би-си: Минтақавий экспертлар орасида, айниқса, сўнгги йилларда Яқин Шарқда ИШИД сафларида жанг қилган Марказий осиёлик жангариларнинг ортга қайтишларидан хавотирлар янграмоқда. Айнан шу жангарилар минтақа давлатлари учун ростакам таҳдидга айланишлари мумкинлигига оид фикрлар ўртага ташланмоқда. Сиз бу борада қандай фикрдасиз?

Камолиддин Раббимов: Биласизми, менимча, чиқиб кетган ИШИД жангарилари бўлсин ёки толиблар билан ҳамкорликдаги шахслар бўлсин, Марказий Осиёдан жанубга томон исломчи жангариларга қўшилиш кўлами 1990, 2000-йилларга нисбатан кейинги даврда умуман олганда пасайди, деб ўйлайман. Чунки одамлар бу гуруҳлар жозибадорлиги, улар лойиҳаларининг ҳаётийлигининг ниҳоятда пастлигини англаб етишди. Чунки бугунги кунда Марказий Осиё давлатларида Ислом ва мусулмонлар билан боғлиқ бўлган, репрессия билан боғлиқ бўлган муаммолар кўп. Улар ҳал қилингани йўқ. Лекин жамиятдан чиқиб кетаётган мусулмон фаоллари бугунги кунда жанубга эмас, кўпроқ шимол ёки Ғарбга кетишни ўйлаши мумкин. Мана, биз кўпроқ кузатаётганимиз - Ўзбекистондан бўлсин, Тожикистондан бўлсин, улар кўпроқ Туркияга кетишаяпти. Туркияда оддий, тинч мусулмон сифатида яшашияпти. Бугунги кунда Туркияда, қисман Россияда ва Ғарб давлатларида каттагина Марказий осиёлик мигрант ва иммигрант мусулмон фаоллари тўпланиб қолишаяпти. Яъники, айтмоқчи бўлганим, вазият кучли бир зўриқиш, чайқалиш томон кетаётгани йўқ. Ўйлайманки, вазият аста-секинлик билан барқарорлашишда давом этаверади.

Би-би-си: Яъни, Яқин Шарқдан ортга қайтиши мумкинлиги айтилаётган ўзбекистонлик, Марказий осиёлик жангарилар "солиши мумкин бўлган таҳдид" нуқтаи назаридан ҳам худди шундай фикрдасиз, тўғрими? Яъни, улар бугун жиддий бир таҳдидга айланиш потенциали, салоҳияти, имкониятига эга эмас?

Камолиддин Раббимов: Эга эмас. Улар вазиятни чайқай олмайди. Улар Ўзбекистон ёки Тожикистоннинг ичида бирлаша олмайди. Бирор бир гуруҳ тузиб, вазиятни издан чиқара олмайди. Уларга бундай имконият ҳам берилмайди, уларда бундай имконият ёки куч, кўп сонли фаоллари ҳам мавжуд эмас. Яъни, бугунги кунда ИШИД обрўсизланди. Толибларнинг вазияти ҳам анчагина мураккаб. Чунки Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Тожикистон учун асосий чақириқ бу - ижтимоий муаммолар. Яъни, худди 2005 йилда Ўзбекистонда бўлгани каби ёки ҳозирги пайтда Марказий Осиё давлатларининг аксариятида кузатилувчи ишсизлик бўлсин, ойликларнинг пастлиги бўлсин, жамият ва ҳокимиятни издан чиқариши мумкин бўлган, вазиятни чайқаши мумкин бўлган асосий, марказий муаммо - ижтимоий, иқтисодий масалалардир.

Россия, Ўзбекистон ва минтақа: ИШИД Марказий Осиёга кирдими? - биринчи суҳбат

Марказий Осиё ва ИШИД: Россия Ўзбекистонни қўрқита олмайди - иккинчи суҳбат

Ўзбекистон ва Тожикистон нимадан хавотирда - ИШИД данми?

Сиз бу борада нима дейсиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek