Ўзтрансгаз: Метан заправкалардаги навбатлар бизга боғлиқ эмас
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон: Ўзтрансгаз метан заправкалардаги навбат учун об-ҳавони айблади

Ўзбекистонда газ транспортировкаси билан шуғулланувчи "Ўзтрансгаз" жамияти водий ёнилғи қуйиш шаҳобчаларида газ етишмовчилигини об-ҳаво ва газни қайта ишловчиларга боғлади.

Ўзтрансгаз акциядорлик жамияти матбуот котиби Лаълихон Собированинг Би-би-сига айтишича, водийда метан газга юзага келган турнақатор навбатларга кунларнинг совиб кетиши сабабчи.

"Раҳбарият билан гаплашгандим, ҳаво ҳароратининг пасайгани сабаб ҳамда газ қувури Қамчиқ довонидан ўтгани сабаб газнинг оқими хоҳласак, хоҳламасак пасаяди, секинлашади. Газни қайта ишлаш алоҳида ва уни узатиш алоҳида. Бизники, яъни Ўзтрансгазники фақат тақсимотга киради", дейди у.

Расмийнинг айтишича, муаммо Ўзтрансгазга боғлиқ эмас.

"Газ таъминоти заводларидаги газ узатиш агрегатларида узилишлар бўляпти. Чора кўриляпти. Кўпроқ газ берилган жойлардан озроқ олиняпти".

Ўзтрансгаз матбуот котиби навбатда турган ҳайдовчиларга қарата газ муаммоси қанча кунда ҳал бўлишини айтолмаслигини билдирди.

"Бу нарса корхоналарга боғлиқ. Бизга қанча газ беришса, шу нарса бемалол тақсимотини қиламиз. Газ сиқилиб турган бўлса, бизда беришга имконият бўлмайди", дейди у.

Лаълихон Собирова Ўзбекистонга чет элга газ сотиш мажбуриятларида ҳам узилишлар бўляптими ёки йўқ деган саволга жавоб беролмаслигини билдирди.

Ўзбекистоннинг водий бўлгасида кунлар совуши билан метан газ заправкаларида узилишлар кузатилади.

Бир неча чақиримга чўзилиб кетадиган ва бир неча соатдан тортиб бир тунда келадиган навбатлар ҳар йили одат тусига кирган.

Навбат кутиш жараёнида асабийлашган одамлар ўртасида айрим ҳолатларда жанжаллар ҳам келиб чиқиши айтилади.

Баъзи метан газ шоҳобчаларида навбат кутётган ҳайдовчиларни чалғитиш учун халқ ўйинлари ташкил қилинади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek