2018: Очилган Ўзбекистон ва ёпилган Фэйсбук - матбуотдаги трендлар

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Ўзбекистон: 2018 Facebook ва YouTube ёпилган йил бўлди

2018 йил Ўзбекистонда Ислом Каримов вафоти ортидан эркинлаша бошлаган матбуот учун зиддиятларга тўла бўлди.

Бир томондан, давлат тўнтаришига уринишда айбланган журналист Бобомурод Абдуллаев суд залидан озод қилинган бўлса, иккинчи тарафдан, қатор блогерларнинг 15 суткалик қамоққа ташланиши сўз эркинлиги борасида қарама-қарши муждаларни берган.

Шу йилнинг сентябрида Facebook ва YouTube сайтларига киришда муаммолар пайдо бўлди, кейинроқ муаммолар мунтазам тус олди ва улар буткул очилмай қолди.

Бобомурод Абдуллаев суд залидан озод этилди

Ҳибсдаги блогерлар: Ўзбекистон Каримов даврига қайтмоқдами?

Ўзбекистон: Интернет тезлиги ошади, аммо Facebook ва YouTube ҳали очилмайди

Ҳукумат Facebook ва YouTube блокланганини рад этди, аммо то ҳануз маънили изоҳ беролгани йўқ.

Би-би-си матбуотдаги трендлар ҳақида таниқли журналист ва собиқ депутат Карим Баҳриев ҳамда блогер, ziyouz.com асосчиси Давронбек Тожиалиевларнинг фикрини сўради.

2018 йилда сўз ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ айрим муҳим саналар қуйидагилар эди:

3 февраль. 55 ёшли журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Дилмурод Саййид 9 йиллик қамоқдан сўнг озодликка чиқарилди.

22 февраль. Журналист ва мухолифатдаги "Эрк" партияси фаоли Юсуф Рўзимуродов Чирчиқдаги 64/6-сонли қамоқхонадан озод этилди. У қамоқда 19 йил ўтирди.

7 май. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди журналист Бобомурод Абдуллаев ва яна уч кишини суд залидан озод этди.

20-30 июнь. Kun.uz, xabar.uz, qalampir.uz, azon.uz ва кейинроқ sof.uz сайтларига киришда муаммолар пайдо бўлди. Kun.uz таҳририяти ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги юзага келган вазиятни техник носозлик билан изоҳлади.

27 июнь. Президент Шавкат Мирзиёев матбуот ходимларини касб байрамлари билан табриклади. Давлат раҳбари журналистларни матбуотни сўзда эмас, амалда "тўртинчи ҳокимият"га айлантиришга чақирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Журналист Бобомурод Абдуллаевнинг суд залидан озод этилиши матбуот эркинлиги борасидаги умидларни кучайтирганди.

16 июль. Дунё бўйича қамоқда энг узоқ ўтирган журналист Муҳаммад Бекжон АҚШнинг Сиэтл шаҳрида қарийб 20 йиллик айрилиқдан сўнг фарзандлари билан кўришди.

24 августь. Фэйсбукда асосан диний-маърифий мавзудаги постлари билан танилган блогерлар - Адҳам Олимов, Миразиз Аҳмедов, Дилшод Халилов ва яна уч киши ҳибсга олинди. Уларнинг ҳаммаси шошилинч ва ёпиқ маҳкамаларда 15 суткалик маъмурий қамоққа маҳкум этилди.

3 сентябрь. АҚШда жойлашган Ҳьюман Райтс Уотч инсон ҳақлари ташкилоти блогерларнинг қамоққа ташланишини қоралади, ҳукуматни улар билан мулоқот олиб боришга чақирди.

3 сентябр. Facebook ижтимоий тармоғига киришда муаммолар пайдо бўлди.

6 сентябрь. Ўзбекистон ҳукумати интернетда ахборот хавфсизлигини такомиллаштиришга доир қарор чиқарди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган веб-сайт ёки блогерларнинг саҳифалари суд қарорисиз ёпилиши мумкин.

8 сентябрь. Ўзбекистонда биринчи хусусий ахборот агентлиги Turon24 очилди.

10 сентябрь. Халқаро телекоммуникация тармоқларига уланишни назорат қилувчи ва интернет соҳасида монополиячи ҳисобланган "Ўзбектелеком" ширкати Facebook ижтимоий тармоғидаги узилишларга алоқаси йўқлигини айтиб чиқди.

11 сентябрь. Қамоқдаги блогерлар озод этилди.

22 сентябрь. Facebookда танқидий чиқишлари билан танилган Наманган вилоят кенгаши депутати Олимжон Тўхтаназаров "фирибгарлик" ва "пора бериш" айблари билан ҳибсга олинди. ДХХ депутатнинг иқрори акс этган видеолавҳани намойиш қилди.

3 октябрь. Президентнинг матбуот котиби Комил Алламжонов лавозимидан олинди. Матбуотда Алламжонов "давлат хизмати давомида соғлиғи ёмонлашгани туфайли ўз хоҳиши билан" эгаллаб турган лавозимларидан озод этилишини сўраб мурожаат қилгани айтилди.

Image caption 8 октябрь куни Францияга сафар қилган Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Би-би-си фаолиятига рухсат берилишини айтди.

4 октябрь. Ўзбекистонда YouTube портали ишламай қолганди. Шу куннинг ўзида сайт фаолияти қисман тикланди, аммо узилишлар билан ишлай бошлади.

5 октябрь. "Youtube" умуман очилмай қолди.

8 октябрь. Францияга сафар қилган Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Би-би-си фаолиятига рухсат берилишини айтди.

18 октябрь. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олимжон Умаров Facebook ва YouTube видеохостингига киришдаги муаммолар ташқи интернет ўтказувчанлиги ҳажмини оширишга мўлжалланган янги ускуналарни ўрнатиш ишлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтиб чиқди.

1 ноябрь. Таниқли адиб ва собиқ сиёсий маҳкум Мамадали Маҳмудовнинг "Қоронғу тунда чақнаган чақмоқлар" сарлавҳали мақоласини чоп этган "Адабиёт газетаси"нинг бутун тиражи сотувдан олиб қўйилди. Мақолада мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси етакчиси, шоир Муҳаммад Солиҳнинг 1999 йилги Тошкент портлашларига алоқаси йўқлиги айтилганди. Газета ношири ва муҳаррири Бахтиёр Каримов ДХХни матбуога босим ўтказишда айблади.

12 ноябрь. Ўзбекистон давлат хабар агентлиги - ЎзА Мамадали Маҳмудов билан видеосуҳбатни эълон қилди.

14 ноябрь. Ёзувчи Мамадали Маҳмудов ва шоира Гулчеҳра Нуруллаева Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига тикланди.

28 ноябрь. Президентнинг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У журналистлар ва сўз эркинлигини ҳимоя қилишни агентликнинг асосий вазифасига айлантиришга ваъда берди.

30 ноябрь. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистонда интернет тезлиги 10 баробар оширилганини эълон қилди. Facebook ва YouTubeга кириш муаммоси Ўзбекистонда Интернет тезлигини ошириш йўлида бажарилаётган техник ишлар билан боғлиқ экани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

1 декабрь. Интернет тезлиги, кутилганидек, 10 баробар ошмади. Facebook ва Youtube очилмади. VPN иловаси оммалашди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek