Швеция: Яна Ўзбекистон фуқаролари террорчиликда айбланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи JONATHAN NACKSTRAND/Getty Images
Image caption Швеция учун ўзбекистонликлар хавфи нотаниш эмас

Швеция матбуотидаги хабарларга кўра, пайшанба куни мамлакат прокуратураси уч кишига нисбатан Швецияда террор амалиётини амалга оширишни режалаш айбловини қўйди.

Олти киши устидан ўтаётган тергов ишида айбланувчилар Ўзбекистон ва Қирғизистондан экани, ҳамда ёшлари 30 ва 46 ўртасида экани хабар қилинади.

Прокуратуранинг айтишича, агар террор ҳужуми амалга ошса, йирик шикаст ва талафотларга етаклаган бўларди.

Уч киши "инсонларни ўлдириш ва яралаш мақсадида кўп миқдорда кимёвий моддалар ва бошқа жиҳозларни қўлга киритиш ва сақлаш"да гумон қилинмоқда.

Олти кишининг барига терроризмни молиялаш айби ҳам қўйилган. Прокурорлар уларни ўзини Исломий Давлат деб атовчи гуруҳга пул юборишда айблашмоқда.

Маҳкама иши 7 январда очилиши кутилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи crimescenedb
Image caption Раҳмат Оқилов (ўнгда) 2017 йилги ҳужумида беш кишини босиб ўлдирган

Айбланувчиларнинг барчаси айбловларни рад қилишмоқда.

Ўзбекистон ва Қирғизистондан экани айтилган олтовлоннинг Швецияда қандай асосда яшаб келаётганлари ҳозирча номаълум.

Олти кишидан беш нафари апрель ойида Швециянинг Стромсунд шаҳрида ўтказилган полиция рейди чоғида қўлга олингандилар. Олтинчи киши ҳибсда эмаслиги айтилади.

Рейдга гувоҳ бўлган қўшнилар Dagens Nyheter газетасига полиция бир уй четидаги омбордан 15та йирик пластик контейнерларни чиқариб олганини айтишган.

Dagens Nyheter газетасига кўра, шубҳаланувчиларнинг камида бир нафари Раҳмат Оқилов билан алоқада бўлган.

Самарқандлик 40 яшар Раҳмат Оқилов 2017 йил апрелида Швеция пойтахти Стокгольмда одамлар устига юк машинасини ҳайдаб беш кишини ўлдирганди. У жорий йил июнида бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Швециядаги ўзбек ҳужумчи изидан

Швеция ўзбеклари: "Бошимизни кўтариб юролмай қолдик"

Гулнорага "пора берган" швецияликлар судга тортилмоқда

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek