Ўзбекистон: Бош вазир Арипов марҳум президентни танқид қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFISHA MEDIA

Бош вазир Абдулла Арипов 2012 йилда ўзини ишдан олган марҳум президент Ислом Каримовнинг ишсизлик муаммосига ёндашувини танқид қилган.

Бу ҳақда Арипов 22 декабрь куни ўтган Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот-сайлов конференциясида гапирган.

Арипов марҳум президент номини тилга олмаган, аммо унинг четга ишлаш учун кетган ўзбеклар ҳақидаги "дангасалар" иборасини қоралаган.

"Чет элга ишлашга кетган одам дангаса эмиш. У ҳолда дангаса бўлмаган одамга мана шу ерда иш таклиф қил. Кейин бу бошқа гап", - дея Бош вазирнинг сўзларидан иқтибос келтирган Kun.uz нашри.

Президент Каримов 'дангасалар' ҳақидаги қарорни имзолади

Ўзбекистонда ҳар йили бир миллион иш ўрни қандай яратилади?

Меҳнат муҳожирлари ватанга қайтадими?

Ўзбекистонлик хотин-қизлар Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларининг қарийб учдан бир қисмини ташкил этиши айтилади.

Ариповнинг сўзлари меҳнат муҳожирлари борасида Ўзбекистон ҳукуматининг ўзгарган мавқеъини яна бир бор таъкидлайди.

Мирзиёев ҳукумати Россия ва бошқа мамлакатларда ишлаб, уйларига миллиардлаб доллар пул жўнатаётган юз минглаб ўзбекларнинг иқтисодиётга қўшаётган ҳиссасини тан олган.

2013 йил июнида марҳум Ислом Каримов меҳнат муҳожирларини "дангасалар" деб атаган ва "Москвада кўча супураётганлар бутун ўзбекларни шарманда қилаётгани"ни айтган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Topwar.ru
Image caption Россиядаги ўзбек мигрантларининг қарийб учдан бир қисми хотин-қизлар экани айтилади.

Каримов Ўзбекистоннинг ўзида "ҳеч ким очидан ўлмаётгани"ни қўшимча қилган.

Ўзбек матбуоти узоқ йиллар давомида меҳнат муҳожирларини "ношукур ва нонкўрлар" сифатида тасвирлаб келган.

Ислом Каримов бошқаруви даврида ҳукумат ҳар йили 1 миллиондан иш ўринлари яратилгани ҳақида ҳисоботлар бериб келган.

Сохта иш ўринлари

Ариповга кўра, мамлакат аҳолиси, жумладан, хотин-қизлар ҳукумат "шу ернинг ўзида шароит қилиб бера оламагани" учун чет элга иш қидириб кетмоқда.

"Ҳар бир аёл орзу ҳавас қилиб яшайди, бола-чақам дейди, оиласига бир нарса ташиб, олиб келай, деган ниятда бўлади. Ноиложлик кўп салбий ишларга йўл очади", - деган ҳукумат раҳбари.

Бош вазир иш ўринлари билан боғлиқ рақамларнинг сохта эканини ҳам тан олган.

"Тўртта, саккизтага бўлиб, 10 минг, 20 мингдан ойлик тўлаб, рўйхатда 8 та иш жойи ташкил этилди. Қоғозда ҳаммаси", - деб айтган Арипов.

У мавжуд иш ўринлари учун таклиф қилинаётган маошларнинг камлигини ҳам эътироф этган ва ҳукумат аъзоларини ишсизлик муаммосини ечиш йўлида жиддий ўйлашга чақирган.

"Таклиф этилаётган ишга яраша малака сўраляптими? Шунга яраша ойлик борми? Тамға қўйиш осон, ундан аввал дўппини ечиб ўйлаш керак", -деб айтган Абдулла Арипов.

Эски ҳисоб-китоблар?

Ҳукумат раҳбари ишсизлик билан боғлиқ рақамларнинг сохталаштирилишида "айрим молиячи"ларни айблаган.

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев узоқ йиллар Ўзбекистоннинг бош молиячиси бўлиб ишлаган Рустам Азимовни иқтисодий рақамларни сохталаштиришда айблаганди.

У Азимовни "ҳаётдан узилиб қолгани" ва "молия-кредит тизимини барбод қилгани" учун танқид қилган.

Гулноранинг $400 миллионли пора ишига Абдулла Арипов қандай аниқлик киритади?

Бунинг ортидан 2017 йил июнида Азимов раҳбари бўлган Бош вазир ўринбосари-Макроиқтисодий ривожлантириш, таркибий ўзгартиришлар, хорижий инвестицияларни жалб этиш комплекси раҳбарлиги тугатилиб, "Ўзбекинвест" компанияси раҳбарлигига ўтказилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gulnara Karimova
Image caption 2012 йилда Ариповнинг ҳукуматдан кетказилиши Гулнора Каримованинг бизнес келишувларига боғланганди

Шундан буён Рустам Азимов Ўзбекистон сиёсий саҳнасида кўринмайди.

Таҳлилчилар Азимовни Ислом Каримовнинг асосий меросхўрларидан бири сифатида кўришган.

Каримов бошқарувининг сўнгги йилларида Мирзиёев ҳамда Азимов ўртасида сиёсий меросхўрлик учун яширин курашларнинг давом этгани айтилади.

2016 йил сентябрида Азимов Мирзиёевнинг президентликка номзодини қўллаб-қувватлаши унинг бош вазирликка тайинланиши ва Мирзиёев-Азимов тендеми ҳақидаги фаразларга йўл очган.

Аммо Мирзиёев Рустам Азимов ўрнига Каримов даврида ҳокимиятдан кетказилган Абдулла Ариповни бош вазир этиб тайинлаган.

57 ёшли Арипов 2002 йилдан 2012 йилгача Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган.

2012 йилда унинг ҳукуматдан кетказилиши Ўзбекистон телекоммуникация бозоридаги коррупция можароси билан боғланганди.

Ариповнинг истеъфоси АҚШ ва қатор Европа давлатларида Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг бизнес келишувлари юзасидан жиноий текширувлар бошланган паллага тўғри келган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek