Ўзбекистон: Ҳоким ўринбосарларига Malibu, депутатларга Apple

навоий Фото муаллифлик ҳуқуқи Troll.uz
Image caption Навоийда амалдорларга жами 8 Malibu совға қилинди

Навоий вилоят ҳокими ўринбосарларига биттадан Malibu 2 совға қилинди. Ўзбекистонда ишлаб чиқариш тўхтатилаётган люкс синфдаги Malibu 2 машиналари 302 миллион сўм ёки 32 минг доллар туради.

Умумий ҳисобда 8 та қора Malibu 2 ҳайдовчиси билан ҳоким ўринбосарларига тақдим қилинган.

"Ҳаммаси қора Malibu 2. Еттитаси ҳоким ўринбосарларига ҳамда биттаси фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғига берилди. Ҳокимнинг ўзи Toyota Prado да юради. Бошқа вилоят ҳокимлари ҳам шунақа машинада юради", дейди Навоий вилояти ҳокимлигидаги Би-би-си манбаси.

Амалдорларга совға қилинган люксиз Malibu 2 ишлаб чиқарувчи GM Uzbekistan расмий сайтида 302 062 201 сўмдан сотилмоқда.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ваъдаларга ишониб келган тадбиркор нега Ўзбекистондан қочди?

8 та машина 2 миллиард 416 миллион 497 минг сўм ёки Марказий банк курси билан ҳисоблаганда 290 минг доллардан кўпроқни ташкил қилади.

Вилоят ҳокимияти расмийси нимага айнан Malibu тақдим қилингани ва бу кимнинг ҳисобидан қилинганидан хабари йўқлигини билдирди.

Би-би-сининг яна бир манбаси Навоий шаҳар ҳокимига ҳам Malibu машинаси совға қилинганини айтди.

Олдинроқ Халқ сўзи газетаси ҳукумат депутатларга 150 дона "Apple iMac" компьютерларини олиб берганини ёзганди.

Telegram даги Журнализд канали матбуотда келтирилган компьютер маркасининг Apple расмий сайтидаги нархига солиштириб компьютерларнинг умумий нархини чиқарган.

Депутатларга олиб берилган 150 компьютер солиқ тўловчиларга 232 мингдан 267 минг долларгача тушган.

Ҳукумат бундан ташқари депутатлар учун сервер ускунаси, маълумотларни сақлаш учун иккита заҳираловчи, Windows Server 2016 ва Wi-Fi ускуналарини сотиб олиб ўрнатишини айтган.

Молия манбаси сифатида Вазирлар Маҳкамасининг заҳира жамғармаси кўрсатилган.

Октябр ойининг ўртасида kun.uz манбаси Вазирлар Маҳкамасининг заҳира жамғармаси 2018 йил учун 263,4 миллиард сўм бўлганлиги ва унинг 99,8 % сарфланиб бўлинганини айтганди.

Навоий вилояти ҳоким ўринбосарларига Malibu 2 совға қилингани ҳақидаги хабарга Facebookдаги Troll.uz саҳифаси ўқувчилари ғазаб билан муносабат билдиришган.

"Навоийдаги мактабда дарс берадиган ўқитувчи Малибу миниши учун 50 йил ишлаши керак. Агар емаса, ичмаса, нафас олмаса! Ажойиб :)", деб ёзади Troll.uz саҳифаси.

Жахонгир Ходжаев амалдорларга Malibu 2 берилганини таҳқирлаш, дея изоҳлайди.

"Улар умуман биз билан ҳисоблашишни тўхтатишдими. Нимага асосланиб, қайси пулга олишганини тушунмаяпман. Давлат бюджети дефицит билан қабул қилинди, иқтисод чок-чокидан сўкилмоқда, одамлар коммунал тўловларни беролмаяпти, буларга эса Малибу. Нима учун! Ҳақиқат қани?" - дейди у.

"Куни кеча сенатдаги депутатларга Apple IMac беришганди (адашмасам донаси 2, 5 минг $), энди зам ҳокимларга Малибу-2. Кошкийди булар катта ўзгаришлар қилиб ташласа. Шу пулларга ҳеч йўқ 2 маҳаллага газ билан сув тортиб келиш мумкин эди", дейди Abror Usarov.

Фикр билдирувчилар ҳоким ўринбосарларига нима сабабдан люкc синфдаги қиммат машиналар совға қилинганини савол остига олишган.

Айримлар Европа давлатларида амалдорларнинг хизмат машинасида эмас, балки велосипед, поезд ва автобус каби жамоат транспортларидан фойдаланишини ёзган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek