Ўзбекистон: Мирзиёевнинг парламентга Мурожаати - сиёсий ислоҳотлар кутиб туради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Matbuot Xizmati

Президент Шавкат Мирзиёев "келаётган йилнинг бош ҳужжати" деб номлаган Мурожаатида ижтимоий-иқтисодий соҳада бошланган ислоҳотларни жадаллаштириш ва ҳукуматнинг парламент олдида ҳисоб бериш тизимини йўлга қўйиш ҳақида гапирган.

Ўтган йили бўлгани каби, 2019 йилда ҳам туб сиёсий ислоҳотлар кутилмайди.

Президент биринчи Мурожаатидан фарқли ўлароқ, аҳолининг газ ва свет сингари муаммолари ҳақида батафсил тўхталмаган, аммо "халқнинг ҳозиргидан яхшироқ яшашга ҳаққи борлигини" айтган.

У ҳукумат кўпгина долзарб ижтимоий муаммолар қаршисида ожиз қолаётганини тан олган.

Мирзиёев "мудраб ётган" депутат ва сенаторларни танқид қилди

Мирзиёев: "Миллий хавфсизлик хизмати ислоҳ қилинади"

"Иноятовнинг Мирзиёевга зарар етказиш имконияти бор"

"Халқимизнинг бундан яхшироқ яшашга ҳаққи бор, фақат биз имконият яратмаяпмиз, бу бизнинг айбимиз", - деб айтган давлат раҳбари.

Президент аҳоли юз тутган ижтимоий муаммоларни мамлакатга хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш йўли билан ҳал қилиш мумкинлигини айтган.

У 2019 йилни"Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" деб эълон қилган.

"Инвестицияларнинг сўнгги мақсади — Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир инсоннинг ҳаёт даражасини оширишдан иборат", -деб айтган Мирзиёев.

"Оғир, аммо ҳал қилувчи йил"

Президентга кўра, иқтисодиётда давлат улушини кескин қисқартириш зарур.

Унинг айтишича, айниқса, нефт ва газ соҳасида давлат иштирокининг юқорилигича қолаётгани мамлакатга бозор механизмлари воситасида зарур инвестициялар жалб этишни қийинлаштирмоқда.

Президент яширин иқтисодни очиққа чиқариш ва монополияларга берилган имтиёзларни бекор қилиш юзасидан чоралар кўрилишини айтган.

"Ҳозирда Ялпи ички маҳсулотда яширин иқтисодиётнинг улуши катта. Бу мамлакат ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Яширин иқтисодиёт улуши катта эканини депутатлар ҳам, бошқалар ҳам, ҳамма яхши билади. Ёки иқтисодиётни ривожлантириш керак, ёки эски тос-ҳаммом бўлиб юраверишимиз керак", -, деб айтган Мирзиёев.

У ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилиши кутилаётган ислоҳотларнинг мураккаблигини айтиб, яна бир марта Ўзбекистон халқини олдинда турган қийинчиликлардан огоҳлантирган.

Мирзиёевга кўра, 2019 йил "жуда оғир, аммо ҳал қилувчи йил" бўлади.

Президент энг кам ойлик иш ҳақи ва пенсия тизими қайта кўриб чиқилиши, ерни сотишга рухсат берилишини айтган.

У шунингдек, ҳукуматга 2030 йилгача мамлакатнинг урбанизациялаш даражасини 60 фоизга чиқариш ҳақида топшириқ берган.

Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрида парламентга қилган илк мурожаати Мирзиёев ислоҳотларига қаршилик қилаётгани айтилган МХХдаги қатор генералларнинг истеъфоси ва қама-қамалар манзарасида янграганди.

Мурожаатдан кўп ўтмай, МХХ раиси Рустам Иноятов истеъфога чиқарилган ва махсус хизматлар қайта ташкил этилган.

Бу йилги Мурожаат арафасида Мирзиёев ДХХнинг Тошкентдаги янги қароргоҳини бориб кўрган ва унинг жанговарлигини кўздан кечирган.

Сиёсий ислоҳотлар

Президент Мирзиёев ҳукумат аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф этган.

Икки ой ичида тасдиқланиши кутилаётган амалиётга мувофиқ, фақат бош вазир эмас, балки Вазирлар Маҳкамасининг қолган аъзолари ҳам парламент томонидан тасдиқланади.

"Ҳозирги кунда Конституцияга мувофиқ парламент бош вазирни тасдиқлайди. Лекин, вазирларни лавозимга қўйишда қатнашмайди. Шунинг учун Ҳукумат аъзолари парламент олдида масъулиятни етарли даражада ҳис этаётгани йўқ. Шу боис Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Олий Мажлис томонидан тасдиқлаш амалиётини киритишни таклиф этаман", деб айтган президент.

Давлат раҳбари бу парламентга топшириқ эмас, балки "тавсия" эканини таъкидлаган ва шу йўл билан ҳокимият бўлиниши тамойилларига амал қилишнинг муҳимлигига ишора қилгандек туюлган.

Президент таклиф қилган ўзгаришларга мувофиқ, ҳокимларнинг маҳаллий кенгашларга раислик қилиш амалиётига ҳам барҳам берилади.

Ҳозирда жойларда ҳокимлар ҳам ижро ва ҳам қонун чиқарувчи ҳокимиятни назорат қилади.

Аммо Мирзиёевнинг таклифи унинг ўзи 2016 йил декабрида айтган ҳокимларни сайлаш тажрибасига қадар етмаган.

Ҳукуматнинг парламент олдида ҳисоб бериш тизимига ўтиш билан боғлиқ ислоҳотлар 2011 йилда бошланган, марҳум Ислом Каримов буни сиёсий либераллашув дея тақдим қилган эди.

Мирзиёев Каримовдан қолган ёпиқ сиёсий тузумни очиш юзасидан қатор муҳим қадамларни қўйган, аммо ҳозирга қадар йирик сиёсий ислоҳотлар режаси эълон қилинмаган.

Мамлакатда сўз ва ифода эркинлиги ҳануз чекланган, сиёсий мухолифатнинг фаолияти тақиқланган.

Ҳукумат ҳануз фуқароларнинг тинч намойишлар ўтказишига рухсат бермайди.

Мирзиёевнинг либерал ислоҳотлар кун тартибига қарамасдан, бутун ҳокимият ҳануз президент қўлида жамланган ва кўп фикрли демократияга ўтиш сари жиддий сиёсий қадамлар кўринмайди.

Президент ўз нутқида яна бир марта мавжуд сиёсий партияларни фаолликка ва халқни уйғонишга чақирган.

Шу йил июлида парламентда қилган чиқишида Мирзиёев мамлакатда демократия қарор топмаганини эътироф этган эди.

Президент мурожаати унинг Facebook даги расмий саҳифасида жонли намойиш этилган.

Ўзбекистонликлар бир неча ойдирки, Facebook ва Youtubeга фақат VPN иловаси орқали кира оладилар.

Электр таъминотидаги муаммолар ҳам инобатга олинса, аҳолининг аксар катта қисми президентнинг нутқини жонли томоша қилиш имконига эга бўлмаган бўлиши мумкин.

Мирзиёев ўтган йили интернет тезлигини ошириш зарурлиги ҳақида гапирганди, аммо бу йил интернет мавзусини четлаб ўтган, фақат нутқнинг инвесторлар қисмидагина инвестор Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни интернетдан қидиришини айтиб ўтган, холос.

Ҳукумат Facebook ва Youtubeга киришдаги муаммоларга алоқаси борлигини рад этиб келади, аммо ҳозирга қадар бу борада маънили изоҳ бермаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek